October 6, 2023

МИСОЛИ ОЛТИН ҚУМ ЗАРРАЛАРИ  

Кези келганда донишманд адибларнинг бир оғиз сўзи залворли асарлар яратилишига туртки бўлади. Ғоя, мавзу тақдим этади. Ўша ғоя, ўша мавзунинг жиловидан маҳкам тутиб олдингизми, марра сизники, бамисоли шамол елканли қайиқчага қанот бағишлайди.

Таниқли адиб ва публицист Аҳмаджон Мелибоев буюк ҳинд адиби Рабиндранат Тҳакурда учратган “сенинг имзойинг” ибораси “далда”сида “Эркин Воҳидовнинг имзоси” деб номланган хотира-эссе китобини ёзди. “Ёзди” деймизу, бу каби хотираларни излаш, териш ва тартибга келтириш шунчаки қоғоз қоралаш эмас, балки кўп ва узоқ йиллик ижодий меҳнат мевасидир. Китобнинг ҳар саҳифасида муаллифнинг ижод услубига хос бўлган синчковлик, кузатувчанлик, энг муҳими, теварак-атрофда содир бўлаётган воқеаларни ҳар кун-ҳар соатда қоғозга тушира бориш интизоми канда бўлмаганини кўриш, сезиш мумкин.

Раҳматли Эркин аканинг доимий чекадиган имзоси кўпчиликка таниш эди. Энди ўйлаб кўрилса, назаримда, ўзаги “Э. Воҳ”дан иборат имзонинг замирида бир олам маъно-мазмун яширингандек, ушбу “Э, воҳ!”нинг ўзидан ҳам улкан ШОИРнинг ҳаёт йўлида кечирган эзгу ниятлари, орзу-ҳаваслари, қувончу шодликлари... дарду армонларини “ўқиш-уқиш” мумкин.

Аҳмаджон Мелибоев эса, миқёсни кенг олган. “Зукко китобхон, – деб ёзади муаллиф, – кўп ҳолларда бадиий асар, шеър, ҳикоя ёки пуб­лицистик мақола сўнггидаги имзони кўрмай туриб ҳам муаллифнинг “имзо”сини танийди. Чунки бу имзо асар саҳифаларига сингиб кетган нурдай, ҳар фикр – тасдиқ ёки раддияда яққол кўриниб туради”. Демак, Аҳмаджон ака “Имзо” деганда Эркин Воҳидовнинг сон-саноқсиз, ранг-баранг асарларида эмас, балки халқимиз ва жамиятимиз ҳаётида, у фаолият кўрсатган, иштирок этган катта-кичик, расмий-норасмий доираларда, ва албатта, миллий адабиётимизнинг қайноқ жараёнларида нақадар кенг ўрин эгаллаганини, қанчалар нур таратиб турганини назарда тутган.

Шахси ва ижоди бир-бирига мутлақо ўхшамаган машҳур адиб­лар жаҳон адабиётида истаганча топилади. Лекин Эркин Воҳидов ҳақида сўз борар экан, ўзгача манзара гувоҳи бўламиз. Зеро, атоқли шоиримизнинг инсоний феъл-атвори, шахси унинг бадиий тафаккурида нечоғли яққол намоён бўлса, бадиий тафаккури-ижоди унинг шахси-камолида ҳам бутун бўй-бас­ти билан кўзга ташланади. Китобнинг аввалида келтирилган Озод Шарафиддинов, Абдуқодир Ҳайитметов, Иброҳим Ғафуров, Роберт Рождественский сингари атоқли адибларнинг Эркин Воҳидов ҳақидаги шингил хотираларида ҳам ушбу ҳол таъкидланган. Кейинроқ Ғафур Ғулом, Абдулла Орипов, Умарали Норматов, Наим Каримов, Анвар Обиджон, Жамол Камол, Иқбол Мирзо, Хуршид Даврон, шунингдек, Неъматилла Иброҳимов, Хайриддин Султон, Сирожиддин Саййид, Неъматилла Худойберганов ва бошқаларнинг сўзларидан келтирилган иқтибослар эса юқоридаги таърифларни ҳар жиҳатдан тасдиқлаган.

Ҳақиқатда Эркин Воҳидов файзли инсон эдилар, у киши иштирокидаги йиғину анжуманлар, машварату давра суҳбатларида ўзгача файз, ўзгача шукуҳ тафти таралиб турарди. “Эркин Воҳидовнинг имзоси” китобининг марказий йўналишини ана шу мавзу ташкил этади.

Атоқли ижодкорлар китобига сўзбоши, йўлланма ёки муносабат ёзиб бериш юзасидан кўплаб мурожаатлар, илтимослар тушади. Аксари ҳолларда ноқулай вазиятлар қўлни ушлайди. Қандай муносабат билдириш керак, тўғри сўзнинг қаловини топмоқ учун қандай ёндошмоқ зарур? “Лекин, барибир, – деб ёзган эди Эркин Воҳидов сўзбошиларидан бирида, – ёзувчи ҳар қандай шароитда ҳам замон гирдобларидан четда тура олмайди. ...Ким виждон сўзини айтгану, ким замонасозлик қилган, албатта, тарозига қўйилади... Истеъдод замирида азалдан ҳақсизликка қарши исён ётади”.

Эркин Воҳидовдек улкан ҳаётий тажриба эгаси ва зукко инсон одамларни, жамият миқёсида юз берган воқеа ва ҳодисаларни қадимий Шарқ донишмандлари янглиғ баҳолар, мўлжални аниқ олар, теран фикр-мулоҳазалар айтарди. Фалсафий фикрларга ва ҳикматларга бой мутойибалари мураккаб вазиятларда кўнгилларга осойишталик бахш этарди.

...Араб давлатларидан бирида кутилмаган фавқулодда ҳолат юзага келди. Нимадир бўлди-ю, юксак мартабали меҳмон бўлмиш Ўзбекистон Президенти И.Каримов ва маҳаллий давлат бошлиғи тадбирнинг бошланишини саноқли дақиқа кутиб қолишди. Шунда ўша давлат мулозими вазиятдан чиқиш ниятида, шекилли, ўз Президентига Эркин Воҳидовни: “Бу киши Ўзбекистоннинг катта шоири” деб таништиради. Маҳаллий Президент юз берган мажбурий кутиб қолишдан мутаассир бўлиб, “Ў-ў, у ҳолда бир шеър эшитайлик”, деб Эркин акага илтифот кўрсатади.

Нима қилиш керак? Шеър ўқиладиган жой эмас. Фурсати эмас. Борди-ю, шеър ўқишга киришилса, ўзимизнинг Президент кайфияти нима дейди?..

– Ташаккур, Президент жаноблари, бироқ Мутанаббийдек буюк шоирлар шеър ўқиган заминда бизга йўл бўлсин, – дея лутф қилади Эркин ака, ҳозиржавоблик билан.

Қадимий араб дунёси шеъриятининг буюк намояндаси исмини ўзбек шоири тилидан эшитган маҳаллий давлат раҳбари тасанно айтиб юборади. Шу билан орадаги саноқли кутиш лаҳзаларида юз берган хижолатбозлик гўзал тарзда ўртадан кўтарилади.

Мухтасар айтганда, китоб муаллифи топиб ёзганидек, “Эркин Воҳидовнинг ўлмас ижоди олтин қум зарралари каби бадиий сўз оламига сочилиб кетган”. Китобдан ўрин олган хотираларнинг бадиий қиммати ҳам сочилиб кетган ўша олтин қум зарраларининг бир жилд орасида жамланган ҳолда кенг китобхонлар оммасига тортиқ этилганида.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД