ТУГАЛЛАНМАГАН САҲИФА
Ёзувчилар уюшмаси биносининг йўлакларидаги кундалик салом-аликлар, мулоқотлар чоғида баъзан шундай суҳбатлар ҳам бўладики, уларда кутилмаганда қистириб ўтилган иборалар таъсирида кўнглингизда турли мазмунда фикрлар туғилади. Ўзингиз учун жуда муҳим, зарур бўлган ниманидир топгандай бўласиз. Бироқ ички кечинмаларингиз, ҳис-туйғуларингиз ҳақида ошкора гапиришга шошилмайсиз ва жимгина жилмайиб йўлингизда давом этасиз. Ажойиб инсон, таниқли ёзувчи Собир Ўнар билан муносабатларимиз шундай эди. Бу каби сийрак ва қисқа учрашувлар замирида ҳали биз бир-биримизни теранроқ англашга улгурамиз, деган фикр бордек эди гўё. Шунинг учунми, негадир қисқагина гаплашардик, холос.
Танишганимиздаёқ унинг ташқи кўриниши мени ҳайратда қолдирганди. У аксарият пайтларда галстуксиз, қандайдир свитер ёки оддийгина кўйлакда юргани учун нозик дидли, руҳиятни чуқур англайдиган етук ёзувчидан кўра кўпроқ қандайдир жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи боғбон ёки қоровулга ўхшарди. Лекин мен унинг рус тилига таржима қилиниб, “Звезда Востока” журналида чоп этилган “Бегона меҳмон” ҳикоясини ўқиб, уни катта ёзувчи сифатида аллақачон кашф этгандим. У мазкур ҳикояда одат тусига айланиб қолган зерикарли қолиплардан қочиб, ҳаётнинг азобли синовларини бошидан кечираётган, бахтига ишонган қаҳрамонларнинг ҳаётини ўзига хос усулда, самимий талқини билан эътиборимни тортганди. Камтарлик ёзувчининг нафақат ташқи кўринишида, балки унинг ижодий усулида ҳам аниқ сезилиб турарди: таъсирчан, лекин оддий, ҳеч нарсани атайлаб ўйлаб топмасдан, кескин бурилишлар ва кучли руҳий зўриқишлардан қочган ҳолда, ортиқча насиҳатга берилмасдан ҳаёт ҳақиқатини тиниқ намоён этарди. Энг асосийси – бу воқеаларни ўқиш жуда мароқли эди.
Ҳикоя ёқиб қолгани боис мен уни рус тилида ўқийдиган ўқувчиларга ҳам тавсия қилдим. Кейин таниқли ижодкор, маданият ходими Евгений Скляровский ўзининг тассуротларини – мазкур ҳикоя ҳақидаги ҳаяжонли фикрларини чоп эттирди. Шунингдек, бошқа ўқувчилар ҳам ўзларининг илиқ фикрларини билдирдилар. Мен уларни авайлаб тўпладим ва Собирга кўрсатдим. Асарини бошқа тилда ўқиб, у ҳақида айтилган ижобий фикрларни кўриш Собир учун жуда ёқимли бўлганди.
Уюшма нашриётида чоп этилиши режалаштирилган, вилоятда ижод қиладиган муаллифнинг адабий китобига муҳаррирлик қилаётганимда матндаги доимий ўзгартиришлар, таҳрирлар ва раҳбарнинг кўрсатмалари туфайли асарни қайта-қайта кўриб чиқиш талаб этиларди. Бундай ҳолатдан безор бўлиб Собирга мурожаат қилдим. Тинмай янгилик яратаётганларни тинчлантириш ҳақидаги умидсиз илтимосим амалий самара берди: у барча ўзгартириш ва таҳрирларни тўхтатишга муваффақ бўлди ва мен ундан чин дилдан миннатдор бўлдим. У ўта хотиржамлик билан одамларни тўғри қарор қабул қилишга ишонтира оларди.
Собир билан орамизда адабий ишларда ўз истеъдодига алданиб қолмаслик, кибрланмаслик ва асарларини сунъий равишда оммалаштириш ҳақида худбинона фикрга берилмаслик керак, деган умумий тушунчага асосланган муштарак дўстлик муносабатлари ўрнатилди. Бундай илиқ муносабатларимиз ўзини барвақт “даҳо” ва “истеъдодли” ҳисоблаб юрганларни ғафлатдан уйғотди.
Биз дўстона муносабатларимизни тезроқ мустаҳкамлашга шошилмадик: чунки бир-биримизни тарк этмаслигимизни билардик, келажак бизнинг ижодий ҳамда шахсий муносабатларимизни, албатта, янада яқинлаштиради, деб ўйлаган эканмиз. Афсус, тақдир йўриғи бошқача экан. Ҳаётимда катта таассурот қолдирган инсоннинг дунёни тўсатдан тарк этиши мен учун жуда оғриқли эди.
Ёзувчилар уюшмаси биноси коридоридаги охирги учрашувимиз ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди, ўшанда у мустаҳкамланиши кутилган дўстлигимиз сари яна бир кичик қадам ташлаганди. Салом-аликдан кейин табассум билан: “Николай ака, сиз билан учрашиш мен учун жудаям мароқли, сизни кўрсам атроф чарақлаб, кўнглим яшнаб кетгандек бўлади. Бирон жойда учрашиб, отамлашиб, бир мириқиб гаплашишимиз керак”, деб илтифот қилганди. Мен учун бу сўзлар жуда қадрли. Шундай бағрикенг инсоннинг ширин суҳбатидан ҳам қадрлироқ нарса бўлиши мумкинми? Ниятларимиз амалга ошмагани эса жуда ачинарли.
Гарчи суҳбатларимиз қисқагина бўлса-да, уларни юзаки мулоқот деб бўлмасди. Бизнинг ўша саноқли кўришишларимиз ортида ҳақиқий ва гўзал туйғулар мужассам эди. Инсоннинг дунёни эрта тарк этиши қанчалик ачинарли бўлмасин, қисқа умр у ҳақдаги хотиралар бор ҳаёт йўлининг давомийлигига таъсир кўрсатолмайди.
Ташналик йилларча кимнинг сарбони?
Кимнинг кўп, кимнинг хўп яшаш армони.
Кимнинг тўкис-тоза умр карвони?
Чуқурроқ ўйладим, англадим, яъни
Ҳамма ҳам яхшироқ яшаши мумкин,
Чексизлик сийламас лекин ҳаммани.
Унинг китоблари, асарлари, ёрқин хотираси бизнинг қалбимизда қолади. Собирнинг вафотидан кўпчилик инсонлар чин кўнгилдан аза тутганларини, айнан менинг яқинларим ва дўстларимнинг ҳам унинг бу дунёни тарк этишидан чуқур қайғуга тушганларини кўриб ҳайратга тушдим. Унинг вафоти кўпгина ижодкорларни қалбан яқинлаштирди ҳамда улуғ ва бетакрор инсонлар ёнимиздалигида улар билан кўпроқ мулоқот қилиш, уларни қадрлаш, улардан инсоний фазилатларни, ғамхўрлик ва эътиборни ўрганиш лозимлиги ҳақида яна бир ҳаётий сабоқ берди.
Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, айниқса, чинакам истеъдодли одам бошқаларни ҳурмат қилувчи, меҳрибон, дўстларни севувчи, олижаноб ва камтарин, ўзининг иқтидори ва истеъдодини сунъий равишда бўрттирмайдиган инсондир.