September 29, 2023

ОНА АЙИҚ ЎГИТЛАРИ   

Тутайлик дея балиқ,

Ўйинқароқ уч айиқ.

Шоша-пиша ясабди

Қўлбола чала қайиқ.

Кўл ярмига етганда,

Қармоқ сувга текканда.

Тешилиб нобоп қайиқ,

Сувга тушди уч айиқ.

Шунинг учун сўзимни

Ёдингда тутгин, дўстим.

“Етти ўлчаб, бир кесгин”,

Бўлмасин каму кўсти.

ЛАҚМА ҚУЁН

Бир қуёнча бор эди,

Шалпангқулоқ, ўйноқи.

Дуч келганни тўхтатиб

Гап сотарди вайсақи.

У ўрмонда яшарди,

Ғам нелигин билмасдан.

Подшоҳ шер буйруғига

Зарра парво қилмасдан.

Тулки, бўри, тошбақа

Тўйди лақма қуёндан.

Сўнг шерга арз қилишиб,

Ҳайдадилар ўрмондан.

Асл макон – ўрмондан

Чорасиз кетди қуён.

Овчиларнинг уйидан

Жой олди шундан буён.

ТАНБАЛ СИЧҚОН

Танбал сичқон бор эди,

Ғирт бекорчи, ишёқмас.

Текин донни еса-ю

Ҳуррак отиб ётса, бас.

Унга бошқа сичқонлар,

“Безбет” деб ном қўйишган.

Насиҳат қилавериб,

Жонларидан тўйишган.

Шундай қилиб, бу сичқон,

Ўтказди бутун ёзни.

Қорни кириб ичига,

Чувалчанг каби озди.

Бу қишда танбал сичқон,

Тавбасига таянди.

Қаҳратонда оч қолиб,

Меҳнаткашга айланди.

Муҳаммадрусул МАМАТҚУЛОВ