ҚИШЛОҚ МАКТАБИ ШУКУҲИ
Қишлоқлар чирой очди. Эътибордан четда қолган юртимизнинг энг олис гўшаларигача бугун бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганига гувоҳ бўласиз. Бу бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури амалий натижалар бера бошлади. Эндиликда қишлоқ жойларида қурилаётган замонавий уй-жойлар, дам олиш масканлари шаҳардагидан асло қолишмайди.
– Авваллари оддий бир юмушни бажариш учун ҳам туман марказига бориб, навбатда турардик, – дейди ёши етмишдан ошиб қолган Маҳмуд ота бўлаётган ўзгаришларни тарозига солаётгандек салмоқлаб. – Энди қишлоқларимизда ҳаммаси бор, сартарошхона, қассобхона, дўконлар... нима дерди...
– Хизмат кўрсатиш шахобчалари.
– Ҳа, яшанг, ўшалар. Йўлларни айтмайсизми?
– Қишлоқдаги йўлларга асфальт ётқизиш учун ҳам Москванинг рухсати керак бўлган-да, сизларнинг даврингизда.
– Бизнинг давримизни сиз айтманг, мен эсламай. Ўзимизда раҳбарлар номига бўлган – ҳатто ўз она тилида гаплашишни ҳам билишмаганидан кейин бу ёғини қўяверинг... Қўйинг, эсламайлик ўша пайтларни. Бугундан гапиринг, бугундан. Теварак-атрофга боқинг – ҳаммаёқ гулга бурканган. Баҳри дили очилади-да одамнинг. Референдумлар бўляпти, сайловлар ўтказиляпти – бари яхшиликка-да. Яна Президентимиз айтяптиларки, Учинчи Ренессансни қурамиз деяптилар – одамлар маърифатли бўлса, ишлар олдинга кетади – яхши ният ярим давлат, албатта, катта мақсадларга ҳам етамиз.
Маҳмуд ота яна кўп гапларни гапирди. Унинг сўзларидан қишлоқдаги ўзгаришлардан мамнун эканини пайқаш қийин эмас. Ҳа, бир ижодкор сифатида ўзим ҳам ёшим олтмишга етиб она қишлоғим – Самарқанд вилояти, Пайариқ туманидаги Қоракесак қишлоғига борганимда буни пайқадим. Ўзгаришлар бор. Аммо уларни ҳали етарли деб бўлмайди. Энг муҳими, аҳоли илгариги одамлар эмас – онги уйғоқ, ўзгариш одамнинг ўзидан бошланишини билишади. Маҳмуд отанинг гапларини тинглай туриб, хаёлим мени болалигим сари олиб кетди.
Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари эди. Мактаб ёшига етганимдан сўнг раҳматли ота-онам мени мактабга бериш масаласини муҳокама қилишди.
– Қишлоғимиздаги бошланғич мактабга берамиз, – деди онам бу масалани олдиндан ҳал этиб қўйгандек. – Бориб келаверади.
– Бориб келаверади, де, – деди отам ўйчан ҳолди.
– Аммо бориб-келавериш билан иш битмайди, боланинг умри ўтади, – деди отам ҳам аввалдан ўйлаб юрганини юзага чиқазиб. – Муҳиддин туман марказидаги мактаб-интернатга бориб ўқийди.
– Вой ўлмасам, – онам чўчиб тушгандек бўлди. – Мактаб-интернатда ота-онаси йўқлар, етим-есирлар бориб ўқимайдими?
– Мактаб-интернат ўқув даргоҳи, – деди отам салмоқлаб. – Етимхона эмас, у ердаги ўқитувчиларни суриштириб келдим, олий маълумотли, ўз касбига меҳр қўйган яхши мутахассислар экан.
Олти ёшдан отам айтган мактаб-интернатда ўқиб, уни тугатдим. Малакали ўқитувчилар тақдиримни белгилаб беришди. Бунинг учун ҳозиргача отамдан ҳам, ўқитувчилардан ҳам миннатдорман.
Бугун вазият ўзгача. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари энг чекка ҳудудларгача етиб борди. Замонавий уй-жойлар, янги турдаги таълим муассасалари, дам олиш масканлари... Одамларнинг ҳаётдан мамнунлиги, шаҳардагидек қулайлик ва имкониятларга эга бўлган замонавий масканларда яшаётгани уларнинг онгини ўзгартирди. Ижтимоий ҳаёт ижтимоий онгни ўзгартиради, деган бир гап бўлар эди – шу тўғрига ўхшайди. Одамларнинг китоб ўқий бошлагани, газета-журналларни излаб қолишгани кишини янада қувонтиради.
Бизнинг Қоракесак қишлоғига қўшни Катта Сайдов қишлоғида Пайариқ тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 53-умумий ўрта таълим мактабида севимли газетамиз “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ижодий жамоаси вакиллари, шоир-ёзувчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Рости гап, мактаб ҳовлисига киришдаёқ иштирокчилар, бундай кўркам замонавий мактаб шаҳар мактабларидан қолишмаслигини, ортиқ бўлса ортиқки, асло кам жойи йўқлигини эътироф этиб, очиқ айтишди. Қанчадан-қанча олиму уламолар, фидойи замондошларимиз таълим олган бу мактаб 2019 йилда Навоий кон-металлургия комбинати ҳомийлигида янгидан қурилди.
Бу мактаб 11 йиллик бўлиб, 420 ўринли. Бугунги кунда жами 476 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. 5 нафар олий тоифали, 10 нафар биринчи тоифали, 18 нафар иккинчи тоифали, 6 нафар мутахассис, 7 нафар тугалланмаган олий маълумотли ўқитувчилар ёшларга таълим-тарбия бериб келишмоқда. Аслида мен уларнинг ўз ишига фидойилигига қараб, барчасини юксак тоифали устозлар дегим келади.
– Қишлоқ зиёлиси, асосан, мактаб ўқитувчилари ҳисобланади, – дейди мактаб директори Жасур Очилов. – Юриш-туришда, жамият ҳаётида кечаётган воқеа-ҳодисаларни аввало ўзи тўғри англаб, аҳоли онгига етказишда уларнинг ўрни беқиёс. Ривоят қилинишича, донишманд ҳузурига бир аёл олти-етти яшар ўғлини етаклаб келиб, насиҳат қилиб қўйсангиз, ҳаддан ортиқ шакар сўраб, хархаша қилади, зора шу қилиғини ташласа, дебди. Янаги ҳафта келинглар, дебди донишманд. Бу ҳол уч-тўрт марта такрорлангач, уч-тўрт ҳафта ўтказиб, кўп шакар истеъмол қилиш зарарли, деб донишманд болага насиҳат қилибди. Аёл ҳайрон бўлиб, шу бир гапни айтиш учун бизни шунча овора қилишингиз шартмиди деганида, шакарни мен ҳам яхши кўриб истеъмол қилардим, шунинг учун аввал ўзимни шакар ейишдан тўхтатиб, кейин насиҳат қилдим, деган экан донишманд. Бу донишманд – ўқитувчи. У аввало ўзи намуна, ибрат бўлиши керак. Бу жиҳатдан мактабимизнинг 46 нафардан иборат педагогик жамоасига ҳавас қилса арзийди.
Бу қишлоқ мактабининг шукуҳи ўзгача. Учрашувлар ўтказиладиган кенг заллар, ёруғ синфхоналар, очиқ ва ёпиқ спорт ўйингоҳлари, замонавий кампьютер, лингафонлар билан жиҳозланган хоналар. Айниқса, кутубхона ўқувчилар билан ҳамиша гавжум.
– Кутубхонамиз янги китоблар билан доимий равишда бойитиб борилади, – дейди мактаб кутубхонаси мудири Шавкат Шодибоев. – Уларнинг аксарияти ноёб китоблар сирасига киради. “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган “Рус адабиёти дурдоналари” асарлар тўпламининг 100 жилди ҳам етиб келди. Бу китоблар жамланмасидан жаҳон адабиётида ўчмас из қолдирган, кўпчиликка яхши таниш бўлган рус шоир ва ёзувчилари А.С.Пушкин, Л.Н.Толстой, М.Ю.Лермонтов, Ф.М.Достоевский ва бошқа кўплаб атоқли ижодкорларнинг асарлари ўрин олган. Бу, айниқса, қўлига қалам олиб ижод билан шуғулланишни истаган ўқувчиларимиз учун жуда катта мактаб вазифасини бажаради.
Шарт-шароитлар, имкониятлар орзу-умидлару истакларни рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этишини Катта Сайдовдаги 53-мактаб мисолида яққол кўриш мумкин. Мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари туман, вилоят ва республика миқёсида ўтказилган фан олимпиада ва кўрик-танловларда иштирок этиб, фахри ўринларни эгаллаб келишаётгани бунинг далилидир. Математика фани ўқитувчиси Юлдуз Тиркашева томонидан ташкил қилинган ментал арифметика тўгараги юқори натижаларга эришган ҳолда “Genus Tashkent mental arifmetic 2023” турнирига қатнашиб, нуфузли ўринларни қўлга киритишди. 11 ёш бўйича Лазизбек Баҳриддинов, 8 ёш бўйича Дилнура Баҳриддинова Қозоғистон Республикасида ўтказиладиган Халқаро олимпиадага йўлланма олишди.
– Янги замонавий қишлоқ мактаби ишга тушиб, шарт-шароитлар яхшилангач битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари кескин ошганини кузатиш мумкин, – дейди она тили ва адабиёт ўқитувчиси Мадина Болиева. – Масалан, 2022 – 2023 ўқув йили якуни бўйича мактбни 34 нафар ўқувчи битириб, 34 нафари ҳам, яъни 100 фоизи олий таълим муассасаларида талаба бўлиш бахтига эришишди.
Эришилган натижалар беиз кетмайди. Бу мактабда кимё фанидан сабоқ бериб келаётган Жўрабек Бозорбоев жорий йилда вазирликнинг “Халқ таълими вазири устамаси”ни қўлга киритди. Унинг Республика ўқитувчилари ўртасида ўтказилган “Кимё фани олимпиадаси”да юқори натижаларни кўрсатиб, фахрли ўринни қўлга киритгани эса, бу мактабнинг обрў-эътибори мамлакат миқёсида юксак эканини кўрсатади.
Маънавий-маърифий тадбирлар қишлоқ мактаби муҳитини яхшилашга хизмат қилади. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ижодий жамоаси билан учрашувда пойтахт Тошкент ҳамда Самарқанд вилоятидан келган бир гуруҳ таниқли ижодкорлар иштирок этган бўлишса, “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбирлари ўқувчилар билан бу мактабни битириб, кексалик гаштини сураётган нуроний отахон ва онахонлар, турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб келаётган ўрта ёш вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этишади. Уларнинг ибратли ишлари тарғиб қилинди, ўқувчилар кўнглида ўз ота-боболари билан фахрланиш туйғулари уйғонди. Бу уларнинг ўз келажакларини қуриш йўлида катта аҳамият касб этади.
“Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбирлари доирасида меҳмонларнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига қатнашиб, мактаб ҳудудига ўз дарахтларини ўтқазишлари ҳам савоб, ҳам ибратли ишдир. Бундай учрашувларда турли жойлардан келган меҳмонлар, маҳалладошлар, ижодкорлар иштирок этиб, файзли давра ташкил этилади. Улар ўқувчиларининг билим олишлари учун Пайариқ тумани Катта Сайдов қишлоғидаги 53-умумтаълим мактабида яратилган замонавий шарт-шароитлар билан танишишади, ижодкор ва спортчи ёшларнинг чиқишларидан баҳраманд бўлишади. Тадбирда, шунингдек, туман мактабларининг турли фан олимпиадалари иштирокчилари, ижод ва спортда ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ҳам меҳмон сифатида қатнашишади. Бундай тадбирлар авлодлар ўртасидаги узвийликни таъминлаган ҳолда, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни эъзозлашга ўргатиши билан ҳам аҳамиятлидир. Бир сўз билан айтганда, Пайариқ туманидаги Катта Сайдов қишлоғида жойлашган 53-мактаб файзу шукуҳини, бу мактабда амалга оширилаётган самарали ишларни, ибратли тадбирларни республикамизнинг бошқа қишлоқ мактабларида ҳам татбиқ этилса айни муддао бўлар эди. Мен туғилиб ўсган Пайариқ туманида шундай шукуҳли мактаб борлиги кўнглимда фахр уйғотди, бугунги бахтли авлод вакиллари, азиз болажонларимиз тилидан ёзган бир шеъримнинг ушбу сатрлари ёдимга тушди...