МЕРИ ПОППИНСНИНГ ОНАСИ
Адибанинг асл исм-фамилияси Хелен Линдон Гофф. У Австралияга Ирландиядан келиб қолган муҳожир оиласида туғилган.
Хелен болалигидан актриса бўлишни орзу қилган. Ёшлигида Сиднейда шу мақсад йўлида илк қадамларини қўйган, ҳатто Шекспирнинг “Ёз оқшомидаги туш” пьесасида Титания ролини ижро этган. У “биллур овози ва кўҳлик латофати” билан ажралиб турган.
Тахаллус олиш ўша даврларда актрисалар учун урфга кирган эди, шунинг учун Хелен эрта вафот этган севимли отаси исмини тахаллус сифатида танлайди – Памела!
Памела Линдон Трэверс шундай пайдо бўлган.
Сирли Памела Трэверс
П.Трэверснинг хийла сирли аёллиги турли тахмин ва миш-мишларга сабаб бўларди. Унинг кўплаб ишқий саргузаштлари, инглиз разведкасига хизмат қиладиган жосус ва бошқа кўплаб томонлари ҳақида гап тарқалган эди. Уларнинг қайси бири ҳақиқат, қайси бири уйдирма эканини биров билмасди.
Памела Трэверснинг ўғли
Памела одамови бўлган. У оила қурмаган ва қирқ ёшида фарзанд асраб олган. Мунажжим башорати билан (у ҳар бир ишини мунажжимлар билан маслаҳатлашиб қилган) эгизак болалардан бирини боқиб олади. Болани ҳеч нарсадан кам қилмай энг яхши мактабларда ўқитади, унинг истеъдодли, ижодкор бўлишини орзу қилади. Аммо асраб олинганини боладан сир сақлайди.
Камиллус 17 ёшга кирганда эгизагини кўриб таниб қолади. Бу болага кучли таъсир қилади ва у ўгай онани алдагани учун кечиролмайди. Шундан сўнг унинг ҳаёти парокандаликка юз тутади, у ўқишни ташлаб, ичкиликка берилади.
Ёзувчи бор меросини Камиллусга қолдиради, уни бирданига сарф қилиб юбормаслиги учун қолдирган пулини бўлиб-бўлиб беришни васият қилади. Камиллус 2011 йили Лондонда вафот этади.
Мэри Поппинснинг яратилиши
Ёш адибанинг хаёлида қаттиққўл ва кибрли, аммо оқкўнгил ва меҳрибон Мэри Поппинс образи қачон пайдо бўлгани ҳақида мунаққидлар ҳануз бир тўхтамга келишгани йўқ. П.Л.Трэверснинг ўзи эса, бу образ хаёлида қачон пайдо бўлганини эслай олмаслигини айтади. Эҳтимол, болаликда кичкинтой Линда сингилчаларини тинчлантириш учун ғаройиб воқеаларни сўзлаб берганда пайдо бўлгандир. Ёки ўзи зотилжам касаллигига чалиниб, ёлғиз қолган пайтларида ўйлаб топгандир. Хуллас, 1926 йили ёш журналист П.Л. Трэверс ўзи ишлайдиган “Christcharch Sun” газетасида “Мэри Поппинс ва гугурт сотувчи” ҳикоясини эълон қилади. Кейинчалик бу ҳикоя асарнинг иккинчи бобидан жой олади.
1934 йилдан 1988 йилгача ғаройиб энага ҳақида саккизта китоб ёзилади, аммо биринчи китобдаги юксак муваффақият кейинги китобларда такрорланмайди. Дастлабки учта китоб анъанавий трилогия, қолган бешта китоб эса қўшимча сифатида қабул қилинади.
Фильмлар
Мэри Поппинс ҳақида жами учта фильм суратга олинган. Асар 1964 йили биринчи марта экранлаштирилган. Дисней студиясининг маҳсулоти ўша давр учун бениҳоя қимматли саналган. Кейинчалик кинотасмаларда мультипликация қаҳрамонларини актёрлар билан бирга суратга олиш анъанага айланади. 60 йил олдинги кино учун бу натижа ёмон эмас эди.
“Мэри Поппинс” фильми бир йўла бешта “Оскар” мукофотига, шунингдек, бир неча бошқа мукофотларга ҳам сазовор бўлган.
2013 йилда бу фильм Америка Қўшма Штатларининг “Ноёб фильмлар рўйхати”га киритилган.
2018 йили суратга олинган “Мэри Поппинс қайтмоқда” фильми эса, дастлабки фильм эришган ютуқларини такрорлай олмади.