ҚЎШНИЛАР
– Жонга тегдинг сен бола, ҳозир бир нима қилиб қўяман. Йўқол кўзимдан, қаро ернинг тагига кириб кет!
– Шу хотинга эс кирмади, кирмади-я!
Ерсупа устида мош тозалаб ўтирган кампири пинак бузмай, қўл силтаб қўйди.
– Ҳамма ҳам шу, аммо ҳеч кимнинг овози буникидек чиқмайди.
– Аввал ойда-йилда жўнатиб турган пулиниям жўнатмай қўйибди, рўзғор ғор – аламини кимга сочсин?
– Эри нимага дом-дараксиз кетганини билсин эди.
– Буни биламан дейдиган ҳали дунёга келмаган.
Комилжон ота ўрнидан қўзғалди.
Комилжон ота кампирининг гапига эътибор бермай, чиқиб кетди.
Қўшни дарвоза олдига борди. Бировнинг эшигини дабдурустдан очиб кириш ноқулай-да. Бўлмаса, мана шу қўшнисининг катталарини ҳам билади, танийди, бу учинчи авлод бўлса кераг-ов шу ҳовлида яшаётган. Яхши-ёмон кунларда кирди-чиқди қилишади, ўртада бегоналиги йўқ. Энди эса...
Шу чоқ дарвоза даранглаб очилиб, аввал ўн икки ёшлар чамаси бола отилиб чиқди, ортидан қўлида кетмон сопи билан сочлари тўзғиган аёл.
– Ҳай, ҳай, қўшни, – Комилжон ота шошиб қолди. – Кап-катта йигитни қувлаб юрганингизни қаранг-а!
– Жонимдан тўйдирди, сўлақмондай бўлиб бир ишнинг бошини тутмай жонимни эговлагандан кейин, урмай нима қилай?!
– Нариги маҳалладаги Мамаш бангини танийсизми? – деди Комилжон ота.
– Қурама кампир дегани бўларди, нуқул устига қуроқдан тикилган кўйлак киярди, кўрганмисиз?
– Шунинг боласи-да, Мамаш банги!
Кароматхон унинг менга нима алоқаси бор, дегандек тумшайиб ер остидан қаради.
– Шу бола нега банги бўлиб, ҳамма ёғини сотиб, онасини ажалидан беш кун бурун ўлдирганининг сабабини биласизми?
– Туғилганидан то катта бўлгунча нуқул қарғиш эшитгани учун!
Кароматхон “ялт” этиб отага қаради.
– Бунинг менга нима дахли бор?
Унинг шартакилигидан отанинг жаҳли чиқди. Аммо ўзини босди.
– Уч болангиз бор, шунча меҳнатингиз бир кун тескари кетмасин десангиз...
– Худойимнинг айтгани бўлади, – тўнғиллади қўшни аёл.
– Апатига шапати, – Комилжон отанинг жаҳли чиқди. – Бугун сиз қарғаяпсиз, эртага улар қарғаганда ўзингизни ўзингиз юласиз, аммо фойдаси бўлмайди. Феълингизни ҳозирдан ўзгартиринг...
– Сизларга насиҳат қилиш жа осон-да, – аёл баланд келди. – Ўзи ўлар бўлсам ўлиб бўлдим, бу ҳаётдан.
Комилжон ота ноқулай аҳволда қолди. Ортга қайта бошлади.
– Одамларга нима экан, менинг оғзимга хўжайинми?
Ичкаридан қулоғига чалинган овоз уни мулзам қилди. “Қуриб кетсин, ростдан ҳам қарғаса, ўзининг боласи, сасиган ўзининг оғзи, нега келдим?”.
Мошни тозалаб бўлган кампир энди гуруч тераётган эди.
– Чиқишингиздан киришингиз тез бўлди.
– Ҳа, шунақа, – минғиллади Комилжон ота.
– Сиз эса маҳалладагиларни тарбиялайман, деб катта кетасиз.
Кампир индамай ўз ишига машғул бўлди.
Шундан сўнг қўшни ҳовлидан қаҳрли қарғишлару болохонадор сўкишлар эшитилмай қолди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Комилжон отага кўчада қўшни аёл тўқнаш келди. У дувва қизариб, салом берди. Комилжон ота истар-истамас алик олди.
– Ота, ҳалиги куни ўзимни босолмай қолдим... – чайналди аёл. – Бу рўзғор ўлгур одамни жинни қип ташади.
Унинг кўзидан ёш оқди. Тўлиб-тошиб турган экан.
– Қизим, қайнота-қайнонанг ўтиб кетган бўлса ҳам биздек катталар бор бу маҳаллада, – Комилжон отанинг хаёлидан негадир кампирининг “ўзига эн бўлолмаган, бировга бўй бўлипти”, деган гапи ўтди. – Муаммо бўлса, айтгин.
– Раҳмат, ота, – аёл ёшли кўзларини артди. – Ҳозирги замонда биров билан бировнинг иши йўқ, сал дардингни айтсанг, бирга иккини қўшиб ғийбатингни қилишади. Шунинг учун тил келиб дарди ҳол қилолмайсан киши!
– Билсанг, қизим, авваллари менинг ота-онам, сенинг катта қайнота-қайнонанг, яна ўшанча ота-оналар худди бир туғишгандек бир-бирларининг юмушларига қарашарди, топганини бўлишиб ейишарди, – деди Комилжон ота фойдасиз гапларни гапираётганини сезиб қолиб. – Энди бу рўзғор ғор бўлиб ҳаммани букиб қўйди.
Шу чоқ қўшни аёлнинг қарғиш эшитиб қочиб кетган ўғли кўриниб қолди.
– Қани, полвон, бу ёққа кел, – ота уни чақирди.
–Баракалла. Уйнинг эркаги онасини, опасини, синглисини қўриқлайди. Оғирликларини кўтаради, керак бўлса, уларни ҳимоя қилади.
Боланинг ҳайрон боқиб турган кўзлари чақнаб кетди. Секин онасига қаради. Кароматхон унинг елкасидан тутди.
Кўзлари юмуқ ҳолда ётган момо бу таниш овоздан чўчиб кетди. Бемажоллигини ҳам унутиб, кўзларини катта-катта очди-да, атрофга аланглади.
Момонинг ёнида ўтирган Асқад ака онасининг алаҳсираётганини тушунди. Шу боис овоз чиқармасдан ўз ҳолига қўйди.
Момо шунча қараса ҳам ҳеч кимни тополмади ва яна кўзларини юмди. У беш-олти яшарлигида димоғига ўрнашиб қолган таниш, ёқимли ҳидни туйгандек бўлди. У пайтда бунинг нима эканини билмаганди, кейинроқ, катта бўлганида қалампирмунчоқ аралаш хушбўй ҳид эканини англаган эди.
– Аяжон, – момонинг овози энтикиб чиқди.
Хира нигоҳлари орасидан узун чанг йўлни кўрди. Унда бир эркак, бир хотин ва қизча кетиб бормоқда. Қиз ялангоёқ. Тупроқнинг иссиқлигидан ирғиб-ирғиб тушади. Аёлнинг юзи берк, бошига қора рўмол ташлаб олган. Улардан сал нари гурс-гурс қадам ташлаб кетаётган эркак аҳён-аҳёнда ортига қараб:
– Келаяпсизларми? – деб қўяди.
У аёлнинг овозини биринчи марта эшитиб, дами ичига тушиб кетди. Жазирама томоғини қуритди. Чанқаб, ҳолсизланди. Бу сафар чиндан йиғлай бошлади.
– Оббо! – аёлнинг овози яна ҳам баландроқ чиқди. – Карим, буни кўтариб олинг!
Эркак қизалоқни кўтариб, орқасига опичлади. Ҳечам бунақа баландга чиқмаганди. Атроф кўзига ғалати кўринди. Беихтиёр илжайди.
– Қаранг-а, гўдак бўла туриб одамни аҳмоқ қилади.
Аммо на эркак ва на аёл жавоб бермади. Қизалоқ қайтиб оғиз очишга журъат қилолмай, бошини эркакнинг белига қўйганича мудрай бошлади. Қанча юришганини билмади. Бир маҳал қаттиқ силкинишдан уйғониб кетди. Кўзини очиб, секин мўралади. Узоқдан пастқам уйларнинг деворлари кўринди.
– Қизим, бирпас чидасанг, сенга сув, нон беришади, – эркак уни бир силтаб яна-да баландроққа кўтарар экан, юмшоқ гапирди.
Озгина юрилгач, эркак уни пастга туширди. Қаршисида кичик тахта дарвоза кўринди.
– Қани кир, – эркак уни аста турткилади.
Бегонасираб остонани босмай тураверди. Шу паллада ичкаридан ёшроқ йигит югуриб чиқди:
– Хайрият-эй, Турғуной, келдингми? Бўла қол, ҳаммамиз сени кутаяпмиз!
Қизалоқ жавдираб уни олиб келган эркакка қаради.
– Боланинг қорни оч, чанқаган, аввал овқатлантирайлик.
– Улгурмай қоламиз, – йигит шундай дедию, уни кўтариб ичкарига югурди. – Илҳақ бўб кетди.
Ҳеч нарсани тушунмасдан атрофга қўрқиб қаради, аммо йиғламади. Ним қоронғи хонада аввалига ҳеч нарсани кўрмади. Кўзи ўргангач эса, одам кўплигини пайқади. Бошларига катта рўмол солган уч-тўрт аёл тўрда тўшакда ётган касалнинг ёнида йиғлаб ўтиришибди. Қизалоқни тўғри ўша беморнинг ёнига олиб боришди.
– Мана, Турсуной, келди кутганинг, – бир кампир уни қўли билан ўзига чорлагач, беморнинг юз-кўзларини силаб йиғлаб чақирди. – Келди, кўзингни оч, болам!
Бемор ожиз ингради. Оппоқ, қоқсуяк қўлларини зўрға кўтариб, унинг кичик қўлчаларини ушлашга уринди. Кучи етмади. Кампир қизалоқни беморнинг шундоқ юзига яқин олиб борди. Қорни очлигиданми ёки қўрқувданми, бурнига урилган ғалати ҳиддан энтикиб кетди. Кўзларини катта очиб беморга қаради.
– Қизим, менинг Турсунойим! – аёлнинг лабларидан учган бу сўз қизалоққа аранг етиб келди.
Атрофдаги аёлларнинг пиқиллаб йиғлагани эшитилди.
Қизалоқ чалғиди, ким йиғлаётганини кўриш учун ёнбошга ўгирилди ва шу аснода юзи беморнинг юзига ёпишди.
Кимдир уни кўтариб олди. Ташқарига олиб чиқишди. Ерга ёзилган шолчага ўтирғизиб, олдига нон, овқат қўйишди. У теварагига ҳайрон боққанича шошиб-шошиб нон кавшай бошлади.
Дадаси билан аяси ажрашгач, ўртада у сарсон бўлиб қолганини билмасди. Аяси оғир хаста, болани эплай олмайди.
Турғуной момо аста кўзини очди.
– Бувижон, сув берайми? – биринчи ва охирги марта кўрган аясининг нигоҳига кўзи тушиб, лаблари ожиз сас берди.