December 1, 2023

ТУРКИЙ ДУНЁНИНГ ТИНЧЛИГИНИ АСРАШ ЙЎЛИДА  

Яқинда пойтахтимизда Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг IV йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхул­ислом Оллоҳшукур Пошшозода, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раи­си, доктор Али Эрбош, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар кенгаши раиси Абдиманап Масалиев ҳамда Туркманистон муфтийси Ялкап Ходжагулиев, шунингдек, туркий давлатлар уламолари, диний соҳа вакиллари иштирок этди.

– Дунёда 200 миллиондан ортиқ аҳолини қамраб олган Туркий давлатлар ҳамкорлиги тобора ривожланиб бормоқда, – деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин домла Холиқназаров. – Ҳадиси шарифларда мўминларнинг ўзаро меҳр-оқибати хусусидаги қимматли фикрлар алоҳида келтирилган. Туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйи­ча дадил қадамлар қўйилмоқда. Айни пайтда диний идоралар ўртасидаги ҳамкорлик тобора мус­таҳкамланиб бормоқда. Ушбу ҳамкорлик натижаси ўлароқ, бир қатор ишлар, ибратли ташаббус­лар, эзгу саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

– Мазкур тадбирни қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман, – деди Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода. – Бизни узвий алоқалар, умумий қадриятлар бирлаштиради. Ўзбекис­тон диёридан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом ат-Термизий, Мотуридий каби буюк алломаларнинг мероси жаҳон цивилизациясига, Европада Уйғониш даврининг бош­ланишига катта ҳисса қўшгани билан қадрлидир. Бугун бу анъаналар илмий-маърифий ривожланишнинг янги босқичига чиқди. Мамлакатларимизнинг доно сиёсий раҳбарлари саъй-ҳаракатлари билан биродарлик, дўстлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Анжуманда давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, диний идоралар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, шунинг билан бирга, кўп асрлик миллий ва диний анъаналаримизни кенг тарғиб этиш, “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида экстремизм, радикализмга қарши курашиш, исломофобияга муросасиз бўлиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, диний идоралар раҳбарлари биргаликда замонавий фатволар ишлаб чиқиш, уларни ҳаётга кенг татбиқ этиш ва бугунги кунда мусулмон уммати учун муҳим бўлган масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Куннинг иккинчи ярмида Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари йиғилишига ҳамоҳанг равишда Туркий давлатлар уламолари I форуми ўтказилди.

Форумда ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издош­лари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний ва маънавий меросини ўрганиш, Ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишлари ҳамда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида динимизнинг илм-маърифат, пок­лик, тинчлик-осойишталик, та­раққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халққа, айниқса, ёшларга етказиш, мутаассиблик, экстремизмнинг мақсадлари, ғоя­вий негизлари, замонавий кўринишлари, фаолият услубларини ўрганиб, уларга қарши курашишнинг илмий-маърифий асослари ишлаб чиқилаётгани ва амалиётга кенг жорий этилаётгани хусусида сўз борди.

– Бу форум Мотуридий мероси ҳақида тўла маълумот олиш имконини беради, – деди Кавказ мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Гамар хоним Жавадли. – Марказий Осиёдаги lХ асрда илм-фан, маърифат, таълимга оид жараёнлар бу ҳудуднинг дунё тамаддунига бешик бўлишида, жаҳонда “Мусулмон Ренессанси” деб ном қозонишида асосий омилдир. Имом Мотуридийнинг шуҳрати баланд бўлса-да, манбаларда унинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар жуда кам. Шунга қарамай, унинг таълимоти Ислом динининг маърифатпарвар ва эзгу ғояларини очиб бергани билан қадрлидир.

Халқаро миқёсдаги кенг қамровли тадбир иштирокчилари кейинги кун Бухорода Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигига бағишланган “Боқий Бухоронинг ислом цивилизациясидаги ўрни” мавзусидаги халқаро анжуманда ҳам қатнашдилар. Нуфузли тадбирда Халқаро мусулмон уламолар кенгаши ва Абу Даби Тинчлик форумининг уламолари, Ўзбекис­тон, Миср, Озарбайжон, Россия, Қозоғис­тон, Тожикистон, Туркманистон сингари мамлакатлар муфтийлари, исломшунос тадқиқотчи ва диний соҳа вакиллари, жумладан, Мир Араб мадрасаси битирувчилари иштирок этди.

Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний ташкилотлари раҳбарлари иштирокида икки кун давом этган тадбирлар туркий дунёнинг диний идоралари ўртасидаги алоқаларини мустаҳкамлаш, глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш ва Ислом дини софлигини асраш борасидаги имкониятларни бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Тадбирлар мамлакатларимиз ва минтақадаги cоф динимизга нис­батан хуружларни бартараф этишда ўзаро ҳамкорликдаги саъй-­ҳара­катлар самарадорлигини ошириш имконини берадиган сермаҳсул фикр алмашувлар ҳамда янги таклиф ва ташаббусларга бой бўлди.

Ўз мухбиримиз