May 26, 2023

АЛДАГАНИ БОЛА ЯХШИМИ?

Бундан анча йиллар бурун кечки пайт бериладиган “Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да, тўқ экан, Бўри баковул экан, Тулки ясовул экан, Қарға қақимчи экан, Чучуқ чақимчи экан...” деб бошланадиган “Бор экан-да, йўқ экан” радиоэшиттириши болаларни ўзига сеҳрлаб қўярди. Радио атрофида жам бўлган болалар мароқ билан эртак тинглашарди.

Ҳали ўқиш, ёзишни билмайдиган мактабгача тарбия ёшидаги болалар учун бу ниҳоятда мароқли эшиттириш эди. Буни ўрта яшар кишилар яхши эслашади. Уларнинг китоб ўқишга қизиқиши ҳам шундан бошланган бўлса, ажабмас. Гарчи у пайтларда ҳозиргидек китоблар кўп эмас эди...

Бугунги кунда болалар умуман радио эшитишмайди. Фан ва техника ривожланиб кетгани боис, кўпчилигининг вақти телевизор кўриш ёки телефон “титкилаш” билан ўтмоқда. Болаларнинг маънавият даражаси пасайиб кетаётгани, уларни китоб ўқишга ўргатиш зарурлиги хусусида мунтазам гапирамиз. Лекин болалар адабиёти қай аҳволда? Кичкинтойларни ўзига жалб қилиб оладиган асарлар яратилаяптими? Нашриётлар, айниқса, хусусий нашриётларнинг болалар учун мўлжалланган китоб­лари сифати талабга жавоб берадими? Бу каби саволлар келажак авлод тақдирига бефарқ бўлмаган, замонавий гаджетларга боғланиб қолаётган болаларни китобхонликка жалб этиш зарурлиги тўғрисида қайғураётган ижодкорларни хавотирга солиши тайин.

Набирамга китоб сотиб олиш учун Чирчиқ шаҳримиздаги китоб дўконларига кирдим. Катта бир шаҳарда атиги иккита кичкина китоб дўкони борлиги одамларнинг китоб мутолаасига муносабатини кўрсатиб турибди. Агар китобхонлар сони кўп бўлганида, китоб дўконлари ҳам ўз-ўзидан кўпайиб кетган бўларди. Жавонлардаги китобларни кўздан кечирар эканман, Худойберди Тўхтабоевнинг, яна чет эл ёзувчиларининг бир-икки китобидан бошқа “ялт” этиб кўзга ташланадиган нашрларни кўрмадим. Қизиқувчанлигим устун келиб, кичик ҳажмдаги бир нечта китобчани харид қилдим.

Муҳаббат Ўринбой қизининг “Онамнинг эртаклари” китоби эътиборимни тортди. 2018 йилда “Дониш чироғи” нашриётида чоп этилган, юпқа муқоваси чиройли ишланган бу китобчага олтита кичик ҳажмдаги эртак жамланган экан, уларни эринмай ўқиб чиқдим. Эртаклар равон, болаларга тушунарли тилда ёзилган, мазмунан бой. Лекин китобни очган кишининг кўнг­ли хира тортади. Сабаби, китоб сифатсиз қоғозда, ўта хира оқ-қора расмлар билан босилган. Хаёлимдан бу китоб ранг-барангликни яхши кўрадиган болаларга ёқармикан, деган фикр ўтди. Ахир, китоб болалар дунёқарашини кенгайтириш билан бирга, уларнинг эстетик дидини ҳам тарбиялайди-ку. Болаларга мўлжалланган китоблардаги расмлар дид билан танланган, ўзига жалб этадиган ёрқин рангларда бўлсагина ўқувчиларни зериктирмайди. Юксак савияли китоб ва унга муносиб ишланган расмлар болалар хулқини, дидини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

“Эртаклар олами” деб номланган китобча ҳам битта ҳикоя ва тўртта эртакдан иборат, юпқа қоғозда “Тафаккур қаноти” нашриёти томонидан 2017 йили чоп этилган. Муаллифи кўрсатилмаган. Номаълум адибнинг “Тилсимтоғ” номли эртаги ҳаддан ортиқ чўзилиб кетган. “Сирли уйча” эртагини ўқиб чиқиб, ҳеч қандай маъно топ­мадим. Унда ёзилишича, бир уйчага пашша, кўрсичқон, қурбақа, қуён, бўри ҳамда тулки йиғилади, охирида келган айиқ уйчани яскон қилиб ташлайди. Тамом-вассалом. Бу болага қандай маънавий озуқа бериши мумкин?

Шаҳодат Исахонованинг 2019 йили чоп этилган “Антиқа зиёфат” китобидан ўрин олган ҳикоялар чуқур мазмунга эга. Чиройли ёзилган, бир ўтиришда ўқиб чиққингиз келади. Бироқ баъзи жойларида катталарнинг ичкилик ичиши, “Антиқа зиёфат” ҳикоясида эса боланинг зиёфатга йиғилган отасининг касбдошлари бир-бирларига “тўнғиз”, “тулки”, “шоқол” каби ҳайвонлар номини лақаб қилиб қў­йиб олишгани, отасининг таъбирича, туппа-тузук одамларнинг бариси меҳмондорчиликда “ҳайвонларга айланиши”ни болалар учун ибрат бўладиган жиҳат, деб бўлмайди. Қолаверса, болаларнинг асар қаҳрамонларига тақлид қилиши ҳам сир эмас. Ёки “Асалча” ҳикоясида олти яшар қизчанинг дугонасига ойимнинг иккита эри бор дейиши, улар вақтинчалик дада эканликларини айтиши мурғак қалбларни “эрта улғайтириб”, ҳаё пардасини кўтариб қўймасмикан?..

“Импресс медиа” нашриётида 2020 йили нашр этилган “Деҳқон билан жин” китобчасининг муаллифини ҳам аниқлашнинг иложи бўлмади. Чунки китобчада бу ҳақда маълумот берилмаган. Лекин бирон-бир халқ эртакларига тегишли эмаслиги замонавий услубда ёзилганидан кўриниб турибди.

Сифатсиз китоблар, катта эҳтимол билан, пул ишлаш мақсадида ададини кўпроқ, нархини арзонроқ қилиш учун хусусий нашриётлар томонидан нашр этилган. Нашриётларга пул тўласангиз бўлди, истаган китобингизни чиқариб бераверишади. Улар учун китобнинг мазмун-моҳияти иккинчи даражада туради.

Китоб ёзаётган ижодкорлар болалар психологиясини яхши билиши, ёш китобхонлар қалбида чиройли ўй-фикрлар уйғотадиган, ёрқин образларга бой, улкан ишларга чорлайдиган мавзуларни қизиқарли тилда баён этишга эътибор қаратиши керак. Қолаверса, умумлаштириб болалар адабиёти деявериб, ўсмирлар ва кичик ёшдаги ўқувчилар ёшини қориштириб юбордик. Китобларимизда ёш мезонлари қолмади ҳисоб.

Аслида ижодкорлар болажонларнинг педагогик-психологик хусу­сият­ларига кўра қуйидаги гуруҳларга мўлжаллаб асар яратсалар нур устига нур бўлар эди. Яратилаётган асарлар: мактабгача тарбия ёшидаги – 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар, мактаб ёшидаги – кичик 7 ёшдан 11-12 ёшгача бўлган болалар, ўрта ва катта мактаб ёшидаги – ўсмир болалар китобхонлиги 13-14 ёшдан 15-17 ёшгача бўлган китобхонларни қамраб олиши керак.

Мактабгача тарбия ёшидаги болаларда ўзларини ўраб турган оламни ва атроф-муҳитни билишга интилишлари кучли бўлади. Ёзувчи болалардаги ана шу интилишни ҳис қилган ҳолда, уларнинг тушуниб олишига ёрдам берадиган воқеа ва ҳодисаларни бадиий образлар орқали тасвирлаб бериши лозим. Шунда болаларнинг тили бойийди, онги ва нутқи ўсади. Бунга Қуддус Муҳаммадийнинг “Болари” шеърини мисол қилиб келтириш мумкин. Шоир шеърда меҳнатсевар жонивор – асаларига хос хусусиятларни оддий тилда тас­вирлайди:

Ғув-ғув учар болари,

Дув-дув учар болари.

Гулдан-гулга қўнишиб,

Шарбат ичар болари.

Мактаб ёшидаги болалар учун ёзиладиган китоблар ранг-баранг, мазмуни теран, ҳажми ҳам каттароқ бўлиши лозим. Ёритилаётган мавзуларда юксак ватанпарварлик, тинчликсеварлик ғояларини акс эттирадиган воқеа-­ҳодисалар, миллий қаҳрамонларимизнинг, машҳур кишиларнинг шарафли ишлари акс этиши керак.

Ўрта ва катта ёшдаги болаларни меҳнат, дўстлик, душманга нисбатан нафрат ва енгилмас ирода, қаҳрамонлик, адолат ҳамда ҳақиқат мавзусидаги асарлар қизиқтиради. Шу боис, уларга инсонни буюк қаҳрамон, номаълум мамлакатларни кезган қўрқмас сайёҳ, афсонавий паҳлавон, иродали қилиб кўрсатиш жоиз.

Мана шу талаблар асосида яратилган ғоявий-бадиий юксак асарлар ёш авлодга ақлий ва ахлоқий тарбия беради. Урф-одатларимиз, миллий қадриятларимизга, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Кейинги йилларда болалар адабиёти соҳасида қалам тебратадиган адибларнинг камайиб бораётгани ҳам сир эмас. Бунинг бир сабаби уларнинг моддий рағбатлантирилмаётгани бўлса, ажаб­мас. Амал-тақал қилиб чиқарган китобни сотолмай сарсон бўлган ижодкорнинг китоб ёзишга рағбати сўниши табиий. Шу ўринда бир мисол келтирмоқчиман. Норвегия­да болалар адабиётига доир янги китоб чоп этилса, ҳукумат 1500 донасини сотиб олиб, мамлакатнинг барча ҳудудидаги кутубхоналарга тасқимлаб тарқатар экан. Бизда ҳам шу тажриба жорий этилса, фойдадан ҳоли бўлмайди.

Чоп этилаётган китоблар имловий, орфографик хатолардан ҳоли, грамматик қоидалар асосида ёзилган бўлиши, болаларда инсоний ҳис-туйғуларни тарбиялаши ва ўз қадриятларини ҳурмат қилиш фазилатларини шакллантириши даркор. Айниқса, нашриёт муҳаррирлари бу масалага жиддий эътибор қара­тиш­лари лозим. Яқинда ўқиб қолдим: чет эллардаги нашриётлар қошида болалар учун мўлжалланган асарлар қўлёзмаларини кўриб чиқадиган педагог ва психологлардан иборат махсус кенгашлар фаолият юритаркан. Бизда ҳам шу тамойиллар жорий этилишини жуда истардим.

Зеро, мана шундай кенгашлар билан нашриёт мутасаддилари ҳам­жиҳат­ликда иш олиб борсалар, яхши китоблар нашр этилиши учун замин яралади. Шунда кичкинтойларимиз қалбида китоб ўқишга истак, юксак ғояларга илҳомлантирадиган ўй-фикрлар уйғонади.

Саодат МУСАЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчиларуюшмаси аъзоси