БИРИНЧИ ҲИКОЯ ВА КАСБ ТАНЛАНИШИ
Михаил Булгаков илк ҳикояси – “Светлананинг саргузаштлари”ни етти ёшлигида ёзган. Гимназиянинг бешинчи синфида ўқиётганда “Бош врачнинг бир куни” номли фельетони, бир неча эпиграмма ва ҳазил шеърларини ёзган. Бироқ бўлажак ёзувчи келажакда шифокор бўлишга қарор қилган эди: икки тоғаси Москва ва Варшавада шифокорлик қиларди ва Булгаков бу касбнинг барчага кераклиги, моддий жиҳатдан яхшилигини болалигидан катталарнинг суҳбатларида эшитганди. У 1916 йили Киев университетининг тиббиёт факультетини тамомлайди ва фуқаролар уруши даврида жарроҳ бўлиб ишлайди, шунингдек, оқшомлари ҳикоялар ёзади. Аммо 1920 йилга келиб Булгаков тиббиёт соҳасини тарк этади ва Владикавказ инқилобий қўмитасида адабиёт ва театр бўлими мудири бўлиб ишлай бошлайди.
Ёзувчи бир куни Сталин билан телефон орқали суҳбатлашади. Бу Булгаковнинг асарларини нашр этиш ва пьесаларини саҳналаштириш таъқиқланган пайтда рўй беради. Асабийлашган М.Булгаков Шўро ҳукуматидан хорижга чиқиб кетишга рухсат сўраб хат ёзади. Тез орада унинг уйидаги телефон жиринглайди ва Сталин ёзувчидан чет элга кетиш ҳақидаги қарори чинми, деб сўрайди. Бу саволга Булгаков “сиёсий ҳушёрлик” билан “ёзувчи ватанидан ташқарида яшай олмайди”, деб жавоб беради.
Шундан сўнг Сталин унга МХАТга мурожаат қилишини айтади ва ёзувчини шу ерга ишга қабул қилишади.
1925 йили Булгаковга яқиндагина нашр этилган “Оқ гвардия” романи асосида МХАТда саҳналаштириш учун пьеса ёзиб беришини сўрашади. Аммо тез орада Адабиёт ва нашр ишлари бўйича бош бошқарма ёзувчи “Итюрак” номли янги қиссасида инқилоб танқид қилингани учун нашр этишни таъқиқлайди. Булгаковнинг уйида тинтув бўлади, ОГПУ ходимлари ёзувчининг кундаликлари ва қиссанинг қўлёзмасини олиб кетишади. Бадиий театрдаги саҳналаштириш ишларини эса, Репертуарларни назорат қилиш бош қўмитаси ўз назоратига олади. Уларнинг талабига кўра асар “Турбинлар кунлари” деб қайта номланиб, айрим саҳналар олиб ташланади.
“ИВАН ВАСИЛЬЕВИЧ КАСБИНИ ЎЗГАРТИРАДИ”
1934 йили Михаил Булгаков “Иван Васильевич” номли комедиясини ёзади. Унинг бош қаҳрамони москвалик ихтирочи Николай Тимофеев вақт машинасини яратади ва унинг ёрдамида Иван Грозний даврига бориб қолади. Иван Грозний образида Иосиф Сталиннинг қиёфасини акс эттиришга интилади. Шу боис ёзувчи ҳаётлигида унинг пьесаси нашр этилмайди. Аммо 1973 йили Леонид Гайдай бу асар асосида “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” номли машҳур фильмини суратга олади.