ИЧИМ ТЎЛА ҚИРИНДИ
Онгимда минг бир хаёл,
Ичим тўла қиринди.
Мирзо ОЗОД,
“Cарлавҳасиз шеър”.
Миям ўйлаб ғовлади:
Қара, ичим кўринди,
Ўтган йили еганим
Бўлиб қопти чиринди.
Менда ўзи калла йўқ,
Аямасдан қоринни,
Бирпасда еб ташлабман
Бир тоғора норинни.
Кириб олган ичимга
Қази билан думба ҳам.
Ичимдай зўр портламас,
Ҳатто атом бомба ҳам.
Ачқимтил бир ҳиддан
Ололмайман ҳеч нафас.
Яқин келсанг ёнимга
Тақиб ол противагаз.
ЕГАНИМ ИЧИМГА ТУШМАЙДИ
Еганим ичимга тушмайди, нетай,
Дардларим, жонгинам, кимларга айтай?
Шуҳрат ТОИРОВ, “Изҳор”.
Қанча овқат емайин,
Қорним сира шишмайди.
Кўп ғалати, еганим
Ҳеч ичимга тушмайди.
Ёшлигимдан шунақа,
Иштаҳаси зўрман мен.
Кавшанаман ҳар доим,
Жуда овқатхўрман мен.
Оғзимга солиб роса,
Чайнаганим биламан.
Қорнимда ҳеч вақо йўқ,
Ушлаб кўриб, куламан.
Еб тўймайсиз деб мени,
Хотиним ҳам уришар.
Шунча еган овқатим,
Билмам, қаерга тушар?
Борган эдим табибга,
Қорнингиз ўра, деди.
Билади Шуҳрат Тоир,
Ўшандан сўра, деди.
ИШОН МЕНИНГ СЎЗИМГА
Ўзингни ҳеч аяма,
Сувга ташла, ур ўтга.
Жаҳонгир НОМОЗОВ,
“Ўзингдан ўзингни қутқар”.
Битталаб юл сочингни,
Қолдирмай тер қошингни,
Тухумдай қил бошингни,
Шафқатсиз бўл ўзингга!
Бўғиб олгин бўйнингдан,
Итга жой бер қўйнингдан,
Кетиб қолгин уйингдан,
Туфла ўзинг юзингга!
Чўп тиқиб ол кўзингга,
Сўкиш қўшгил сўзингга,
Заҳар солгил тузингга,
Бомба қўйгил изингга!
Азобга тутиласан,
Ўзингдан қутиласан,
Мағлуб бўп ютиласан,
Ишон Раззоқ сўзига.
СОҒИНИШ
Мен сени соғиниб яшайман,
Сен эса ўзгалар қўйнида.
Масиҳуллоҳнинг
“Дарахтдан тўкилди япроқлар” шеъридан.
Турган эдим кўчада,
Дўстим билан чекишиб.
Кўчадан ўтиб қолдинг,
Бир йигит-ла ўпишиб.
Дарҳол дедим дўстимга:
“Соғингандим тозаям.
Яхшиям ўтиб қолди,
Безовтайдим росаям”.
Абдураззоқ ОБРЎЙ