May 18, 2023

АКА-УКА ГРИММЛАР

АКА-УКА ГРИММЛАР

Ака-ука Гриммларнинг қисқача таржимаи ҳолида улар биринчи навбатда тилшунос бўлгани ва олмон халқ оғзаки ижоди тадқиқотчилари экани айтилган. Аммо улар халқ ижоди намуналарини қайта ишлаганлар ва бу эртак­лар тўплам сифатида нашр этилган. Бу уларнинг донғини дунёга достон қилган. Ҳозирга келиб бу эртаклар дунёнинг икки юздан ортиқ тилларига таржима этилган.

ГРИММ ҚОНУНИ

Улар илмий соҳада ҳам муҳим из қолдирган. Машҳур эртакчилар германистика – филология­нинг алоҳида соҳаси бўлган герман тиллари ва шеваларининг тадқиқотига асос солишган. Улар кашф этган олмон тилида ундошларнинг сурилишига оид тилшунослик қонуни Гримм қонуни деб аталади.

ВИЛЬГЕЛЬМ БАШОРАТИ

Ака-ука Гриммларнинг эртаклари бир неча бор танқидга учраган, кейинчалик эса, бошқа муаллифлар томонидан қайта ишланиб, нашр этилган. Уларда ахлоққа зид тафсилотлар, шафқатсизлик саҳналари ва бошқа камчилик­лар бўлгани учун болаларга ўқиш учун тавсия этилмаган. Умуман, ака-ука Гриммлардан бири, аниқроғи, Вильгельм халқ эртакларини болаларга “мослаштириш”, бироз юмшатиш лозимлигини айтади, аммо унинг акаси Якоб укасининг таклифини рад этади.

АДАБИЁТНИНГ БЎЛИНИШИ

Ака-укалар адабиётни иккига – сунъий ва табиий адабиётга бўлишган. Биринчисига шоир ва ёзувчилар яратган асарларни, иккинчисига эса халқ оғзаки ижодини киритишган. Шунинг учун улар ўзларининг эртак­ларини “болаларга хос бўлмаган” – асли ҳолича нашр қилишган. Эртакларни улар ўзи ёзмаган, балки герман қиролликлари ва князликларида яшаётган халқ тилидан ёзиб олишган.

САККИЗ ЎҒИЛ, БИР ҚИЗ

Аслида ака-ука Гриммлар икки киши бўлмаган, уларнинг ота-оналари саккиз ўғил ва бир қизни тарбия­лашган. Фақат иккитаси – Якоб ва Вильгельм адабиётга қизиққан. Уларнинг укаси Людвиг эса, истеъдодли рассом бўлиб, акалари жамлаган эртакларга суратлар ишлаган. Айнан Людвиг ишлаган расмлар келажакда бошқа рассомларнинг иллюстрацияларига асос вазифасини ўтаган.

БИРИНЧИ ТЎПЛАМ

Улар тайёрлаган биринчи тўпламга 86та эртак жамланган бўлиб, жами 900 нусхада чоп этилган. Аммо бу тўплам чиқишидан икки йил олдин ака-укалар 49та эртак киритилган биринчи қўлёзмани ёзувчи ва шоир Клеменс Брентанога танишиб чиқиш учун юборишади. Бироқ Брентано қандайдир сабабга кўра қўлёзмани ака-укаларга қайтармаган.

Ака-ука Гриммлар умрларининг охирида дунё­да биринчи немис тили изоҳли луғатини тузишга қарор қилишади. Афсуски, улар бу кенг қамровли ишни ниҳоя­сига етказишолмайди, иш D ва F ҳарфларига келиб тўхтайди. Аввалига Вильгельм тўсатдан вафот этади, орадан тўрт йил ўтиб навбатдаги сўзга изоҳ ёзаётган Якоб иш устида жон беради. Улар бошлаган луғатни Гёттинген университети ва Берлин фанлар академияси олимлари давом эттиришади ва бу улкан вазифа 1960 йилга келибгина ниҳоясига етади.

ГРИММЛАР ВА АНДЕРСЕН

Бир гал Европа бўйлаб саёҳатга чиққан Андерсен ака-ука эртакчилар билан танишишни истайди. Остонада уни Якоб кутиб олади ва Ханс Христианни танимаслигини айтади. Бундан таажжубга тушган Андерсен кўзига ёш олиб қайтади. Кейинчалик Якоб Вильгельм билан бирга Андерсеннинг ҳузурига меҳмонга боришади ва бу сафар узоқ давом этган дўстликка асос солади.