МИЛЛИЙ ҚЎШИҚЧИЛИК САНЪАТИ
Халқ қўшиқлари маданий бойлик саналади. Мусиқа санъатининг асосини ташкил этадиган бу йўналиш дилга яқинлиги билан ажралиб туради.
Халқ қўшиқлари йўналишлари турли-туман. Бу, аввало, фольклор йўналишининг давоми бўлиб, халқимиз томонидан яратилган қўшиқлар билан бойитилиб, замон руҳига мос тарзда қайта ишланиб, санъатсевар халқимизга намойиш этилади. Вақт ўтиши билан замон тақозоси ва мухлисларнинг халқ қўшиқларига чанқоқлиги туфайли ижро йўналишлари ҳам ўзгариб бораверади.
Халқимиз истеъдодларга бой. Бунинг асосий омилларидан бири санъатсевар инсонлар миллатимиз маданий бойлиги саналган қўшиқ, ашула ва куйларимизни севиб тинглайди ва уларни асрлар оша кўз қорачиғидек асраб келмоқда.
Бугунги кунда халқимиз орасидан чиққан бастакорлар бетакрор асарлар яратишмоқда. Буларнинг асосида Фахриддин Содиқов, Ғанижон Тошматов, Комилжон Жабборов, Ғуломжон Ҳожиқулов, Дони Зокиров, Саиджон Калонов, Орифхон Ҳотамов, Муҳаммаджон Мирзаев, Бахтиёр Алиев сингари атоқли бастакорларнинг заҳматли меҳнати борлигини унутмаслигимиз лозим.
Юқорида номлари келтирилган бастакорларимиз, аввало, ўзлари устоз кўрдилар, улардан тажриба ва билим орттирдилар, шу билан бирга соз чалишни ҳам ўргандилар. Албатта, соз чалган бастакорнинг яратган асарлари мукаммал бўлади. Шунинг учун ҳам бу асарлар бизгача етиб келди ва улар халқимиз томонидан севиб тингланмоқда. Ёш ижрочиларга таълим бериш жараёнида уларни соз чалишга, мукаммал асарлар ижро этишга ва янгиларини яратишга ўргатиб боришимиз зарур.
Устозлар яратган асарлар ҳозирги кунда ҳам халқимизнинг севимли қўшиқлари ҳисобланади. Ўзбекистон халқ артистлари Муножот Йўлчиева, Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, Ғуломжон Ёқубов, Нуриддин Ҳамроқулов каби кўплаб ҳофизларимиз бу қўшиқларнинг авлоддан авлодга ўтишида катта ҳисса қўшишди ва қўшиб келишмоқда. Республикамизда ўтказилаётган кўрик-танловлар, фестиваллар ва, айниқса, Мустақиллик ва Наврўз байрамлари ўзбек халқ қўшиқлари билан жуда гўзал ўтади.
Ўзимнинг ижодим ҳам бастакорларимиз ижодлари ва улар яратган қўшиқлар билан узвий боғлиқ. Мен ҳам устозлар ижро этган мумтоз қўшиқларни куйлаб халқимиз олқишига сазовор бўлдим. Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” рақс ансамбли билан биргаликда ижро этган ўзбек миллий қўшиқлар, рақслар хорижий мамлакатларда ҳам олқишларга сазовор бўлган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг “Миллий қўшиқчилик” кафедрасида иқтидорли профессор ва ўқитувчилар талабаларга билимларни ўргатиб келмоқда. Ўзбек миллий санъатимизнинг муҳим йўналиши бўлган ўзбек халқ қўшиқлари доимо ривожланиб, халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олиб боради.