ҚАТРАЛАР
Одмигина кийинган бу кишига аввалига ҳеч ким эътибор бермади, давранинг бир четига бориб ўтирди. Суҳбат авжига чиқди...
Сўнг... Уни кийимига қараб кутиб олганлар, ақлига қараб кузатиб қўйдилар.
Оилада унинг айтгани айтган, дегани деган бўлди. Ҳар нарсани ўзи ҳал қилиб, ўзи хулоса чиқарди. Фарзандининг ҳаёт йўлиниям белгилаб берди ва хато қилди. Шундай хатоки, тузатиб бўлмади. Тузатиш учун умриям етмайди. Энг ёмони, бирники мингга татиди, хатонинг жабрини бутун оила “баҳам” кўрди.
У қаср қурди. Тепасига қараган кишининг бошидан дўпписи тушади. Ичига кирган киши адашиб кетади. Ҳашамдор, жимжимадор, ўзига хос ва бетакрор!
Ҳамма шароит муҳайё, ҳамма нарса бор!
Тўлқинлар бир жуфт балиқни қирғоққа ирғитиб юборди. Типирчилай-типирчилай жон берди шўрликлар.
У бу бинога кириб келганида ҳамма ўз иши билан андармон эди. Кимдир қоғоз кўтариб йўлак бўйлаб шошиб кетган, кимдир ёнидаги кишига ниманидир уқтирган. Қай бир эшик очиқ, қай бири берк. У бирпас атрофга аланглади. Сўнг ҳассасига таянганича аввал биринчи қаватни, сўнг иккинчи қаватни кезиб чиқди. Тўрдаги хонага яқинлашганида юрак уриши тезлашди. Ҳазилми, қарийб ўттиз йиллик умри шу жойда муҳрланган. Шу хонада ўтириб ишлаган. Худди ҳозиргилардай елиб-югурган. Қувонч-у ташвишларига шу хона гувоҳ.
У секин ичкарига мўралади. Креслода ўтирган ёшгина жувон нима биландир машғул эди. Уни кўриб, келинг, хизмат, деди.
У ўтирди. Хаёлини хотиралар чулғаб олди: илк ишга келган куни, куч-қувватга тўла навқирон йигитлиги, гоҳ мақтов эшитиб, гоҳ танбеҳ олгани, чоп-чоплар ичида умри ўтиб боргани, кексаликнинг нуқси уриб, сочларига оқ оралагани, шижоати сусайгани, пенсияга чиққани ва болалари қўймай аёли иккисини пойтахтга олиб кетишгани...
...Қишлоғига қайтганидан буён икки хаёли шу томонда. Нимадир уни шу томон етаклади. Нимадир уни ўзига тортди. Келишга келди-ю... Ҳеч ким уни танимади, у ҳам ҳеч кимни танимади... Ўша “нима”ни тополмади... Кўргани ва танигани фақат ўша савлатли ва салобатли бино бўлди...
Бино ҳануз навқирон, ҳануз ҳашаматли, ҳануз ғоздай керилиб турибди.
Қўлидаги ҳассасига қаради. Инсон қанчалар омонат. Инсон қанчалар ожиз. Вақт қанчалар бешафқат.
Қишлоқдан шаҳарга келин бўлиб келди у. Қутичадайгина ҳовли, бежирим, бекам. Тўрт томони баланд уйлар. Деворларидан тортиб ерларигача мармар билан қопланган, сип-силлиқ, ялтирайди. Супуришниям ҳожати йўқ, бир сув қуйилса бас, ҳамма жой чиннидай ялтирайди. Хуллас, ҳеч нарсадан ками йўқ.
Фақат... Ернинг ҳидини соғинади у.
Рўзғор деб аталмиш араванинг барча юкига бир келин елкасини тутди. Бозор-ўчаргаям улгурди, сигир бузоғу қозон-ўчоққаям. Қайнонасининг қўлини совуқ сувга урдирмади, қайнотаси ҳурматини жойига қўйди. Вақтида кир ювди, вақтида овқат қилди, хуллас, ҳамма ишни бир ўзи эплади.
Хонадонга иккинчи келин келди. Сўнг учинчи... “Сенга сол, менга сол”, бошланди. Уйдаги келин ҳам “айниди”. Бировига бола баҳона, бировига эр, бошқасига беморлик...
Чўпон кўпайганди, қўй ҳаром ўлди...
У қозонни кавлагани кавлаган бўлди, гўшт қидириб. Аслида қозонда гўштнинг ўзи йўқ.
Чўмичгаям бор нарса чиқади-да.
Унинг суви лойқа келди. Атрофидан кимдир сувлар тинишидан умидвор қилиб далда берса, бошқаси томошабин бўлиб турди. Яна бири чўп суқиб, сувни бадтар лойқалатди.
Вақт келиб сувлар тиниди, ҳаммаси жойига тушди. Фақат у ёнидагилар кўнглини китобдай ўқийдиган бўлди.
У фақат осмонга қараб юрди, кўкрагини кериб, тумшуғини кўтариб. Оёғи остига қарамадиям. Аммо унга оёғи остидан чиқиб чил беришди. Қайта туролмайдиган бўлиб йиқилди.