July 28, 2023

КАМПИР, ЧОЛ ВА БОШҚАЛАР

Тоҳиржон ЙЎЛДОШЕВ

ҳикоя

Кеч тушиб, кун бўйи атрофида ўйнай-ўйнай бир-бир уйқуга кетган набираларини уй-уйига олиб кириб кетаётган келинлари хайрли тун тилаб, эшикни ёпганларидан сўнг Мирсиддиқ чол яна ёлғиз қолди. Бурчакдаги қутидеккина телевизорга тикилганча хаёллари чувалашди. Бу телевизор нима берарди, нуқул совчилик ташвишлари, мол-дунё талашувлари, қўйди-чиқди... Ҳеч бир кўрсатуви ёқмайди. Ёқмайди-ю, вақт ўтсинга термулиб ўтираверади. Нимаям қилсин, қимирлай деса қувватдан қолган.

Гузарга чиқай деса, мин­ғир-минғирларга тоқати йўқ. Ҳамма гап ўша ерда: кимнинг нимаси ўғирланибди-ю, кимнинг ўғли қанча топади, ҳаромми-ҳалолми, кимнинг хотини шаллақи-ю, қизи қанақа... Бир тутам соқолини селкиллатганча беҳаё гапларни валдирайдигани-ю, катта боши билан невараси тенгига ҳазил-ҳузулни жойига қўядиган, улфатчилик қиладигани ҳам шу ерда. Кечагина беморларига кашандаликнинг кони зарар эканлигини уқтира-уқтира, бугун нафақага чиқиб олиб, чойхонани тутунга тўлдирадигани ҳам шу ерда. Якандозлар ер қатим бўлиб кетган буларнинг уззукун юмалайверишидан.

Дарвоза қарсиллаб очилди, шекилли, дераза ойналари зириллаб кетди. Мирсиддиқ чолнинг хаёли бўлиниб, бўйин чўзиб йўлакка тикилди. Кенжа келини ҳар доимгидек шиппагини судраганча ҳовли саҳнида пайдо бўлди. Эри аччиқ устида бўғилиб тўнғиллади.

– Сенинг қулоғингга сигнализация ўрнаттириб қўяман энди. Уйқудан бош кўтарасанми, йўқми? Энанг ухлаб туққан сени ўзи!

Келиниям жим бўлмади. Айни пайтида рўзғорда керак бўлиб қоладиган ёлғонни ишлатди.

– Анави тирранчангизни ухлатаятувдим. Эшитмай қолибман. Кейин, онамга осилманг, гапингиз бўлса, тўппа-тўғри ўзимга айтаверинг. Ўзингиз ярим кечагача юрмай, бир вақтда келсангиз экан, кутиб ўтирсам.

Ўғли бир нималар деди, шекилли, келинининг жағи ўчди. Мирсиддиқ чолнинг кайфияти бузилди. Телевизорни ўчириш учун энди қўзғалган ҳам эдики, эшик очилиб, ўғли қовоқ уйганча кириб келди.

– Яхши ўтирибсизми, дада.

Мирсиддиқ чол қайтиб ўрнига чўкди. Белига симиллаб оғриқ кирганидан юзи бужмайиб кетди. Ихраб юбормаслик учун тишини тишига босди.

– Ҳмм, – деди димоғида ун бериб, сўнг шивирлади. – Келдингми?

– Ҳа-а, – деди ўғли унинг сўровидаги оғриқли оҳанггаям парво қилмай. – Кун бўйи итдек селкилладим. Занғарлар, биз оладиган меваларни тонг бўзармай уриб кетишибди. Ўзимнинг шогирдларим шунақа қип турганда, бошқаларга йўл бўлсин, дада.

Ота оғир хўмрайди.

– Ўзинг тўғри танловмидинг, ишқилиб? Шогирд экан деб ҳар кимниям олавермайди одам. Таг-туги, тарбияси, хулқ-атвори бор...

Ўғил хотинининг дастурхон ёзишига беписанд қараб ўтираркан, қўл силтади.

– Унақа маҳалда ҳаммасиям сипо тутади-да ўзини, дада. Қўйинг, дилим ўзи хуфтон бўп турибди, кавлаштирманг, – хўриллатиб мастава ичаркан, дастурхон сузиб телевизорга қаради. – Қаёқдаги бир нималарни кўриб ўтирасиз-да, дада. Шундан кўра радио яхшимасми?

– Қай бири бўлсаям кўнгилга яқин бир нима йўқ-да, болам. Китоб ўқий десам, кўз ўтмаса. Майли, шунисигаям шукр. Бироқ ҳаммасидан ҳам аканг икковинг­нинг бир чимдимгина яхши суҳбатинг кифоя, ўғлим. Ҳадемай уям кеп қолса керак.

Ўғил бўшаган чиннини бир четга қўйганча хотинига хўмрайди.

– Чойниям сўраб оламан, шекилли, сендан.

Хотини ҳам аччиқ имо қилди.

– Олдингиздаги пиёлада нима бўлмаса?

Эр-хотиннинг бир-бирига муомаласи ҳар доимгидек Мирсиддиқ чолнинг диққатини оширди. Бошига зирқ-зирқ оғриқ кирди. Индамади. Шунча гапириб нима топди?

– Сенга айтиб қўяй: ҳар нимага ўчакишаверма! Бу ҳаёт шунақанги паст-баланд. Тилинг­га, дилингга эҳтиёт бўлсанг, бас. Ҳалолини тила. Аммо шу ишингдан кўра, киракашлигинг маъқулмиди дейман-да!

– Бе-е, йўловчиларнинг қўлига қараб ўтиришим қолувди энди. Йўқ, шу ишим дуруст.

– Ўзинг биласан, ўғлим, қаерда бўлсанг ҳам, қанақа иш қилсанг ҳам, тинч бўлсанг, омон бўлсанг, шуниси кифоя.

– Майли, яхши дам олинг.

Эрининг кетидан дастурхонни йиғиштирган келини қайта хайрли тун тилаб, эшикни ёпди.

Мирсиддиқ чолнинг уйқуси келмади. Доим шу! Кундузи мизғишдан чўчийди. Бироз кўзи уйқуга илинса, тамом, тонггача мижжа қоқолмайди. Қаёқдаги совуқ, хира хаёллар ўрмалаб келиб қийнайверади. Гўё эртанги тонги йўқдек туюлаверади. Хаёлига: ишқилиб айтадиганларимни айтиб қўйганмидим болаларимга, деган ўй келаверади. Нимаям дерди? Мендан кейин тинч-тотув, аҳил-иноқ бўлинглар, хотирлаб туринглар бизни, дейдими? Опа-сингилларингга оқибатли бўлинглар, дейдими? Ахир, бунга ишора қилавериб, қулоқларини пишириб юбормаганми?

Хаёлини чалғитиш учун қўлига эндигина тасбеҳ олган ҳам эдики, дарвоза қарс-қарс урилганидан дераза кўзлари зириллаб титради. То ўзи туриб дарвозани очмагунча, катта келини чиқавермайди. Уйқуси қаттиқми, қулоғи оғирроқми, бепарвоми – билиб бўлмайди сира. Аммо дарвозани келинининг ўзи очишиям бир балони бошлаб келади, очмаслигиям. Очса, ўғли келинига ўшқириб қаттиқ тегади, очмаса дарвоза очилишини узоқ кутиб баттар тутоқади. Ана шу оғиркарвон келинининг деразаси тагига бориб, овоз беришга чолнинг ҳайфи келиб кетади. Норози тўнғиллашидан тўйган келинининг. Дакки эшитган келин ўзига зимдан боқиб ўқраймаса экан. Ўқраяди-да, таънали боқиб. Ич-ичи зириллаб кетади чолнинг. “Ҳа-а, тарбиянгдан сенинг!” деган ўй кечади кўнглидан. Кампири машинанинг моккиси бўлавериб ҳам хунук кўринган жойлари кўп бўлган.

Йўқ, бўлмади. Ўрнидан қўлларини полга қаттиқ тираганча оғир қўзғолди. Аввал деворга кафт босиб тутди, сўнг оёқларини яқинлаштириб олиб тикка бўлди. “Ух, бел-а, бел-а! Жон ҳам айни кексайганда қийнаркан-да, қийналаркан-да!”. Бир амаллаб ҳовлига тушди. То дарвозагача бормай, дангир-дунгирдан қулоқлари том битди. Асаблари бўшашиб кетди. Томоғини алланима ғиппа бўғиб олди. Нафаси қайтди. Тунуканинг овози жон-жонидан ўтиб кетганидан аранг хириллаб, “Ҳов!” дея олди, холос. Атай қўлига обдаста тутиб олди. Бу энди бир баҳона-да!

Дарвозани узоқ тимирскилаб, ахийри бир амаллаб очди. Бир аҳволда толиқиб келган катта ўғли хўмрайганча ғўлдиради.

– Алвасти келинингиз яна тош қотиб ётибдими? Нега сизни уринтиради?

– Уринтиргани йўқ, ўғлим. Таҳорат олишга тутиниб турувдим, ўзим очиб қўя қолай дедим-да. Келин, ҳеч қанча бўлгани йўқ, болаларини ухлатиш учун опкириб кетганига. Кун бўйи чарчади-да. Нон ёпди, уй тозалади, кир чайди. Чой-пой ичасанми?

Ўғли ғалати қараш қилди.

– Ўзингиз дамлаб бермоқчимисиз?!

Чол ўзига ўхшамайроқ жилмайди. Шу топда кўз ўнгига шунақа жилмайиб тургувчи кампири келиб кетди. Оғир хўрсинди.

– Дамлаш ҳам иш бўптими? Биргалашиб ичамиз-да.

Ўғли оғир ўшшайди.

– Кун бўйи чой дамлаб бермадими келинингиз?

Мирсиддиқ чол ҳушёр тортди.

– Келинлар доим хизматда, ташвиш қилма. Мен фақат, бирга чой ичайлик, деяпман, холос, ўғлим.

Ўғил қўл силтади.

– Бир-икки соатдан кейин тонг отади, дада. Ўзи яғири чиқиб кетди, чарчадим. Чой тугул манавинақанги қаққайиб туриш ҳам зил кеп турибди. Майли, яхши дам олинг.

Катта ўғлининг уйидан бир зум шанғир-шунғир товушлар чалиниб турди-ю, чироқ ўчиши билан овози ўчди.

Мирсиддиқ чол қўлидаги сувсиз обдастани бир четга қўйди-да, пайпоқсиз илиб чиққан кавушини ечиб, ичкарига кирди. Чоғроққина хона кўзига янаям тордек туюлиб кетди. Боя ўғлига минғирлаб гапирганида бу сўзлар ўзининг оғзидан чиққани билан ўзиники эмаслигидан, бироз ноўхшашроқ туюлганидан ўзиям, ўғлиям ғалати ҳолга тушиб қолгани хаёлини чирмади. Нега ундай бўлди ўзи? Ўйлаб кўрса, бу кампирининг гаплари экан. Ўғилларининг кўнглини юмшатиш учун атай топган гаплари экан. Энди кампирига ўхшаб ўзи кўнгил овлашга тушиб қолдими? Эртаю кеч набираларига бош бўлиб, кампирининг йўқлигини билдиргиси келмай қолдими? Кампирининг руҳини шу билан шод қилишни хоҳлаб қолдими? Во, дариғ!

Мирсиддиқ чол яланг оёқларини бир-бир босганча ўрнига бориб ўтирди ва хаёлга толди.

Тоҳиржон ЙЎЛДОШЕВ