БОЙИБ БОРАЁТГАН ХАЗИНА
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК томонидан “Мангу лаҳзалар” номли ҳужжатли фильмни тасвирга олиш жараёнлари якунига етди. Мазкур фильм Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари Миллий архивининг 80 йиллиги муносабати билан яратилмоқда.
– Бугунги рақамли технологиялар даврида ҳар бир киши теварак-атрофида кечаётган воқеа-ҳодисаларни мангуликка муҳрлай олиш имконига эга, – дейди Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар Миллий архиви директори Алижон Маҳкамов. – Хотирамиздан фаромуш бўлиб бораётган нарсаларни фотосуратлар бизга тиклаб беради. Ҳар бир оиланинг фотосуратлар архиви ортда қолган ҳаётнинг шукуҳли лаҳзаларини қайта жонлантириш имконини яратади. Тарихчилар фикрича, муҳим тарихий ҳодисаларнинг асл манзараси ҳам фотосуратлар орқали намоён бўлади. Ўтмиш ҳақидаги маълумотлар, тарихий манбалар, ҳужжатлар, ижодий ишлар ва санъат намуналарини фотосуратлар ўзида акс эттиради. Шунинг учун тарих, фалсафа, ҳуқуқ, социология, сиёсатшунослик, санъатшунослик, журналистика сингари турли фан соҳаларида фотосуратлардан фаол фойдаланишади. Фотосуратлар кўпайиши билан ХХ асрда бутун дунёда аудиовизуал ҳужжатлар архивлари яратилди. Шу тариқа Ўзбекистонда ҳам давлат фото ва фоно архиви вужудга келди.
Ўзбекистонда биринчи фотосуратлар ХIХ асрнинг етмишинчи йилларида пайдо бўла бошлади. 1910 йилда Тошкентда ўнлаб фотография уйлари фаолият кўрсатар эди. Уларга талаб эса кундан-кунга ошиб борарди. Бироқ Шарқ менталитетидаги жонлантирилган объект тасвирига ўзига хос муносабат фотографияга оммавий қизиқишнинг кенг тарқалишига изн бермасди. 1900 йилдаёқ Туркистон фотографлари жамияти мавжуд эди. ХХ аср бошларида Тошкент шаҳри тараққиётининг деярли барча босқичлари фотоархивларда акс этиб қолган. “Тошсельмаш”, “Тўқимачилик комбинати” каби йирик саноат корхоналарининг барпо этилиши, эски ва янги шаҳарлардаги кўркам боғлар, ранг-баранг ҳайкалтарошлик композициялари билан эсда қоларли иншоотларнинг барпо этилиши – буларнинг барчаси урушдан аввалги Тошкент сураткашлари ижодида ўз ифодасини топди. Иккинчи жаҳон уруши фронтларидаги ва фронт ортидаги ҳаёт ҳам улар туфайли тарихга муҳрланди. Ўзбекистон архивларида фотографик маълумотлар тўпланиб,1935 йилда Октябрь инқилоби марказий архивида фото бўлими ташкил этилишига имконият яратди. Овозли ёзувлар, фото ва кино ҳужжатлари ҳажмининг ортиши, уларни сақлаш ва қайта ишлашнинг ўзига хослиги кино ва фото ҳужжатларнинг ихтисослаштирилган архивини яратиш заруратини туғдирган эди.
Ниҳоят, 1943 йилда тарих, маданият ва санъатга оид маълумотлар манбаи сифатида фотосуратлар, кино ва фото ҳужжатларини бир жойга тўплаш ҳақида қарор қабул қилинди. Марказий давлат кино ва фото ҳужжатлар архиви шу тариқа дунёга келди. Юртимиз тарихида муҳим ўрин тутган бу архив ташкил этилганига эндиликда 80 йил тўлди.
Уруш йилларида кинофотофоно ҳужжатларини тўплаш ва сақлаш нечоғли аҳамиятга молик экани янада яққол намоён бўлди. Архив соҳасида мутахассисларнинг етишмаслиги, малакали ходимларга эҳтиёж юқорилиги сабабли ҳужжатларни тўплаш ва сақлаш жараёнида мураккабликлар келиб чиқиб, муаммолар пайдо бўларди. Жамғарма ташкил этилиши бундай муаммоларни бартараф этиб, ҳозирги кунда аҳамияти ошиб бораётган салмоқли аудовизуал материаллар сақланиб қолишига сабаб бўлди. Шундай қилиб, юртимизда тарихий аҳамиятга молик воқеликлар кино ва фото ҳужжатларга жамланиб, илмий-техник ишловдан ўтказила бошланди. Бугунги кунда бу ерда ХIХ асрга ва Иккинчи жаҳон урушига оид фотосуратлар ва ҳужжатлар хроникал кадрларда сақланади. Узоқ вақт давомида текширув ишларини олиб борган ходимлар кўплаб бебаҳо кино ва фото ҳужжатларни аниқлашга эришдилар. Ҳозир архивда 320 мингга яқин ҳужжат мавжуд.Улардан 21 мингтаси киноленталар бўлса, 17 мингтаси аудио ҳужжатлардир. 280 мингдан ортиқ фотографик ҳужжатлар эса бебаҳо хазинанинг бир қисми ҳисобланади. Бироқ қоғоз шаклидаги аудиовизуал ва фотографик ҳужжатларнинг бир муассасада бирлаштирилиши кино ва фото ҳужжатлар билан олиб бориладиган илмий-тадқиқот ишлари ривожланишига тўсқинлик қиларди. 1974 йилда архив учун ихтисослаштирилган бино барпо этилгани бундай тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилиш баробарида архив ишини ҳам такомиллаштирди, ҳужжатларни илмий-техник жиҳатдан қайта ишлаш ва улардан фойдаланишнинг илмий асосланган сақлаш режимини таъминлади.
Бугунги кунда бу ерда 1860 йилдан буён йиғилган ҳужжатлар Туркистон ва Ўзбекистон тарихининг ҳақиқий кўзгуси ҳисобланади. Илмий ва маданий-маърифий муассасалар, музейлар, театрлар билан бир қаторда жисмоний ва юридик шахслар ҳам бу ерга ҳужжатларни сақлаш учун тақдим этишади. Тутун детекторлари ва ёнғин ўчириш, ҳарорат ва намлик шароитлари учун иқлим назорати тизимлари ўрнатилган. Деразаларнинг йўқлиги тўғридан-тўғри қуёш нури кирмаслигини таъминлайди. Ёритиш лампалари плафондлар билан қопланган. Архив ходимлари асл нусхалар билан фақат қўлқоп ва халатда ишлайди.
– Сақлаш хонасида сақланаётган керакли фотоҳужжатни алфавит бўйича жойлаштирилган картотека рақамларига қараб тезда топиш имкони яратилган, – дейди архивнинг Ҳужжатлар сақлашни таъминлаш бўлими мудири Шаҳноза Аъзамова. – Албатта, эндиликда уларнинг барчаси электрон тизимга ўтказилмоқда. Фото ҳужжатлар шиша ва плёнкадаги негативлар, қоғоздаги позитивлар, диапозитивлар, фотоальбомлар ва рақамли фотосуратлардан иборат. Ҳар бир негатив қоғоздан ясалган конвертга, позитив махсус қутига, рақамли ҳужжатлар серверлар ва дискларга жойлаштирилади. Ҳар бир ҳужжат учун инвентар мавжуд бўлиб, унда ҳужжатнинг санаси, муаллифи ва матни тўғрисидаги маълумотлар мавжуд.
Архивда Худойберган Девонов тасвирга олган ХХ аср бошларида, Туркистон ўлкасида янгиликка интилган жадидларга, Иккинчи жаҳон уруши фронти ва фронт ортига, Ўзбекистонга ташриф буюрган делегацияларга, оддий одамларнинг кундалик ҳаётига, Пахта теримига оид фотоҳужжатлардан ташқари, маданият, маориф, ўқув юртлари, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётнинг турли жабҳаларига, шунингдек, Шомаҳмудовлар оиласи бағрикенглиги ҳамда зилзиладан сўнг Тошкент шаҳри тикланишига доир қимматли фотоҳужжатлар билан танишиш мумкин.
Кинофотофоноҳужжатлар архивидан иқтисодий, илмий, ижтимоий, маърифий ва маданий мақсадларда кенг фойдаланишади. Фоноҳужжатлардан фойдаланиш учун бу ерда барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Экскурсияга келувчилар бой маънавий хазинадан баҳраманд бўладилар. Худойберган Девонов, Малик Қаюмов, Маматқул Арабов, Аҳмад Саидов, Бахтиёр Раҳмонов; Иккинчи жаҳон уруши кадрлари; “Шашмақом”, “Мақом”, Ботир Зокиров, Тамарахоним, Берта Давидова; Наби Ғаниев, Комил Ёрматов, Шуҳрат Аббосов, Қамара Камолова фильмларида акс этган кадрлар тарихийлиги туфайли аҳамият касб этади.
Сценарий муаллифи Дониёр Ғаниев, режиссёр Наврўза Бейназова, режиссёр ассистенти Александр Пинцов, монтажчи Ҳусан Юсупов, оператор Муҳиддин Ҳайитов, овоз режиссёри Абдуқаҳҳор Каримов, мусиқа муҳаррири Жамшид Изомов, картина директори Анастасия Хаванскаялардан иборат ижодий гуруҳга таниқли кинорежиссёр Али Ҳамроев бадиий раҳбарлик қилгани ҳам фильмнинг профессионал чиқишини таъминлашга хизмат қилади. Архив ходимларининг интервьюлари, фото ва фоно ҳужжатларидан намуналар, кино ленталардан тарихий кадрлар томошабинларга қизиқарли тарзда намойиш этилиши мўлжалланган фильмда Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони собиқ ўринбосари, 1-тоифали ҳарбий учувчи Мухтор Орипов, Кинофотофоно ҳужжатлари архиви муассасалар ҳужжатларини йиғиш ва баҳолаш бўлими ходими Гулнора Қулматова, етакчи архив ходими Абдулазиз Убайдуллаев, Ҳужжатларни сақлаш бўлими мудири Муҳайё Иброҳимова, Илмий маълумотлар ва услубий ишлар бўлими мудири Зулфия Сулайманова, Мичиган университети докторанти Альберт Кавалларо, Ҳарвард университети аспиранти Александра Деннетт, Шароф Рашидов номидаги халқаро жамоатчилик фонди мененжери Искандар Мўминов, Помир ва Тянь-Шань тоғлари тадқиқодчиси, техника фанлари номзоди, спорт ва альпинизм устаси Виталий Ноздрюхиннинг беваси Людмила Ноздрюхина, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов, Ўзбекистон Миллий архиви директори Дилбар Зокирова, Ўзбекистон Кинофотофоноҳужжатлар Миллий архиви директори Алижон Маҳкамов, фалсафа фанлари доктори, таниқли журналист Шаҳноза Ғаниеваларнинг интервьюлари фильмнинг қизиқарлилигини таъминлашга хизмат қилган.
Бундай қизиқарли ҳужжатли фильмлар мамлакатимизнинг ҳужжатли ва хроникал фильмлар тайёрлашга ихтисослашган етакчи “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК томонидан суратга олиниши ҳар жиҳатдан ибратли ҳисобланади.