June 15, 2023

МАХТУМҚУЛИ ФИРОҒИЙ — ИЖОД ЭРКИНЛИГИ ТИМСОЛИ

Бухорода буюк туркман шоири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан “Дунёга садо бераётган Махтумқули” деб номланган халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Туркманистон миллий қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда олимлар, шоир-ёзувчилар, туркман миллий маданият маркази фаоллари, Бухоро давлат тиббиёт институтининг туркманистонлик талабалари иштирок этди.

Тадбирда Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Язгули Маммедов, республика туркман миллий маданият маркази раҳбари Гулдона Авезтурдиева, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ва бошқалар сўзга чиқди. Буюк туркман шоири, мутафаккири Махтумқули ижоди ўзбек ва туркман халқларининг дўстлик тимсоли эканлиги таъкидланди.

Эътироф этилганидек, ўзбек ва туркман халқлари асрлар давомида қон-қардош миллатлар сифатида ўзаро дўстлик ва маданий ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаб келмоқда. Махтумқули каби улуғ туркман шоирларининг Алишер Навоий, Бобур ва Машраб каби ўзбек шоирларини ўзларига устоз деб билганлиги, айниқса, туркман булбули Махтумқулининг Бухоро мадрасаларида таҳсил олганлиги ҳар биримизга фахр-ифтихор бағишлайди.

Сўнгги йилларда иқтисодий ва маданий ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди. Икки мамлакат давлат раҳбарларининг ўзаро дўстона муносабатлари икки халқни бир-бирига яқинлаштирди. Айниқса, ён қўшни бўлган Бухоро ва Лебап вилоятлари ўртасидаги иқтисодий-маданий ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Ашхобод” боғи, Махтумқули ҳазратлари шарафига ўрнатилган ёдгорлик барельефи, ўз навбатида, Туркманистон пойтахтида барпо этилган “Тошкент” сайилгоҳи, икки мамлакат ўртасидаги серқирра ҳамкорлик муносабатлари – бунинг ёрқин далилидир.

Бу ҳамкорлик алоқалари маърифатпарвар боболаримизнинг асрий орзуси, улар интилган буюк қадрият эди. Шу маънода, улуғ шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғий даҳоси туркман эли учун қанчалик азиз ва суюкли бўлса, ўзбек халқи учун ҳам шунчалик ардоқлидир.

Бинобарин, Туркман элида ҳазрат Алишер Навоийнинг “Одами эрсанг, демагил одами, ониким, йўқ халқ ғамидин ғами” деган ўлмас ҳикмати қанчалик машҳур бўлса, ўзбек халқи орасида буюк Махтумқулининг “Эр йигитнинг аслин билай десангиз, Аввал ваъдасинда туришин кўринг”, “Таълим берган устозингдан айрилма” каби пурмаъно ҳикматлари шунчалик маълум ва машҳурдир.

Қолаверса, Бухорода ўзига хос Махтумқулишунослик мактаби ҳам шаклланган. Бу жиҳатдан, Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари томонидан улуғ шоир ижодига бағишлаб яратилган мақола ва тадқиқотлар алоҳида аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, бухоролик ижод аҳли Махтумқули шеърларини ўзбек тилига таржима қилиш борасида ҳам алоҳида ташаббускорлик кўрсатмоқда. Бу борада Эргаш Очилов, Муҳаммад Пир­риев, Жуманазар Дўлиев, Абдунаби Ҳамро, Муҳаммад Азим каби ижодкорларнинг Махтумқули ижодидан қилган гўзал таржималари диққатга сазовордир.

Анжуманда “Махтумқули ижодида соғлом турмуш масалалари”, “Махтумқули Фироғий таълимотининг илдизлари”, “Махтумқули ва Бухоро”, “Махтумқулининг адабий қарашлари”, “Махтумқули Фироғий – ижод эркинлиги тимсоли”, “Нафс – Махтумқули талқинида” каби мавзуларда олимлар, ёзувчи ва шоирларнинг маърузалари тингланди.

Халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари Бухоронинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари билан таништирилди.

Зариф КОМИЛОВ,

ЎзА мухбири