May 11, 2023

ЎЗЛИГИМ БУ, ЎЗБЕКИСТОНИМ МЕНИНГ

Тоҳир ҚАҲҲОР

БУ КИТОБ

Қасида

Бу китобдир жисм ила жоним менинг,

Бунда ҳар сўз – жони сўзоним менинг.

Бу – қадим ишқим, оқар қоним аро,

Ҳар калом ичра оқар қоним менинг.

Бу варақ осмон мисол доим очиқ,

Бу қалам – офтоб, ёзар шоним менинг.

Бу – ўзим, ўзғир замоним, ўз сўзим,

Ўзлигим бу, Ўзбекистоним менинг.

Тўрт томоним – дард битилган тўрт китоб,

Қай тараф юрсам, йўқ имконим менинг.

Чунки чексизлик кўзимни боғламиш,

Банди этмиш моҳи тобоним менинг.

Бу – тарозусиз фалак, мезони йўқ,

Дил кўзим – оламда мезоним менинг.

Бу сукут – ғафлатда сўнган йилларим,

Ёнмаган умрим – зимистоним менинг.

Ой кезар ёлғиз, кўзим ойбон эрур,

Нурли шундан тунда айвоним менинг.

Бу заминни дейдилар карвонсарой,

Тўхтамас лек бунда карвоним менинг.

Кун-туним бир оқ-қаро карвондурур,

Қай тараф бошлар у сорбоним менинг?

Бу – самосиз чўлга тушган йўлларим,

Бу хаёл – юрган биёбоним менинг.

Бу шамолким, шиддатимдан қўзғолур,

Кўкка ўрлар оҳу афғоним менинг.

Бу қуюнким, бир уюм қум жониким,

Қумга эврилган руҳистоним менинг.

Бу – фалак тожи қуёш, дардли башар,

Бу – элим дарди, чароғбоним менинг.

Бу оқар дарёни ютган кўл эрур,

Кўлга тошдай чўкди бўстоним менинг.

Кўлми тўлган ёки паймонаммикан?

Хасми бу сувларда, паймоним менинг?

Бу – кўзимда ётган эрк уммонидир,

Бу – кўзимда қотган уммоним менинг.

Йўқ, бу диллар дарди, дарёи ниҳон,

Бу – элимнинг дарди, дармоним менинг.

Бағритошлик қилма, ёр, бағрим ёнар,

Тош заминим, тошдир осмоним менинг.

Бу – дилим армониким, ўлсам агар,

Сўнгагимда қолгай армоним менинг.

Бу – ғариб қиш, қушлари оч, донталаб,

Чарх уриб, истар улар доним менинг.

Бу баҳор, бир фасли пайғамбар эрур,

Мўъжизотдан ақли ҳайроним менинг.

Бу – ёнар ёз, ер ёнар, халқим ёнар,

Ғам чекар, кўксимда кулдоним менинг.

Ўз китобин бир хазондек ёқди куз,

Бу китоб – қабри, хиёбоним менинг.

Бу – ҳақир жисмимдаги оҳанги ишқ,

Жилваси жоний бу жононим менинг.

Бу – нигоҳим етмаган бир нуқтаким,

Ундадир умри нигоҳбоним менинг.

Бу – ёмон инсонларим, кофирларим,

Яхшилар – мўъмин, мусулмоним менинг.

Бу ўша Нуҳ кемаси, сайёра Ер,

Ер – бугун сайёра имоним менинг.

Бу – тўфонли бир замин, ўтлиғ ўлим,

Бадниятлар ўтли тўфоним менинг.

Бу ўтар кунлар ўтар, мажҳул бўлар,

Мажҳул ўлгай росту ёлғоним менинг.

Бу – жаҳонгирларни еб-ютган жаҳон,

Бунда қалбимдир жаҳонбоним менинг.

Бу – мунофиқ дўстки, дўстдан жонталаб,

Зулм этиб, истар у исёним менинг.

Дўст уйин дўзах этар дўстдан қочай,

Дўст уйи – дунёда ризвоним менинг.

Бу – Ҳиротдан янграган устоз сўзи:

“Бас, сўғишманг турку афғоним менинг!”

Бу – Бухородан таралган шуълаким,

Унга чопгай руҳи урёним менинг.

Бу – Самарқанддаги бир шамсиз мозор,

Бу ёниқ шам – чашми гирёним менинг.

Бу – тирик Фарғонада ўлган шаҳар,

Ахсикент бу, бунда сирдоним менинг.

Бу – жаҳонда энг қадим бобил ери,

Тилда қондош Бобилистоним менинг.

Навқирон Тошкент будир, Шош мақбари

Узра бунёд шаҳри алвоним менинг.

Бу – Ҳалилуллоҳ ёнар гулханли ер,

Бу – дилим, ёнган гулистоним менинг.

Бу – қариб, ўтларга тушган кекса Шарқ,

Бу қуёшлиғ бир шабистоним менинг.

Бунда аждод ақлидан бебаҳралар –

Аҳли тун, бечора, нодоним менинг.

Бунда ўз маъбадларин бузган улус,

Кўҳна шаҳри, мулки вайроним менинг.

Бундадир ўз урфини хор этган эл,

Чангда ётган илму ирфоним менинг.

Бундадир ўз юртининг фотиҳлари,

Бунда забту зулму қурбоним менинг.

Эй сўйиқ Шарқ, эй буюк ғафлатга ғарқ,

Кўз оч, эй дунёга посбоним менинг!

Сендаги манзар этар ақлимни лол,

Ўз-ўзин алдарму ҳар оним менинг?

Йўқ, ҳаёт ўзгартирар кунлар йўлин,

Бу – ўлимдан қўрқмас Инсоним менинг!

Бу – қадим Турон ери, Шарқ кўкси бу,

Юрти поким, бу ҳалол ноним менинг.

Бу – ватаннинг дарди, даврим тожи бу,

Тожини кийдирди давроним менинг.

Бу – менинг қоним оқиб турган болам,

Жонпаноҳ, шоҳим, саройбоним менинг.

Мен етолмас нурга, шаксиз, у етар,

Тоҳир, ўлсам, йўқ пушаймоним менинг.

МАДАНИЯТ САВАШИ

(Ўзбек ўқитувчиларига)

Боқинг Мусо миллатига – бутун Ер узра яшар,

Бу асрни бошқарётган тахтсиз қиролдир улар;

Учраб Тангри қарғишига тарқатилган давлатин,

Икки минг йил ўтиб, қуриб, тиклаётир қудратин.

Чунки улар суянган тоғ – миллий ақл, машъала!

Бу дарбадар элни доим яшатди у нашъа-ла.

Эй миллатим, букун эркин ишлатайлик ақлимиз –

Бобомерос шу ватанда бой яшашга ҳақлимиз.

Ғафлат босиб, ёв бостириб, бир асрни бой бердик,

Не бахт, яна шу жаҳонга Темур билан қад кердик.

Боқинг, Ерни титратмоқда маданият саваши –

Миллат ақлин босиб олмоқ эрур ёвлар ҳаваси.

Курашмасак, забт этурлар бугуноқ келажакни,

Шунинг учун жондай асранг ҳар бир миллий юракни!

Эй устозлар, сиз таълимни миллий онга қаратинг,

Ҳар бир қалбда бир Туркистон, Ўзбекистон яратинг!

УЛАР ҚАЙТАР

У ён оқил, бу ён жоҳил, улар қайтар, булар қайтмас.

Минорлардан чақир минг йил – улар қайтар, булар қайтмас.

Элу юртни қўйиб, ўзни яшатганлар эмас биздан,

У ён қурбон, бу ён қотил, улар қайтар, булар қайтмас.

Ўғуз, Чингиз, Темур, Бобур енгилмай от сурурлар, боқ,

У ён Турон, бу ён Туркэл, улар қайтар, булар қайтмас.

Одамдан бир уруғдирмиз, бу Ерда энг улуғдирмиз,

У ён Ҳобил, бу ён Қобил, улар қайтар, булар қайтмас.

Ҳар эл дунёни олсам дер, узоқроқ тахтда қолсам дер,

Бу ён Калдон, у ён Бобил, улар қайтар, булар қайтмас.

Улар – сенсан. Буюк тарих яшар ҳар кун ўзинг бирлан,

Сўзинг билдир, ўзингни бил, улар қайтар, булар қайтмас.

КЕЛСА-КЕТАР

Яхшиси шу яхшига бор, ҳар не ёмон келса-кетар,

Бошима не келди дема, ҳар не замон келса-кетар.

Қайғуланиб турма, Нуҳим, босса-босар Ерни бу суй,

Ёнса-ёнар, ўлса-ўлар, ҳар не тўфон келса-кетар.

Очунимиз – Тангри иши, Кўкда Ўған, Ерда Киши,

Ҳар эрану ҳар ялавоч, эски шамон келса-кетар.

Қум суғориб, экса оғоч мўмин улус, бек ила хон,

Ҳар оломон, ҳар не ялон, ҳар таламон келса-кетар.

Ким чидаса бунда яшар, йўқсулу бой ҳақ талашар,

Кимга тегар буғдойу ош, кимга сомон, келса-кетар.

Тангри берур жаззасини золимининг, мазлумининг,

Бунга куйиб сурма қалам, ҳар не сурон келса-кетар.

Эски работ депти буни, ваҳшатобод депти буни,

Боғлама кўп унга ўзинг, эл-оломон келса-кетар.

Тоҳир, ариқ эрса сўзинг, юртда яшар эрта Ўзинг,

Кетказа олмагай сени – ҳар не қирон келса-кетар.

ТУЗУКЛИК

Бу кўкларни тутиб турган тузукликдир – адолатдир,

Бу Ерни мунгга тўлдирган бузуқлик, зулму ғафлатдир.

Куфр бирла йиқилмасдан турармиш мамлакат, аммо

Зулм бирла йиқилмишдир не давлатлар, бу ибратдир.

Адолатсиз жамиятдан на юрт қолди, на эл қолди,

Ўлик тилларни қолдирган адолатсиз жамиятдир.

Қўлингни ё тилингни, бек, чўзолмассан у кўшкингдан:

У гўр, зотан мозорликдир, чирик, ваҳшатли зулматдир –

Ўликлар ҳукм этолмаслар, адлни топтай олмаслар,

Қутулди яхши эл сендан, қутулмоқ на саодатдир!

Бу бошингда чурук бошлар эмас, Тангринг турур, Тоҳир,

Яшаш ёлғиз бугунмасдир, ҳаётинг то қиёматдир.

Тоҳир ҚАҲҲОР