ВОДИЙДА “ЎЗБЕКИСТОН АДАБИЁТИ ВА САНЪАТИ” ГАЗЕТАСИ КУНЛАРИ
Водийнинг Наманган ва Фарғона вилоятларида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталик адабий газета ижодий жамоаси вакиллари, унинг жойлардаги фаол муаллифлари, олимлар, шоир-ёзувчилар иштирокида қатор учрашувлар бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирларда бугунги кунда Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдевори яратилишида маданият-санъат, адабиётнинг ўрни кенг ёритиб борилаётган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг чекка ҳудудларга етиб бориши ҳақидаги муаммоларга ҳам тўхтаб ўтилди. Халқ ичига бориш, оддий одамларнинг дардига қулоқ солиш, улар билан самимий мулоқот олиб боришнинг энг мақбул йўли газета экани, бу ўринда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси аҳолининг яқин ҳамдард-ҳамроҳига айланиб улгургани, лекин кейинги пайтларда газетанинг жойларга етиб бормаётгани сабабли, бу мулоқотларда узилишлар бўлаётгани афсусланарли экани қайд этилди.
– Маданий-маърифий тадбирлар ёшлар камолоти йўлида юксак аҳамиятга эга, – дейди “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган бўлими бошлиғи, шоир Зиёвуддин Мансур. – Китобга, газета-журналларга ихлос авваллари ўн минглаб нусхаларда вилоятимизга етиб келган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мисолида намоён бўлган. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Адабиёт – халқнинг юраги” шиорини ўртага ташлаганлари, ҳукуматимизнинг аҳоли орасида китобхонлик масалаларига эътиборни кучайтириш борасидаги чора-тадбирлари ўзимизнинг севимли газетамиз орқали самарали натижалар беради, деб ишонамиз.
Адабиётга оид мана шундай муҳим ва долзарб мавзулар таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар томонидан газета саҳифаларида ёритилиши, албатта, зарур ва керак. Аммо газета етиб бормаса, бу муҳим ишларни оддий одамлар қаердан билсин? Мана шу муҳим жиҳатлардан келиб чиқиб, ташаббусни яна ўз қўлимизга олишга аҳд қилдик, келгуси 2014 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси вилоятимизга минг нусхадан кам бўлмаган миқдорда етиб келишини таъминлаймиз. Бундай дадил ваъдага газетанинг сифат жиҳатдан юксалиб бораётгани асос беради. Қолаверса, вилоятимиздаги энг муҳим сиёсий-ижтимоий, маданий-маърифий, иқтисодий ўзгаришларни, ислоҳотларни, фидойи замондошларимиз образлари акс этган мақолаларни газета саҳифаларида ёритиб боришни, Ватанимиз Мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида уни алоҳида китоб ҳолида нашр этишни таҳририят билан келишиб олдик.
Ҳа, ҳақиқатан бугунги ўзбек адабий жараёнининг кўзгуси бўлган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг республикамизнинг турли ҳудудларига кенг тарқалиши юртимиз камоли, Учинчи Ренессанс пойдеворини қўяётган Янги Ўзбекистон маданий муҳити янгиликларидан барчани бохабар этишга хизмат қилади. Бу эзгу мақсад маънавият ва маърифат фидойиларининг муқаддас бурчи экани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Мамлакатимизнинг айрим жойларида мажбурий обунага барҳам бериш ҳақидаги кўрсатмалар замиридаги эзгу мақсадлар нотўғри талқин қилиниб, газета-журналларга нисбатан жоҳилона муносабатни келтириб чиқараётгани куюнчаклик билан қайд этилди.
Фарғона вилоятида ташкил этилган тадбирлар жараёнида Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими бошлиғи Дилшода Эргашеванинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетамизнинг тарғиботи борасида кенг қамровли фаолият олиб бораётганига гувоҳ бўлдик. Жумладан, Қўқон педагогика институтининг ахборот-ресурслар марказида бўлиб ўтган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” муштарийлари билан учрашув ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Республикамиздаги олий ўқув юртлари орасида ўзининг нуфузли ўрнига эга бўлган институтнинг ўзбек филологияси факультети декани, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Барно Ҳасанова Қўқон адабий муҳити азал-азалдан ўзбек адабиётига кўплаб ёрқин намояндаларни етказиб берганини, улар ижодидан Адабиёт кунларида водийнинг ихлосманд халқи яна баҳраманд бўлаётгани хусусида сўз юритар экан, институт талабалари орасидаги ёрқин истеъдод эгаларининг ижод намуналари бундан буён “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида кўпроқ ёритиб борилса, бу ёшларга рағбат бўлишини, яна-да юксак парвозларга ундаб, аждодлари йўлини давом эттиришини айтиб ўтди.
Тадбирда газета саҳифаларида республикамизнинг барча вилоятларидаги ижодкорлар қамраб олинишига аҳамият берилишини, ёшлар учун алоҳида рукнлар ташкил этилаётгани, ҳаттоки, истеъдодли мактаб ўқувчилари ҳам бундан четда қолмаётгани ва қолмаслиги таъкидлаб ўтилди.
Қўқон давлат педагогика институтида кейинги йилларда амалга оширилаётган самарали ишлар унинг рейтинги кўтарилиб бораётганида акс этгани каби унинг таркибидаги филология факультети фаолияти ҳам намунали тарзда яхшиланиб бораётганини айтиб ўтиш лозим. Учрашувда сўз олган факультетнинг Ўзбек адабиёти кафедраси мудири Барнохон Абдураҳмонова, қўқонлик шоир Собир Жаббор бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтган бўлса, талабалар Наврўза Турсунова ва Дилҳаёт Сотволдиевнинг чиқишлари олқишлар билан қаршиланди. Учрашув таассуротларга бой бўлди.