December 1, 2023

“ИЕ-ИЕ” ЎЙИНИ  

Жаҳонгир ПИРМУҲАМЕДОВ

(ҳажвия)

Бир бегона аёл билан эркак поезднинг юмшоқ купесида кетишмоқда. Салом-аликдан сўнг танишиб ҳам олишди. “Қаердансиз, қаерда ишлайсиз, оилангиз борми?” деган савол-жавоблардан кейин йигит китоб ўқишга киришди. Узоқ сукутдан сўнг аёл оғиз жуфтлади:

– Барно йигит, китобни уйда ўқирсиз. Бундай, яхши-яхши гаплардан гаплашиб, зерикмайдиган, қизиқ-қизиқ ўйинлар ўйнаб, юракнинг чигилини ёзиб кетганимизга не етсин?! – деди ноз билан.

Йигит китобини “тап” этиб ёпди-да:

– Қандай ўйин? – сўради синчков кўзларини унинг сурма қўйган шаҳло кўзларига тикиб.

– Ўйинларнинг тури кўп. Масалан, умрингизда эшитмаган антиқа ўйинни таклиф қилмоқчиман. Агар сиз қаршилик қилмасангиз...

Йигит ҳушёр тортиб, жононга юзланди:

– Бўпти! Қани, кўрайлик, қандай ўйин экан...

Аёл йигитга бир ширин табассум ҳадя этиб:

– Ундай бўлса бошладик! – деди ва гапида давом этди. – Бу ўйиннинг номи “Ие! Ие!” деб аталади. Мен сизга “Кўзингизни юминг”, дейман. Сиз юмасиз. Бироздан сўнг “Очинг” дейман, очасиз. Сўнгра навбат сизга келади. Сиз менга “Кўзингизни юминг” дейсиз. Кўзимни юмаман. Бироз ўтгач “очинг” дейсиз. Кўзимни очаман. “Ие! Ие!” ўйини ана шу йўсинда бошланади, – деди.

Йигит ҳеч қаерда эшитмаган ўйинга қизиқиб қолди.

– Бўпти, бошладик! – деди хотиржам.

Ўйин бошланди.

Аёл:

– Кўзингизни юминг, – деди.

Йигит кўзларини юмди.

Аёл бироздан кейин:

– Очинг, – деди.

Йигит кўзларини очиб, бундай қараса... ё алҳазар! Не кўз билан кўрсинки, аёл ечиниб, унинг рўппарасида сув парисидек турибди! “Ие! Ие!” деб юборди йигит бехосдан. Ҳайратдан ўзини бироз йўқотиб ҳам қўйди: “Мўъжиза! Мўъжиза!” – деди кўзларига ишонмай. Сўнг ўзига келиб, аёлга деди:

– Кўзингизни юминг!

У ҳам кўзларини юмди. Бўлар иш бўлди, деб йигит ҳам энди ечина бошлади. Кейин бироз вақт ўтгач:

– Очинг! – деди.

Аёл кўзларини очса, йигит ҳам ечинган.

– Ие! – деди кулиб аёл.

Энди аёл йигитга:

– Юминг! – деди. Йигит кўз­ла­рини юмди. Орадан бир дақиқа ўтгач, аёл йигитга:

– Очинг! – деди.

Йигит кўзларини очса... Ёпирай, шунақаси ҳам бўладими, тавба!! Аёл унинг ўрнига ўтиб, узала тушиб ётиб олибди!

– Ие! – деб юборди йигит оғзи ланг очилиб ва “Охири бахайр бўлсин-да”, деди ичида.

– Кўзингизни юминг, – деди аёлга.

Аёл: “Мана!” деб кўзларини юмди. Йигит эҳтиёткорлик билан унинг ёнига ўтиб ётди ва шивирлади:

– Энди очинг!

Аёл кўзларини очса, йигит хотиржам унинг ёнида ётибди. Аёл:

– Ие! – деди ўзини бироз четга олиб.

Сўнг “Кўзингизни юминг”, дейиш гали аёлга келди.

Йигит кўзларини юмди. Жим­жит­лик... Жимжитлик... Ва, яна жимжитлик... Йигит юрагининг уриши тезлашди. Кўнглига ғулғула туша бошлади. Ҳамон нохуш жимжитлик давом этарди. “Кўзингизни очинг!” деган мулойим, нозик овозни кутавериб, тоқати тоқ бўлди. Таваккал қилиб, кўзларини очиб юборди. Қараса... Эй воҳ! Аёл купеда йўқ!

Йигит кўзларига ишонмади. “Тушимми ё ўнгимми”, деб ўзининг қўл-оёқларини ушлаб, қулоқларини чимчилаб ҳам кўрди. Надоматлар бўлсинки, ўнги эди. Ҳаммаёқ шип-шийдам. Нафақат аёлнинг ўзи, йигитнинг бор буд-шуди, жомадонию ки­йим-кечагигача – барчаси олиб чиқиб кетилган эди?!.

Тақдирга тан берган, поезд вокзалга қандай кириб борганини ҳам сезмай қолган бечора йигит купе деразасидан ташқарига мўлтираб қарарди. Поезд тарақа-туруқ қилиб, вагонлар бир-бирига урилиб, секин тўхтади.

Бироз фурсатдан кейин йигитнинг нигоҳи ташқарида ўзларининг оппоқ кийимларида кетишаётган бир гуруҳ ҳиндларга тушди. Миясига ноёб бир фикр келди: “Мен ҳам манави чойшабни танамга ўраб, бир учини елкамга ташлаб олсам, худди қуйиб қўйгандек ҳинднинг ўзи бўларканман. Оёққа пойафзалнинг ҳожати йўқ. Чунки ҳинд­лар ҳам оёқяланг кетишяпти. Қойил!”

Шундай қилиб, оққа ўраниб олган “ҳинд” йигити поезддан туша солиб, гуруҳга бориб қўшилди. Шу пайт ҳинд­лардан бири йигитга соф ўзбек тилида:

– Сиз ҳам бизга ўхшаб “Ие, Ие!” ўйнаганларданмисиз? – деди аста жилмайиб.

Жаҳонгир ПИРМУҲАМЕДОВ