July 20, 2023

“ЗОМИН ИЛҲОМЛАРИ”

“Sahhof” нашриётида “Зомин илҳомлари” номли шеърлар, ҳикоялар, очерклар, мақолалар тўплами чоп этилди. Тўпламдан Зомин семинарида янграган шеърлар, анжуман таассуротлари асосида ёзилган ҳикоя, очерк, мақолалар ҳамда ижодкорлар дам олишлари ва соғликларини мустаҳкамлашлари учун барпо этилган “НКМК” cанаторийсида ҳордиқ чиқарган ёзувчи, шоирлар қаламига мансуб асарлар ўрин олган.

Ушбу китоб уч йилдан буён Навоий кон-металлургия комбинати Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда амалга ошириб келаётган ишларнинг мантиқий давомидир. Чунончи, 2020 йилда ҳам “Кенгликлар сурури” номли тўплам чоп этилган эди.

– Шеърият, умуман, китоб одамларни фақат яхшиликка томон етаклайди, ўқувчиларга маърифат улашади, маънавиятни бойитади, – дейди лойиҳа раҳбари, “НКМК” АЖ Бошқарув раиси – Бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов, – китобхонни ватанпарварликка, эзгу ишларга чорлайди. Бугунги кунда “Зомин илҳомлари” каби самимий, халқона асарлардан таркиб топган китобларга эҳтиёж катта.