ЯНА БИР НОМАЪЛУМ ШОИРИМИЗ
Ўзбек адабиёти қадимий ва бой тарихга эга. Шунга қарамай, кўҳна тарихнинг жумбоқлари ҳам оз эмас. Тарихнинг зарҳал саҳифаларида номлари сақланиб қолган кўпгина адибларимиз борки, айримларининг ижодий мероси ҳақида ҳали-ҳануз бирор маълумотга эга эмасмиз.
Шу пайтгача номлари ҳатто бирор манбада қайд этилмаган ижодкорлар ҳам оз эмас. Масалан, Айюб деган ном ёки тахаллус билан ижод қилган шоирларнинг бир нечтаси маълум бўлса-да, уларнинг қаторида яна битта шу ном эгаси борлиги ҳеч кимнинг хаёлида ҳам йўқ эди. У ҳақда турли даврларда яратилган тазкира ва баёзларда ҳам бирор хабар ёки ишора, ижодидан намуна борлиги бизга маълум эмасди.
Туркияга қилган илмий сафарларимиздан бирида шундай воқеа содир бўлди. Биз мамлакат пойтахти Анқара шаҳрида Турк тили куруми анжуманида иштирок этдик. Анжуман ташкилотчилари йиғилиш ўтадиган муҳташам бино фойеларида китоблар кўргазмасини ташкил этишган экан. Катта қизиқиш билан кузатдик. Ҳар бир экспонатни, ҳар бир обиданинг ўзи ёки унга бағишланган кўплаб тадқиқотларни кўрдик. Табиийки, бизни кўпроқ қадимги туркий адабиётга алоқадор экспонатлар ўзига жалб этган эди.
Улар орасида “Турк диллари араштирмалари (тадқиқотлари)” туркумидаги китоблар ҳам бор экан. Уларнинг бир неча жилди ёнма-ён қўйилган. Мундарижалари билан танишдик. Бешинчи жилдни варақлай бошладим. Бир ўзбек шоир ҳақидаги “Айюб ва чиғатойча шеърлари” деб номланган мақолага кўзим тушди. Ўқиб чиқдим ва янги бир шеърлар туркуми билан танишдим. Дастлабки мулоқотнинг ўзиёқ ўзбекнинг яна бир серзавқ шоири ижоди билан танишаётганимиздан белги бериб турарди.
Анқарадаги соҳадош дўстларимиз ёрдами билан тадқиқот муаллифи Зуҳал Қарги Ўлмаз билан танишдик. Ёш тадқиқотчи қизиқишимизни кўриб, тўпламнинг ўз тадқиқотларига доир қисмини бизга тақдим этди.
Айюбнинг бу қўлёзмаси Гёттинген (Германия) университети кутубхонасида Cod, Ms. Turk 4b рақами остида сақланар экан. У Абулғози Баҳодирхон қаламига мансуб “Шажараи турк” асарининг қўлёзмасига илова қилинган. Нусханинг илк саҳифасида асар ҳақида шундай маълумотлар берилган: “Шайбоний хонларининг тарихи ва сўйоғочи”. Охирида Ўрта Осиё туркий лаҳжасида ёзилган бир шеър бор. Жами 1559 вароқ. Қаҳва рангли қоғоз. Жилди қирмизи рангли, теридан, ҳажми 21,3 х 1 см. Таълиқ. Ҳижрий 1550, милодий 1737 йил.
Мазкур рақамларга эътибор қилинадиган бўлса, адибнинг XVII асрнинг иккинчи ярмида туғилганини тахмин қилиш мумкин.
Тадқиқотчи таъкидлашича, Айюб шеърлари ёзилган қоғоз “Шажараи турк” ёзилган қоғозга қараганда бироз нафисроқ. Бундай фарқ Айюб шеърлари “Шажараи турк” қўлёзмасига кейинчалик қўшилганидандир, деган мулоҳазага ундайди. Шунингдек, тадқиқотчи “Шажараи турк” ва Айюб шеърларининг котиби бир киши эмаслигини айтди. Тадқиқотчи шоир шеърларининг асосан бир давр доирасида, ғазал жанрида битилганини ва орасида мухаммас намунаси борлигини қайд этди.
Қўлёзмада айрим ноқисликлар бор. Жумладан, айрим сатрларнинг ёзилишида хатоликлар учрайди. Тадқиқотчи ҳам буни алоҳида қайд этган.
Айюб шеърлари билан илк танишув унинг кўпроқ ҳасби ҳолатига рағбати борлиги ҳақида тасаввур уйғотади. Китобда 17та ғазал, битта мухаммас бор ва барчасида мана шу тамойил кучли.
Қўлёзмадаги шеърлар 327 мисрадан иборат.
Ҳозирча Айюбнинг туғилган ва яшаган жойи, замони ҳақида узил-кесил хулосага келиш мушкул. Унинг самимий, кўнгли очиқ шоир бўлганини айтиш мумкин. Шеърларида айрим техник нуқсонлар кўзга ташланади. Бу, эҳтимол, фақат котибга дахлдордир.
Шеърларда ўғузча унсурларнинг учраши, балки адибнинг Хоразм билан боғлиқлигини тасдиқласа ажаб эмас. Ҳар ҳолда қўлёзманинг Хоразм ҳукмдори асари билан бир муқовада бўлиши бежизмасдир.
Шеърлардаги умумий мазмун моҳиятига қараганда, муаллифнинг анча улуғ ёшда экани, унинг Собир исмли ўғли тақдир тақазоси билан барвақт вафот этгани маълум бўлади. Шеърларнинг аксариятида мана шу бевақт ўлим изтироблари ўз ифодасини топган.
Айюбнинг шеърлари, асосан, рамал ва ҳазаж вазнларда битилган. Нозик дид ва маҳорат билан битилган мисралар анчагина. Ҳозирча мана шу маълумотларни билдириш билан кифояланамиз. Ҳассос шоиримиз Айюб ижодидан айрим намуналарни ҳозирги ёзувимизга ўгириб, газетхонларимиз – мумтоз адабиётимиз ихлосмандларга ҳавола этмоқдамиз.
Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори,
Бўлмишам ғам зулматида лолу ҳайрон мен ғариб,
Ул сабабдиндур қилурмен оҳу афғон мен ғариб.
Мубтало бўлдим қафасда булбули бечорадек,
Кеча-кундуз нола айлаб дийдагирён мен ғариб.
Сендин ўзга, ё Раб, ҳеч бир кимса билмас ҳолими,
Ҳасрат ўти бирла дойим бағри бирён мен ғариб,
Кўзларимдин қон тўкуб, оҳ урсам йиғлаб айб эмас,
Топмадим оламда ҳеч дардимға дармон мен ғариб.
Тонг эмас оламни куйдирса Мажнун қиссаси,
Бу фалакнинг илгидин, кўрким, не достон мен ғариб.
Ўтмай умринг чарх элидин бир кун, Айюб, шод ўлуб,
Қилмадим оламда бир сайри гулистон мен ғариб.
Кетарсан дунёдан ёлғуз, етушса гар қазо дерлар,
Бўлур имонинг ҳамроҳ, гар ризо бўлса Худо дерлар.
Бу дунёда ўғул-қиз, молу мулку хонумонингдин
Бўлурсен неча бўлсанг меҳрибон, охир жудо дерлар.
Ибодат қилмақа дунёға келтурди сени маъбуд,
Қила кўр Ҳақ йўлинда сен азиз жонинг фидо дерлар.
Тамоми ўтса умринг масъиятда тавбасиз жонни
Қиёмат кун балоларга бўлурсен мубтало дерлар.
Худо даргоҳида қилғон гуноҳимнинг ёмонидин
Агар ёлғон десанг бўлғон тамом аъзо гуноҳ дерлар.
Билиб-билмай бу дунёда ёмон-яхши амал қилсанг,
Нечук қилмишингга лойиқ берур тонг-ла жазо дерлар.
Эй кўнгул, ҳар булҳавасни ўзинга ёр айлама,
Ўз-ўзинг ғам тиғи бирла кўнглунг озор айлама.
Ҳар вафосиздин вафо истаб йўлинда жон чекиб,
Нақди умринг сарф этиб султон бошинг хор айлама.
Эй кўнгул, сен сайд этай деб бевафолар кўнглини,
Жон қушин доми балоларға гирифтор айлама.
Пандим олғил натовон, меҳнатзада, ғамгин кўнгул,
Ҳар етар-етмасни дўст деб сирринг изҳор айлама.
Дўстлиғ ваъда қилиб турса агар мардонавор,
Душманинг ҳам бўлса, андин тарки дийдор айлама.
Нолишнинг ноаҳл элига қилмади ҳаргиз асар,
Тўтиқушдек ёлбориб юзинг била зор айлама.