АЖДОДЛАР РУҲИГА МАНГУ ЭҲТИРОМ
Қадимда қўлланилган туғлар давлат байроқларида, тамғаларда ўз аксини топганини соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Амр қилдимки, қайси бир амир бирон мамлакатни фатҳ этса, ё ғаним лашкарини енгса, уни уч нарса билан мумтоз қилсинлар: фахрли хитоб, туғ ва ноғора бериб, уни “баҳодир” деб атасинлар; уни давлат ва салтанат шериги билиб, кенгаш мажлисига киргизсинлар; унга чегара вилояти топширилсин ва ўша ерлик амирлар унга бўйсунсинлар” деган ва унинг давомида келган “...амирни мукофотлаб, унга туман, туғ, алам (байроқ) ва ноғора бердим”, деган сўзларида туғ, байроққа алоҳида эътибор қаратганини кўрамиз.
Байроқ тарихига эътибор берсак, байроқ ёғоч ёки металл дастага, сим ёки қалинроқ қаттиқ тиркамага мустаҳкамланган, бир ёки бир неча рангли, давлат, қўшин, чегара, ҳудудни ажратувчи, давлатни ифодаловчи белгилар, безаклар тасвири туширилган муайян ўлчамдаги мато бўлган. Шу учун айрим тарихий манбаларда алам (аломат, белги, нишона) ялов, туғ (байроқ) каби номлар билан ҳам тилга олинган.
VI – VIII асрларга оид Хоразмда топилган кумуш идишдаги қасрни қамал қилаётган қўшин тасвирида турли байроқлар ва туғлар туширилган идиш Эрмитажда сақланмоқда. Тасвирда байроқ ҳарбийларга куч ва ғурур бериши учун жанг чоғида баланд кўтарилган ва ғалаба қозонилиши билан чодирга қадаб қўйилганини кўрамиз. Ялов “ҳилпирамоқ” маъносини англатиши билан бирга қўшиннинг, ҳудуднинг белгиси сифатида калта таёққа мустаҳкамланиб, ўтовлар ва бинолар тепасига ўрнатилган. Тарихда байроқлар энг кўп қўлланган соҳа – ҳарбий ҳамда денгиз кемаларидир. Байроқ ёрдамида дўсту душман ажратилган. Байроқ тарихдан муқаддас ҳисобланган, уни йўқотиш ёки ўғирлатиш қўшинга руҳий таъсир этган ҳамда бу душманга қўл келгани учун ҳам буюк Амир Темур байроқни фақат баҳодирларга ишонган. Соҳибқирон 1370 йилда Балх ҳокими амир Ҳусайнга қарши қўшин тортиб бораётганда, Термиз яқинидаги Биё қишлоғида пир Саййид Барака унга олий ҳокимият, салтанат рамзи бўлмиш катта ноғора – табл ва ялов – байроқ тортиқ қилади. Бароқхон 1423 – 1427 йилларда Улуғ Муҳаммад устидан ғалаба қилиб, Оқ Ўрдада ҳокимият тепасига келгач, Улуғбек унга қимматбаҳо совғалар, шунингдек, ноғора ва байроқ юборгани маълум. Ҳарбий ҳаракатлар чоғида ноғора ва байроқ олий бош қўмондоннинг баланд ерга ўрнатилган ҳиргоҳи олдидан жой олган, жангчиларни руҳлантирувчи куйлар тинмай ижро этиб турилган. Саройларда ноғора ва байроқ дарвоза устидаги хонага жойланган.
Мирзо Улуғбек ҳам Чингизхоннинг оқ туғи ҳақида маълумот қолдирган. “Бобурнома” асарида туғлар билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар бор. Демак, тарихий манбаларда келтирилган туғ ҳам муқаддас ҳисобланиб, халқ ҳамда қўшиннинг ҳимоячиси сифатидаги аҳамиятини кўрсатади. Туғлар ҳарбий бўлинмаларда ҳам қўлланиб, ҳар қайси ҳарбий қисм махсус тамғалар билан фарқланган. Туғ қадимдан Шарқ мамлакатларида ҳукмдорлик, вазирлик, беклик белгиси бўлиб, у ҳўкиз ёки от думидан ясалган.
Туғ мозийда Осиёнинг бир қанча давлатларида (Хитой, Ҳиндистон) қўтос ҳамда тибет ҳўкизи думидан ясалган бўлса, турклар уни, асосан, от думидан тайёрлашган. “Туғ” атамаси илк бор Шинеусу ёдномасида қўлланган. 1202 йилда Чингизхон Ўнан (Онон) дарёси бўйида 8 туғни тиккан ҳолда салтанат ташкил топганлигини эълон қилади. Ислом дини қабул қилингандан кейин ҳам туркий давлатларда туғ қўлланишда давом этади. Чингизхон салтанатида, салжуқийлар, мамлуклар, қорахонийлар, усмонийларда бўлгани каби, туғ темурийларда ҳам мавжуд эди. Туман беги “баҳодир” фахрий унвони қатори туғ, довул ҳамда тумантуғ ва чортуғлар билан шарафланган.
Бўри бошли туғлар бўрини ўз тотеми – илк аждоди деб ҳисоблаган кўплаб туркий давлатлар ва халқлар томонидан қўлланилган. Жумладан, олтиндан ясалган бўри бошли тамға туркларнинг байроғида ўз аксини топган. Маҳмуд Кошғарийнинг маълумот беришича, қорахоний ҳукмдорлар “тўққиз туғлиқ хон” ёки хоқон унвони билан улуғланган. Кейинчалик туғларга қўшимча равишда турли ҳажмдаги мато парчалари, тасмалар илинган. Бу туғлар ҳам баҳодирлар қўлида халқни, қўшинни ортидан эргаштирса, иккинчи томондан душман тарафга ғулғула, ваҳима солган. Туғга илинган мато эса ҳаво билан тўлганда осмондан учиб бораётган аждарнинг тасвирини берган.
Хонликлар даврида байроқлар Қўқон, Хива, Бухоро хонлигини ажратиб турган. Хожа Самандар Термизийнинг “Дастур ул-мулук”, Низомулмулкнинг “Сиёсатнома” асарларида ҳам бу ҳақида маълумотлар келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган қонунга кўра, давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати қарор топганини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассам этади. Давлат байроғи ва ундаги ҳар бир белги, ранг, жило бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган тарихий жараёнларни, давлатларни мантиқан боғлиқлигини ҳамда миллий-маданий анъаналаримизни ҳам ифода этган ранглар билан ажралиб туради. Конституциямизнинг 5-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Шунингдек, байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Байроқдаги мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин, аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир. Оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётгани тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда она-юртимизнинг бепоён еру серҳосил далаларининг рамзидир. Мана бугун “Яшил макон” лойиҳаси ҳам байроқдаги рангларнинг амалий ифодаси бўлса, қизил ҳошия юқоридаги манбаларда қайд этилган давлатимизнинг ҳимояси учун тўкилган қон, истиқлол орзусини ифода этади. Ярим ой ва 12 юлдуз эса, “илми нужум”ни акс эттиради.
Давлат рамзларимизга бўлган эътибор ва ҳурмат нуқтаи назаридан 2010 йилнинг 24 декабрида “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. Зеро, давр ўтиши билан қонунлар ҳам даврга мос такомиллашиб боради. Шу боис, ушбу Қонунга биноан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонунлар ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қатор ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. Уларга асосан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддаси тўртинчи қисмидаги “Янги ой ва юлдузларнинг” деган сўзлар “Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузларнинг...” деган сўзлар билан алмаштирилган. Бу эса, байроғимиз тасвири ҳақидаги ранглар мазмунини аниқлаштирди. Энди энг асосийси, бугун давлат байроғимиз “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида қайд этилганидек, давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметлар, ўқув-тарбия жараёни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкин. Шу боис ҳам, бугун миллий байроғимиз давлат идора ҳамда муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, фуқароларимиз, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар давлатимиз байроғини ҳурмат қилишлари шарт ва унга беҳурматлик учун жазо муқаррар.
Байроғимиз давлат идора ва ташкилотлари, таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, қўйингки, барча сарҳадларда ҳилпираб турибди. Қуролли кучларимиз сафига чақирилган, ҳарбий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларимиз Давлатимиз байроғи пойида Ватанни кўз қорачиғидай асраш, уни ўз шаъни ва номусидай муносиб ҳимоя қилишга қасамёд қилади. Бугун турли байрам тантаналари, мамлакатимиз фуқаролари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирлар, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Қашқадарёда Ўзбекистондаги энг баланд чўққи – “Ҳазрати Султон”га юртимиз байроғи ўрнатилди. “Ҳазрати Султон” чўққисининг баландлиги 4643 метрни ташкил этади.
Дунё мамлакатларидаги элчихоналаримиз бинолари, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида ҳам байроғимиз Ўзбекистон рамзи бўлиб турибди. Чет элларда юрганимизда ўша ерда ҳилпираб турган байроғимизга кўзимиз тушиши билан юрагимизда чексиз фахр уйғонади, руҳимиз кўтарилади. Байроғимиз тимсолида дунёнинг ҳар қайси нуқтасида ҳам Ўзбекистон деган ҳимоячимиз, суянчиғимиз борлигини ҳис қиламиз.
Давлат рамзлари муқаддас, уларни ҳурмат қилиш бурчимиз эканлигини эслатар эканман, шунинг қаторида Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан қуйидаги: биринчидан, нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларида, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадида фойдаланиш мумкин эмаслигини таъкидлаш жоиз, деб биламан. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.
Давлат байроғи тўғрисидаги Қонунчилик ижросини таъминлаш давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига юклатилган.
Дарҳақиқат, давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Ана шундай миллатимиз, давлатимиз рамзи байроқ қабул қилинган кун байрами халқимизга ярашади. Тошкент шаҳрида, шаҳар ва туман марказларида осмонўпар баландликда байроғимизнинг ҳалпираб тургани ватанпарварлик руҳини оширади.