May 26, 2023

Шарль Перро

Шарль Перро

Неча асрлардан буён Шарль Перро (1628 – 1703) дунёдаги энг машҳур эртакчилардан бири сифатида эътироф этиб келинади. Адибнинг “Этик кийган мушукча”, “Қизил Қалпоқча”, “Золушка”, “Она Ғоз эртаклари”, “Миттивой” сингари эртаклари барчамизга болаликдан маълум, аммо уларнинг яратилиш тарихининг айрим томонлари биз учун қизиқ ва тўлиғича маълум эмас.

ЭРТАКЛАР ТАРИХИ

Эртакларнинг икки тури бор: “болалар учун” ва “муаллифлик”. Биринчи турдагисини оналар болаларига тунда ўқиб беришса, иккинчи турдагисини ўқишга катталар кундузи ҳам қўрқишади. Чунки аслида Қизил Қалпоқча ва унинг бувисига ҳеч ким ёрдамга келмайди, “Уйқудаги гўзал”даги шаҳзоданинг онаси одамхўр, у ўз набираларини қатл этишни буюради, Миттивой эса макр-ҳийла ишлатиб, Одамхўрни ўз қизларини қатл этишга мажбур қилади. Агар бу эртакларнинг муаллифлик аслиятини ўқимаган бўлсангиз, вақтни бой берманг, чунки улар бунга арзийди.

“ОНА ҒОЗ ЭРТАКЛАРИ”

Бу эртакларнинг барчаси Шарль Перро томонидан ёзилмаган. Тўпламдаги фақат учта ҳикоя: “Гризельда”, “Ажойиб истаклар” ва “Эшак териси” унинг қаламига мансуб. Қолганларини унинг ўғли – Пьер ёзган. Отаси уларни таҳрир қилиб, тарбиявий томонига эътибор қаратиб нашр этишга ёрдам берган. 1724 йилгача ота-ўғилнинг эртак­лари алоҳида-алоҳида нашр этилган бўлса, кейинчалик ноширлар уларнинг асарларини бир китобга жамлаб, Перро ота номидан эълон қилишган.

КЎКСОҚОЛ

Кўксоқол асли ҳаётда бор одам. Жиль де Ре – истеъдодли саркарда ва Жанна д’Аркнинг сафдоши бўлиб, сеҳру жоду билан шуғулланган ва 1440 йилда 34 нафар боланинг ўлимида айбланиб қатл этилган. Тарихчилар ҳозиргача баҳслашадиларки, бу сиёсий жараёнлар оқибатими ёки “алвастилар ови”нинг навбатдаги қурбоними? Аммо уларнинг барчаси бир хулосага келган: Ре жиноятчи эмас! Биринчидан, уни айблаш учун биронта аниқ далил келтирилмаган. Иккинчидан, унинг замондошлари унинг ҳалол, яхши ва тартибли киши бўлганини ёзишган. Уни қотилга айлантирган миш-мишлар қачон тарқалганини ҳеч ким билмайди. Аммо уни эртак ёзилмасидан олдин Кўксоқол деб аташарди.

ПЕРРО ЭРТАКЛАРИ АСЛИЯТ ЭМАС

“Уйқудаги гўзал”, “Миттивой”, “Золушка” ва бошқа эртакларнинг қаҳрамонлари европа халқлари халқ оғзаки ижодида ҳам, Перродан олдин ўтган ёзувчилар асарларида ҳам учрайди. Энг аввало, албатта, Жованни Боккаччонинг “Декамерон”, Жованфранческо Страпаролининг “Ёқимли кечалар” ва Жамбаттиста Базиленинг “Эртакларнинг эртаги” (“Пентамерон”) асарларида уларни учратамиз. Айнан шу уч асар машҳур “Она Ғоз эртаклари”нинг яратилишига сезиларли таъсир кўрсатган.

БУАЛОГА ҚАРШИ

Перро Никола Буалога қасдма-қасдига ўз китобини “Она Ғоз эртаклари” деб номлайди. Она Ғоз француз халқ оғзаки ижодидаги персонаж ҳисобланади, аммо “Ғозпанжа қиролича” тўпламда йўқ. Унинг номидан олиб китобни номлашда фойдаланиш – эртакчининг адабиётдаги рақиби – Никола Буало ва бошқа классицизм вакилларига қарши зарба бўлганди. Улар болаларни оддий халқ эртаклари руҳида эмас, юксак антик образлар асосида тарбиялаш керак деб ҳисоблашарди. Эртакларни эса, кераксиз, ҳатто тарбия соҳасида зарарли деб билишарди. Шундай қилиб бу китобнинг нашр этилиши “эскилик ва янгилик можаросида” муҳим воқеа бўлган эди.

ЭРТАКЧИЛИК!

Шарль Перро ижодини ўрганганлар уни одатда эртакчи деб аташади, аслида у бошқа асарлар ҳам ёзган, адабий танқидчи ҳам бўлган. У баъзан “эртаклар ҳаётимни барбод қилди” дея ёзғирарди ва бу жанрда асар ёзганидан афсусланарди. У китобхонлар “эртакчилар”ни жиддий адиб сифатида қабул қилмаслигини ҳам таъкидлаб ўтган.