October 27, 2023

КЎНГЛИМИЗ ҚУДРАТЛИ ТОҒЛАР СИНГАРИ

Муҳаммад АЛИ, Ўзбекистон халқ ёзувчиси

ТОШКЕНТНИ ТИНГЛАЙМАН

(Сафар чоғида)

Амриқо. Сиэтл. Отиб келар тонг…

Ёнимда – сукунат, ўлтирамиз жим.

У кўрар, нечоғлик қиймалар ҳижрон,

Нечоғлик фироқда қонар юрагим.

Бирдан жаранглайди Тошкент овози,

Жаранглар: “Тошкентдан гапирамиз!” Оҳ!..

Фалакка интилди руҳим парвози,

Тошкентни тинглайман! Минг шукр, Оллоҳ!

Қошимда қишлоғим Бешгул ястанди,

Жамолин кўргизди ям-яшил боғлар.

Лолақизғалдоқлар ўт бўлиб ёнди,

Олам ҳам тўлгандай гулга бу чоғлар.

Сариқжўга сойи тўлиб оқади,

Қирғоқдан тошади шўхлигидан гоҳ.

Болалар кўчада ўйнаб чопади...

Тошкентни тинглайман! Минг шукр, Оллоҳ!

Мусича мисоли кирдинг чарх уриб,

Чечакдек кўксимга қўйдинг бошингни.

Илоҳий бўйингдан туйдим¸ ки кўриб –

Ўн еттига кирган гулдай ёшингни!

Боқаман – тўймайман, қалбим бўлар маст,

Ўтган баҳор шундай бўлганди ногоҳ.

Менга вақт ва замон асло чўт эмас:

Тошкентни тинглайман! Минг шукр, Оллоҳ!

Ёдимда, иккимиз водийни кездик,

Қишлоқларга бордик, чиқдик тоғларга.

Ватан жамолидан ифтихор сездик,

Таъриф йўқ ул масъуд, хушнуд чоғларга.

Осор-атиқалар этар дилни ром,

Кечмиш ва келажак, тоғ ила гиёҳ...

Бари юрагимда нақшланмиш мудом...

Тошкентни тинглайман! Минг шукр, Оллоҳ!

Сендан-чи, йўқ хабар ва ёки бир сас...

Қандай деб, ҳол сўра, жоним, садо бер!

Бандага зулм қилмак инсофдан эмас...

Қисматим зулмингга сабр! – шоир дер.

Ишқ ила сийлади мени Худойим,

Қадримни кўтарди ул олий даргоҳ.

Зулм қил, аммо бўл ёнимда доим!..

Тошкентни тинглайман! Минг шукр, Оллоҳ!..

МАНЗАРА

Манзурахонимга

Офтоб шошар эди ўз ётоғига...

Тонгдан дунё кезди, кўп ҳориб-толди.

Ана, Туркистоннинг баланд тоғига

Оловранг этаги илиниб қолди...

Кетди... Ёниб битди кўнглимда юлдуз,

Диллар қон, лол-ҳайрон, жаҳон ҳам вайрон...

Уфқда ёзилиб қолди битта сўз:

Армон, армон, армон...

Кетди... пинҳон этиб ёлқинлигини,

Боқиб шундоғ фикр қилар экансан:

Нечоғ бир-бирингга яқинлигингни

Узоқлашган чоғда билар экансан...

ФАРДЛАР

* * *

Буқаламун дунёни кўрингки, турфа олам:

Товуслар наҳсда қолган бойқушлар ила ҳамдам...

* * *

Кирдиму бошимга ёприлди бутун,

Айрилиқ оқшоми каби қора тун...

* * *

Ҳазрат Навоийдан илҳом олганим –

Халқим, миллатимни дилга солганим...

* * *

Разилга қарши сен иш кўрсанг агар,

Разилга тенг бўлиб қолгунг муқаррар.

* * *

Бировга ўн бора яхшилик кўрсат,

Лол қолма, ёмонлик қайтса тез фурсат.

* * *

Дилдор, дилдормусен, асилму ёрсен?

Дилга дорумисен, ё дилга дорсен?..

* * *

Қизлар қизлигида жондай жонона!

Ажаб, қайдан чиқар ёмон қайнона?..

РУБОИЙ

Аввало ул ёри маҳбуб суйдирмасин эрди,

Суйдирсину вале жондан тўйдирмасин эрди.

Мен ошиқнинг ғариб шомин ёритсин-да шам,

Ёритмаса, ҳеч бўлмаса куйдирмасин эрди...

МЕВАНЧА1

Ургут тоғларини кўргинг келдими,

Зарафшон бўйида юргинг келдими,

Боғлардан лолалар тергинг келдими,

Ҳа, юртинг соғиниб қолдинг-да анча...

Хатинг келаётир йўлда, Меванча!

Чорчинор тагида ўйнаб юрардинг,

Қизалоқлар билан қувнаб юрардинг,

Хуш-хандон, ер-кўкка ўзни урардинг,

Шумтакам, дердилар сени, мерганча...

Хатинг келаётир йўлда, Меванча!

Соғиндингми мушфиқ онангни, барно?

Ҳар бир ишорангда оламча маъно,

Томчи кўз ёшингга бўлсин минг сано,

Бормикин юртини сендай севганча?

Хатинг келаётир йўлда, Меванча!

На қилай, мен сендан йироқ, она қиз,

Ич ёришмас ёқса чироқ, она қиз,

Онангни зор этди фироқ, она қиз,

Зорлик қанча бўлур, сўйлагил, қанча?..

Хатинг келаётир йўлда, Меванча!

Тафтиш қилиб бўлмас тақдир ишини,

Яшаган умрини, ёзу қишини,

Лекин бир нарса танг айлар кишини:

Не-не вақт кечаркин хатинг келганча?

Йўқ, қўлга тегмади хатинг, Меванча!

Фақат ҳур Ватанинг куяр, қизим, деб,

Сени излагувчи ёлғиз ўзим деб.

Кундай кўрар кўзим, ойдай юзим, деб,

Унинг армонлари кўпдур, туманча...

Хатинг келаётир йўлда, Меванча!

Армонларим кўпдур, кўпдур, туманча...

ДУНЁЛАР УМИДИ

(“Амриқо дафтари”дан)

– Эй жимит гул! Бўйинг бори бир суям,

Кўк ўпар дарахтлар пойида хоксор,

Тирноқча ғунчангни кўз–кўзлаб бу дам,

Қисинмоқ, уринмоқ – сенгами даркор?

– Ким у? Бу сўзларга ҳайронман фақат,

Кичкина кўнглимда, эҳ не-не ўйлар!

Кичкина кўнглимда улуғ муҳаббат

Ёруғ дунёларнинг умидин куйлар!

Кичкина кўнглимда жам бўлди олам,

Кўнглимиз қудратли тоғлар сингари!

Кўрингиз, кичкина томирим билан

Кўтариб турибман ахир Ер шарин!

БИЗНИНГ БАРЛОС БОБОЛАР

(“Соҳибқирон” туркумидан)

“Хон тағойи барлос,

Мардикорга бормас!..

Мардикорга бормас,

Хон тағойи барлос...”

Шундай қўшиқ айтарди

Бизнинг барлос боболар.

Сўнг қўшиққа изма-из

Уланарди дуолар.

Дўлвор, ўктам овозлар

Тоғлар оша ўрларди.

Она юрт деб ўртанган

Кўнгилларни нурларди.

Боболар дуосидан

Куч олади Темурбек.

Қишлоқдан – жаҳон сари

Йўл солади Темурбек!

Шиддат билан лашкарга

Танлайди йигитлардан.

Битта ҳам қўшмас сафга

Субутсиз иркитлардан.

Амирзода отланар

Тошқўрғоннинг ғорига.

Икки юз қадам баланд

Чиқмоқ шарт юқорига.

Ярим йўлда – ҳаво йўқ,

Йигит қолар ютоқиб...

Кулиб дейди Темурбек,

Йигит кифтига қоқиб:

“Қийналдинг-а... қола қол...

Ўйлаганим – олис йўл...

Ким ғорга чиқса осон,

Шу бўлур бизга мақбул!

Тоққа чиқдим, қўрқмадим,

Сувга тушдим, чўкмадим.

Молу сариқ чақа деб

Обрўйимни тўкмадим.

Тин билмадим бир лаҳза,

Ўтда ёндим, ёнмадим!

Ният холис, айтдим сўз,

Айтганимдан тонмадим!

Ёв ўқ отар беомон,

Ўқлар ботар жонимга.

Аммо сира текканин

Билдирмадим ғанимга!

Ўйлаганим – йўл олис,

Олдимдадир кенг жаҳон,

Жаҳонни олмоқ учун

Мардлар керак, укажон!

Олға, ортга қайтиш йўқ!

Жонга жону қонга – қон!

Ёвни тиз чўктирмоққа

Мардлар керак, укажон!

Боболардан мерос бу,

Азал, замону замон,

Дунёга бўй чўзмоққа

Мардлар керак, укажон!

Мен жаҳонни олурмен,

Ўйламай жону танни.

Улуғламоқ мақсадим,

Турон – Она Ватанни!..”

ДАЪВАТ

Шоирликни даъво қилган эр,

Донишмандлар сенга бундай дер:

Булбул бўлсанг, булбуллигинг қил,

Қузғун бўлсанг, шайтонга ҳай бер!..

______________________________

1 Таниқли тарихчилар М.Исоқов ва А. Бердимуродовнинг гувоҳлик беришларича, милоднинг 317 йили тақдир тақозоси билан Чин-Мочинга бориб қолган самарқандлик қиз исми. Меванча Буюк Ипак йўли орқали онасига хат юборган эди...

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси