Жорж Гордон БАЙРОН
Жорж Гордон Байрон (1788 – 1824) XIX асрда Европада пайдо бўлган янги ижодий оқимга асос солган инглизларнинг романтик шоири. Лорд Байрон ҳақида жуда кўп гаплар тарқаганки, уларнинг ростини ёлғондан ажратиб олиш жуда мушкул.
Шоирнинг тўлиқ исм-шарифи Жорж Гордон Ноэл Байрон, аммо у ҳеч қачон бундай тўлиқ имзо қўймаган, “Лорд Байрон”дан бошлаб “Ноэл Байрон”гача турли шакллардан фойдаланган, холос.
Бу қадар мураккаб исм-шариф мерос улашиш ёки олиш илинжидаги қариндошлар кўплигидан юзага келган. “Гордон” – шоир онасининг қизлик шарифи – буни шоирнинг отаси шотландиялик қайнонасидан қоладиган меросдан умидвор бўлиб ўғлининг исмига боғлаган, “Ноэл” шарифи эса, шоирнинг хотинига тегишлидир, шу боис Байронга қайнонасидан яхшигина мерос теккан.
Байроннинг биринчи “Ором лаҳзалари” шеърлар тўплами ва бу китобга қарши қақшатқич зарба берган тақриз “Эдинбург шарҳи” саҳифаларида эълон қилингунча орадан бир йил ўтади. Бу орада, яъни танқидчилар ўйлаб ўйларига етгунча, шоир 214 саҳифа роман, достон, 380та шеър, 660 сатр “Босворт даласи” асари ҳамда кўплаб кичик шеърлар ёзган эди.
“Эдинбург шарҳи”даги танқиддан сўнг шоир зудлик билан “Инглиз шоирлар ва шотланд танқидчилар” номли сатирик достон ёзиб, танқидчиларга зарба берган.
1812 йили матбуотда “Чайльд Гарольд зиёрати”нинг илк қўшиқлари пайдо бўлади. Достоннинг лирик қаҳрамони – ёш йигит, турли кўнгилхушликлардан безиб, ўзга юртларда саргузашт излаб кезади.
Ўта амалиётчи бўлган ўқувчилар қаҳрамоннинг бетартиб ҳаёт тарзига эътибор қаратадилар ва оқибатда Байрон ҳақида турли миш-мишлар тарқалади. Шоирнинг яқин дўсти Томас Мур уни ҳимоя қилиб чиқади, яъни Байроннинг ўша вақтдаги моддий аҳволи хорижда ортиқча дабдабабозлик қилишига йўл қўймаслиги ҳақида ёзади.
Айтишларича, Байрон пуритан эмас, унинг маҳбубалари орасида кибор оилалардан кўплаб аёллар бўлган. 1812 йили хориж саёҳатидан қайтган шоир Анна Изабелла Милбенкка оғиз солади. Қиз уни рад этади, аммо орадан икки йил ўтгач, рози бўлади ва ёшлар турмуш қуради. Узоқ давом этмаган бу оилада Ада исмли қиз туғилади. Оила бузилишида барча масъулиятни Байрон хоним ўз зиммасига олади, аммо ажралишдан олдин шифокорлар билан эрининг феъл-атвори, психологик соғломлиги борасида маслаҳатлашади ва умрининг охиригача унинг руҳан тинчланишини Худодан сўраб ўтади.
Шоир “Чайльд-Гарольд зиёрати”да Юнонистоннинг сўнган шукуҳи ҳақида ёзади. Мамлакатда озодлик учун кураш авж олганда эса, шоир ўз ҳисобидан бир инглиз кемаси ва қурол-яроқ сотиб олиб, ярим минг аскарни қуроллантиради ва озодлик учун бораётган жангларга қўшилади. Байрон ушбу курашда нафақат моддий ёрдам кўрсатади, балки икки душман тарафларни муросага келтиришга ҳам эришади.
Байроннинг қизи Ада дунёдаги биринчи дастурчи ҳисобланади. Албатта, XIX асрда дастурлаш, айниқса, қиз боланинг бу касбни эгаллагани ҳақида гапириш мутлақо мантиқсиз туюлиши мумкин. Аммо Августа Ада Кинг — графиня Лавлейс математика фани билимдони сифатида Чарльз Бэббиджнинг ҳисоблаш машинаси учун биринчи махсус дастурни ишлаб чиққан. Бола тарбияси ва турмуш ташвишлари ҳам унинг фан билан астойдил шуғулланишига тўсиқ бўлмаган.