June 1, 2023

ЯНГИ ЭКСПОЗИЦИЯЛАР

Пойтахтимиз­даги Ўз­бе­кистон давлат санъат музейида очилган янги экспозициялар Халқаро музейлар кунига бағишланди. Мазкур санъат масканида ҳафта давомида ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари бўлиб ўтди. “Ўзбекистон санъати XX-XXI аср. Рангтасвир ва ҳайкалтарошлик” каби кўргазмалар ташкил этилди. Лев Буре, А.Волков, М.Курзин, В.Уфимцев, Ў.Тансиқбоев, Б.Ҳамдамий ва А.Сиддиқий каби рассомларнинг музей коллекцияларида сақланаётган асарлари кўп йиллар давомида биринчи марта намойиш этилди.

Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалоловнинг “Мангуликдаги чизиқ” кўргазмаси санъатсевар мухлислар билан гавжум бўлди. Ижодий йўлини турли ракурсда портретлар яратишдан бошлаган Б.Жалолов салмоқли асарлар яратмоқда. Таниқли режиссёр Комил Ёрматов, ёзувчи Саид Аҳмад ва бошқа ижодкорларнинг портретлари рассомга халқаро миқёсда шуҳрат келтирди.

Экспозициядан санъаткорнинг ижодий фаолияти давомида яратган график асарлари ўрин олган. Рассомнинг оқ-қора рангдаги композициялари, портрет ва қаламтас­вирлари бетакрор миллий оҳанги билан ажаралиб туради. “Тўмарис”, “Умар Хайём шогирдлари билан”, “Бобораҳим Машраб”, “Гўзал кичкина Сарра билан”, “Кришнанинг нигоҳи” сингари асарларида рассом инсонпарварлик ғоясини илгари суради.

Куни-кеча Б.Жалоловнинг санъат­севар мухлислар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда санъаткор суратларидаги фалсафа маз­муни ҳақида гапириб, йиғилганларнинг саволларига жавоб берди.

С.ҚОСИМОВА тайёрлади.