November 10, 2023

ИЛК ОЧЕРКЛАР

Вашингтон Ирвингни “Америка адабиётининг отаси” деб таърифлашади. Ёзувчи дастлаб “Уйқудаги жарлик”, “Рип Ван Винкль” ҳикоялари билан танилган. Унга АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтонга ҳурмат ва садоқат рамзи сифатида Вашингтон, деб исм қўйишади. Ирвинг 1783 йили туғилган. Ватанга хизматлари туфайли АҚШнинг отаси-асосчиси сифатида элга танилган Жорж Вашингтон эса 1789 йили президент бўлади.

ИЛК ОЧЕРКЛАР

У бир муддат адвокатлик фаолияти билан машғул бўлади. Англия билан уруш пайти, яъни 1812 йили генерал Томпкинсга адвокатлик қилади, сўнгра савдо ташкилотини юритишда ҳамкор бўлади, аммо касодга учрайди. Ирвинг адабий фаолиятини “Letters of Jonathan Oldstyle” номли юморга йўғрилган очерклар ёзиш билан бошлайди.

АМЕРИКАНИНГ КАШФ ЭТИЛИШИ

У Испанияда тўрт йил Американинг кашф этилиши ҳақидаги қўлёзмаларни ўқиб ўрганади. Мазкур тадқиқотларнинг натижаси ўлароқ Христофор Колумб таржимаи ҳоли (“History of the life and voyages of Christopher Columbus”, Лондон, 1828–1830) “Voyages and discoveries of the companions of Columbus” (1831), “Гранаданинг забт этилиши” (“Chronicle of the conquest of Granada”; 1829) ва “Альгамбра” (“Alhâmbra”, 1832) номли романтик ҳикоялар тўплами ёзилади.

ЭЛЧИ

Вашингтон Ирвинг бир муддат Испания қироли саройида АҚШ элчиси вазифасини ўтайди. 1820 йилларда шон-шуҳрати Европада шу қадар юксаладики, уни Испания Тарих академиясининг фахрий аъзоси этиб (1828) сайлашади. Орадан бир йил ўтиб, Лондонда унга Қиролликнинг адабиёт жамиятининг тарих соҳасидаги олтин медали топширилади, шунингдек Оксфорд, Колумбия, Ҳарвард университетларининг фахрий профессори даражаси берилади. 1829 – 1832 йилларда Ирвинг Американинг Лондондаги миссияси атташеси вазифасини бажаради. У ўз ватанига адабиётнинг мумтоз намояндаси сифатида қайтади.

МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ

Вашингтон Ирвинг Христофор Колумбнинг таржимаи ҳолига бағишлаб уч жилдли китоб ёзган. Унда Колумбгача яшаган одамларнинг Ернинг текислиги ҳақидаги фикрлари ҳам киритилган.

Ирвинг биринчи америкалик ёзувчи сифатида дунё­га танилган. Бундан ташқари, у муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қиладиган қонунлар ижросига талабчанликни ошириш тарафдори бўлгани билан ҳам танилган.

ЭЪТИРОФ

Ирвинг ижодини Ж.Байрон, С.Кольридж, В.Скотт, А.С.Пушкин сингари жаҳон адабиёти намоян­далари эътироф этганлар, ундан ўрганганлар. Пушкин ижодида “Альгамбра”даги афсоналар руҳида ёзилган асарлар учрайди (“Олтин хўроз”).

Ирвинг истеъдоди ёрқин, инсонпарвар, зеро, ёзувчининг шахси ҳам шундай бўлган: бироз шўхлик қоришган нафосат, ҳазил-мутойибага йўғрилган табиий соғлом ақл, ҳикмат унинг асарлари руҳига сингдирилган. Ирвинг миллат некбинлиги кўзгуси эди.

ТЭРРИТАУН ШАҲРИ

Вашингтон Ирвинг ҳаётининг сўнгги кунларини ўтказган Тэрритаун шаҳридаги Саннисайд боғи яқинида учта ҳайкалтарошлик намуналари – Дидрих Никербокер, қирол Боабдил ва Рип Ван Винкль ҳайкаллари – ёзувчининг энг муваффақиятли яратилган қаҳрамонлари ҳамон халқ хотирасида сақланади.

Ирвинг дафн этилган 1859 йил 1 декабр куни Тэрритаун шаҳрида барча ташкилотлар ишини тўхтатиб, мотам эълон қилинган. У Эски Ҳолланд черковига яқин Уйқудаги Жарлик қабристонига дафн этилган.