АНТИҚА ҚОБИЛИЯТ
Раҳматли бувим жуда билгич эди-да. Ўгитларига амал қилиб сира кам бўлмадим. Ҳамма ёқда дўстларим кўп. “Душманнинг бети қурсин. Йўқ бўлгани дуруст, – дерди бувим. – Ҳа энди, яшагандан кейин қойиллатиб яшаш керак–да!”
– Ошна, мен сен учун жонимни беришга тайёрман, – деб турган Боқивойнинг уйида бир ҳафта текинга ишлаб бердим. Раҳматни қуюқ қилди.
– Сиз билан қиёматли дўстмиз, – деб бағрига босди.
Кейин десам, анави Ўлмасхоннинг ҳам менга кўнгли бор шеккили, қачон қарамай йўлимни пойлайди. Ҳамкасбмиз-да, бир куни тушликка таклиф қилдим. Шашлик-сомса дегандай, роса ёғини оқизиб едик.
Менга турмушга чиқишга рози бўлди. Бахтимдан айланай.
Катта тоғам ҳар кўрганда уйига таклиф қилгани қилган.
– Жиян, бир уйимизга ўтгин, ош дамлаб бераман, – дейди нуқул.
Шундай масрур ва мамнун юрган кунларимнинг бирида ярим кечаси тушимга бир оқ соқолли киши кирди.
– Болам, сенинг қалбинг тоза, дилинг пок, шунинг учун сенга бир ажиб хислат ёр бўлади. Шу туфайли оқу қорани таниб оласан, – деди у менга.
Бирдан уйғониб кетдим. Қарасам, тонг ёришибди. Кел, шу бугун тоғамникига борай, дилдан суҳбат қилай, деб йўл олдим. Йўл-йўлакай дўконга кирдим. Кутилмаганда ўзимда ғалати бир хислат пайдо бўлганини сездим. Дўкончи Азимбой менга иршайиб турарди. Фикрини уқа бошладим.
“Туришини қара, сўтак, – дерди хаёлан Азимбой, – оёғидаги туфлиси йиртилибди. Пули йўқдир-да!”
Англадиму оёғимга қарадим. Буни кўриб дўкончининг юзи қизарди.
– Бугун янгисини оламан, – дедим унга.
– Мен бир нарса деяётганим йўқ, ука, – деди сири очилган Азимбой.
Дўкондан ҳафсалам пир бўлиб чиқдим.
Тоғамникига борувдим, роса кўтар-кўтар қилиб кутиб олди. Яна фикр уқишни бошлаб юбордим.
“Кел деса, келавераркан-да, майли, бир томони яхши бўлди, уйимни таъмирлатиб оламан, мендан пул сўролмайди, хижолат чекади”.
Тоғамнинг хаёлидан ўтган фикрларини билсам-да, индамадим. Тоғам ош дамлади. Бирга товоқ тўла паловни тушириб турувдик, хотини Сунбулхон янгам келиб қолди.
– Вой, Солижонми, келинг укажон, хайрият-ей, бизни ҳам йўқлар экансиз-ку! – деди у меҳри ийиб. Бироқ кутилмаганда миям ишлаб кетди.
“Уф, қачон қарама текинтомоқ уруғлари уйимизда, шулардан жуда тўйдим-да. Текин деса, паққос туширади ҳаммаси”.
Сунбул янгамнинг хаёлидан кечганларининг нуқта-вергулигача ўқиб, томоғимдан ош ўтмай қолди.
– Менинг, – дедим дудуқланиб, – қорним тўқ.
– Ош бўлсин, Солижон, ош бўлсин, – деди янгам жилмайиб. – Бир келибсиз-да, уйингиздагилар тузукми?
Тавба, наҳотки янглишган бўлсам. Қаёқдаги бемаъни хаёлни деб сал бўлмаса, қовун тушириб қўй дедим-а.
Шундоқ ўйлаб турувдим бирдан яна ғайритабиий куч исканжага олди. Янгамнинг фикридан сесканиб кетдим.
“Шу текинтомоқлардан қачон қутилар эканман-а!”
– Тоға, қўлим тегса уйингизни таъмирлаб берарман, ишонинг, бир келаман, – деб ўрнимдан дик этиб турдим. Шунда беихтиёр тоғамнинг дилидан кечган фикрдан кўнглим хижил бўлди.
“Жуда априст экан-ку, ошни паққос туширдинг, хотинимдан балога қоламан. Кетиб қолма энди”, ўйларди тоғам…
Бировнинг фикрини уқиш оқибати ёмон экан. Буни Соқивойнинг ишхонасига боргач яна бир карра билдим.
“Ҳа энди яхшилик қилдим, деб келавераркансан-да, номард”, ўйларди қўли кўксида, юзида табассум билан ошнам.
Шу гап беихтиёр оғзимдан чиқиб кетди.
– Бу нима деганинг, ахир, сен ошнамсан-ку! Қачон йўлинг тушса келавер, оғайни, – деди Соқивой сир бой бермай. Шу гапидан кейинги хаёли ўтиб тушди: “Тезроқ даф бўлсанг-чи, оббо, бунча сур, безбет бўлмаса”.
Очиғи, бу ҳақоратли хаёл вужудимни зириллатиб юборди. Ортимга қарамай кетдим. Уйга келсам укам, ҳалимдек юввош бўлиб ўтирибди.
Бировнинг фикрини англаш қобилиятим укамнинг хаёлидан кечаётганларини менга етказарди:
“Ишқилиб қўл телефонини сувга тушириб юборганимни билмасин-да!”
– Қанақа телефон? – кўзлари пирпиради укамнинг…
Эртаси куни ишхонага келсам Ўлмасхон йўлимни пойлаб турган экан. Узоқдан кўрдиму... Фикрини уқа бошладим:
“Ана келяпти, бугун “табака”га тушираман. Олиб беради. Мени деса ўзини томдан ташлайди, кейин сайр қиламиз, ишқилиб, чўнтагида пул бормикин?!”
Кайфиятим тушиб кетди. Очиғи, Ўлмасхоннинг олдидан ўтишга оёғим тортмай қолди. Таққа тўхтадим. Энг яқин деб суйганларимнинг фикрлари юрагимга ўқдек ботиб ҳушимдан кетибман.
– Кўзингизни очинг, бизни қўрқитманг, – деган нидодан сапчиб ўзимга келдим.
Атрофимга аланглаб, бошимни силаган Сунбул янгамни, берида ҳалиги тоғаму унинг ёнида кўзида ёш Соқивойни кўрдим. Ажабланарлиси, энди ҳар қанча тиришмай, уларнинг хаёлидан ўтаётган фикрларини илғай олмасдим. Шуниси маъқулга ўхшади. Қандай яхши-я...