July 20, 2023

ҚУЁШ БОБО УЙҒОНСА...

Тожигул ЙЎЛДОШЕВА

АЛИШЕРНИНГ ЖАВОБИ

Беш ёшли Алишерга

Йўлда бергандик савол.

Жавобини эшитиб,

Доно, Ойша – қолдик лол.

“Стол устида бешта,

Бор эди, дедим, олма.

Учтасин опанг олса,

Сенга қанчаси қолар?”

Алишер дер: “Учтага

Опажоним тўяди.

Қолган олмаларни-чи,

Синглим олиб қўяди”.

БЎШ ВАҚТ

Бошин эгиб Аброржон

Борди она ёнига.

“Бир айб қилдим билмайин,

Ўйнаб юрган чоғимда.

Кўзгуйингиз синдирдим,

Лек куйинманг, она, хўп,

Отам айтдилар энди

Вақтингиз бўларкан кўп”.

УЙ ВАЗИФАСИ

Қўлига олиб дафтар,

Устоз куйиб сўзларди:

“Бекзоджон, вазифангни

Нега аянг бажарди?”

“Ўзга илож йўқ, устоз,

Шундай бўлади ҳар дам,

Бажаради-да ахир,

Сафарга кетгач дадам”.

Хоразм

Сарвиноз ҚАЗАҚОВА

ТОНГГИ ТАБИАТ

Тоғ ортидан мўралар

Қуёш бобо нур сочиб.

Тун чекинар ой билан

Оқ тонгга эшик очиб.

Шамол эсар бир майин,

Майсаларни эркалаб.

Чумолилар меҳнатда,

Ўтади дон елкалаб.

Қушчаларнинг сайраши,

Баҳри дилинг очади.

Укажоним бир яйраб,

Уларга дон сочади.

Капалаклар шўх-шодон

Гуллар билан ўйнайди.

Арилар “виз-виз”лашиб,

Ажойиб куй куйлайди.

Тонгги манзара бирам

Чиройлидир, албатта.

Сеҳргар баҳор фаслин

Кузатаман ҳайратда.

РАҲМДИЛ БОЛА

Акам қамаб қўйларни

Жонин қўйди озорга.

Мен: ўйнасин яйраб, деб,

Ҳайдадим буғдойзорга.

Кенг буғдойзор, далада

Қўй-қўзилар маърашиб,

Хурсанд бўлиб ейишар

Ўт-ўланни талашиб.

Менга эгиб бошини

Гўё айтар кўп раҳмат.

Уларни қутқардим-да

Қафасдан, чекиб заҳмат.

Фақат акам хафадай,

Турибди таъби хира.

Пешонаси тиришиб,

Қовоғин очмай сира.

Бошини эгиб аста

Юриб келди мен томон.

Пичирлаб деди секин:

“Бўлади ҳозир ёмон!”

Қўлга олиб калишин,

Қувлаб кетти-е тинмай.

Ура-ур қочиб қолдим,

Айбимни ўзим билмай.

ШАПАЛОҚ

Бир куни кеч тушганда,

Ўйнаб “топган-топалоқ” .

Дакки олиб онамдан,

Едим икки шапалоқ.

“Ия, нега?” дейсизми?

Айб ўзимда эди-да.

Али яширинган эди,

Деразанинг четига.

“Кимсан?”– дея тош отдим,

Мен унинг соясига.

Қарс этиб тегиб кетди

Қўшнимиз ойнасига

Сирдарё

Шоҳида ЖЎРАЕВА

ЧУВАЛЧАНГ

Деди кичкина Ориф:

“Мен илонни ушладим,

Теша билан бир уриб,

Тўртга бўлиб ташладим!”

Ҳамма унинг гапидан

Бўлиб қолди ҳангу манг.

Ўша илон аслида

Экан оддий чувалчанг!

ГАПНИНГ МАҒЗИ...

Каримжон катталарнинг

Гапига бўлди ҳайрон.

Гапнинг мағзи бўларми

Бу дунёда ҳеч қачон?

Ойисига деди у:

“Гапнинг мағзи бормикан?

Ўзи қандай бўлар у,

Таъми ширин, зўрмикан?".

Ойиси деди кулиб:

“Тушунмайсан бу гапга,

Ўзинг оласан билиб,

Борганингда мактабга!”

УЙҚУ ВАҚТИ...

Жажжи Анвар

отасига қарабди,

Сўнг хўрсиниб

аста ундан сўрабди:

“Ҳар кун оқшом

менга эртаклар айтиб,

Ухлатасиз, ахир

бу – қандай тартиб?

Эрта тонгда

эртак айтса бўлмасми?

Ё бошқа вақт

эртак эсга келмасми?”

Ота кулиб,

ўғлига деди шундай:

“Эрта тонгда

эртак айтаман қандай?

Ўғлим, тонгда

эртак айтиш беҳуда,

Ахир, тонгда

бўласан-ку уйқуда!”

Қашқадарё

Дилшода

АБДУМУТАЛЛИБОВА

ТАРВУЗЛАР ҚИШЛОҒИ

Ғарқ пишибди тарвузлар

Қишлоғимиз боғида.

Зилол сувлар ичишар

Меҳридарё тоғидан.

Қуёш бобо уйғонса,

Ғайрат кирар фермерга.

Шиддат ила иш бошлар,

Пешона ботиб терга.

Шукроналар қилайлик,

Еру осмон, замонга.

Егингиз келса, келинг,

Тарвузқишлоқ томонга.

БОБОМ

Бозор томон боргандик,

Қовун-тарвуз кўп экан.

Деҳқон бобом эл учун

Меҳнат қилиб, тер тўккан.

Кетмон тошга урилиб,

Ўт чақнаб билагидан.

Сепди бобом донини,

Ҳосил мўл керагидан.

Алпомишдек паҳлавон,

Бобожоним миришкор.

Меҳнати зое кетмас,

Ҳар ишда ўзи илғор.

Андижон