August 24, 2023

ИСТИҚЛОЛ НУРИДАН ЯШНАГАН ВОҲА

Ўзбекистон тупроғида олтин гуллайдиган жаннатмакон ўлка. Бепоён далалари, қиру адирларига саховатли куз барака олиб кираётган айни дамларда Ватанимиз Мус­тақиллигининг ўттиз икки йиллигини кенг нишонлаш тараддудидамиз. Энг улуғ, энг азиз байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги Президент қарорида белгиланганидек, “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари Қашқадарё вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилган.

Вилоятимизнинг барча шаҳар, қишлоқлари ва маҳаллаларида аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Мустақиллик байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, “уч авлод учрашуви”, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, халқ сайил­лари, маданият ва спорт тадбирлари ўтказилмоқда. Бундай халқчил тадбирларнинг ўтказилиши воҳа аҳлига кўтаринки кайфият, байрамона завқ бағишламоқда. Эришилган юксак натижалар, муваффақиятлар эътироф этилмоқда.

Дарҳақиқат, жорий йилнинг ўтган биринчи ярмида вилоят бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ва саноат ишлаб чиқариш ҳажми 105, қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилиш пудрат ишлари ҳажми 103 фоизга уддаланди, хизмат кўрсатиш соҳасида эса, бу кўрсаткич 113 фоизни ташкил этди. Маҳаллий бюджет даромадлари прогнози 2 022 миллиард сўмга таъминланиб, бюджетга қўшимча 187 миллиард сўм жалб этилди. Аҳолининг бандлигини таъминлаш юзасидан белгиланган йиллик режа ҳам 67 фоизга бажарилди.

Жадал суръатлар билан қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массивлари юртимиз кўркига кўрк қўшмоқда. Косон ва Яккабоғ туманларида бунёд этилаётган эллик тўққизта кўп қаватли уй-жойлардан ўн иккитаси, яъни 240та хонадон фойдаланишга топширилди. Қарши туманининг “Чаман” МФЙ ҳудудида қурилиши белгиланган 468 хонадонли саккизта кўп қаватли уйнинг қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Эътиборлиси, аҳоли пунктларини қуришда комплекс ёндашув асосида бино ва иншоотлар билан бирга ҳудудларда ижтимоий инфратузилма объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим, тиббиёт ва маданият муассасалари, янги истироҳат боғлари ва хиёбонлар, фавворалар, болалар майдончалари ва спорт масканлари бунёд этилаётир.

Вилоятда иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш ва тадбиркорликка кенг йўл очиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, тиббий хизматлар ва таълим сифатини жаҳон стандартларига мослаштириш йўлида олиб борилаётган ишлар эътиборга молик. Маданият ва санъат, маънавият ва маърифат соҳаларида ҳам ибратли ишлар амалга оширил­япти. “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор”  шиори остида Янги Конституциямиз мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон – 2030” стратегия­сининг асосий устувор йўналиш­лари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар тарғиботи юзасидан маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маънавий-маърифий тад­бир­лар ўтказилмоқда. Айниқса, “Она диёр ранглар жилосида”, “Ватан учун яшайлик!”, “Энг улуғ, энг азиз” каби анъанавий кўрик-танловлар ёш ижодкорларнинг камол топишида муҳим омил бўлмоқда.

Китоб нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилишга доир Президент қарори ижроси юзасидан ҳам талай ишлар қилинмоқда. Жумладан, халқимиз, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган, сифати юксак китобларни чоп этиш, жойларга, таълим муассасаларига вақтида ва мақбул нархларда етказиш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, фарзандларимизда болаликдан китоб ўқиш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими томонидан ҳар йили икки мингга яқин китоблар жамланмаси маҳаллалар, мактаблар ва олий таълим масканларида ўтказилаётган турли тадбирлар иштирокчиларига улашиб келинмоқда. Яқинда Косон туманидаги Абдулла Орипов номидаги ахборот-кутубхона марказига 50 турдаги бадиий китоблар туҳфа қилинди. Келгусида ушбу кутубхонани қайта жиҳозлашни ҳам режалаштирганмиз.

Шунингдек, етим болалар, боқувчисини йўқотган нуронийларга ғамхўрлик қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Яқинда Қамаши туманидаги ахборот-кутубхона маркази ва “Саховат уйи”да ўтказилган маънавий-маърифий тадбирлар оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари ҳамда меҳрга муштоқ нуронийлар қалбида кўтаринки кайфият уйғотди.

Маълумки, келгуси йили Қаш­қа­дарё вилояти ташкил топ­гани­нинг 100 йиллиги кенг нишонланади. Шу муносабат билан Ёзув­чи­лар уюшмаси вилоят бўлими томонидан вилоят тарихини акс эттирувчи рангли китоб-альбом тайёрлаш ва уни рус ва инглиз тилларига таржима қилиш, воҳамиз ижодкорларининг Ватан ҳақидаги энг сара асарларини тўплаб китоб ҳолида нашр этиш ишлари бошлаб юборилган. Бир сўз билан айтганда, бугун Қашқадарёда байрам кайфияти ҳукмрон. Дунё ҳамжамияти томонидан ривожланиб бораётган мамлакат сифатида эътироф этилаётган юртимизга, истиқлолимизга кўз тегмасин.

Ғулом АБДИЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари