September 29, 2023

ҚОДИР АКА БИЛИБ АЙТАДИ  

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Пойтахтнинг Чилонзор туманидаги 162-умумтаълим мактаби дарвозасидан кириб боришингиз билан йўлакнинг ўнг томонида жойлашган катта-кичик спорт майдончаларида болаларнинг гавжум бўлиб, дунёни бошига кўтариб, шовқин-сурон солиб юриши беихтиёр диққатингизни тортади. Катта майдонда ўрта синф ёшидаги болалар футбол ўйнашяпти. Кичикроқ майдончада эса, бошланғич синф ўқувчилари ўзларига мос спорт ўйинлари билан машғул. Майдон атрофига тортилган тўсиққа суянган ота-оналар фарзандларининг маҳорат билан тўп тепишларини кузатиб туришибди, бошқа томошабинлар эса ўйинчиларни олқиш­лаяпти.

Йўлакдан юриб борарканман, мактаб саҳнида ёши улуғ, аммо бардам, тетиклиги боис ёш кўринадиган, қорачадан келган, басавлат кишига дуч келдим. У, узоқдан бўлса-да, спорт майдонларида кечаётган ўйинлардан кўз узмай, синчковлик билан кузатиб турарди.

– Ассалому алайкум, Қодир аканинг хонаси қаерда? – сўрадим ундан.

– Қодир ака мен бўламан, – деди у киши хотиржам ва кеча ваъдалашганимиз учун мени кутиб турганини айтди.

Қодир Исмоилов пойтахт­даги жис­моний тарбия ўқитувчилари орасида ёши ҳам, обрўси ҳам улуғ, нафақат юзлаб ўқувчилар, балки ўқитувчилар сафидан кўплаб шогирдлар етиштириб чиқарган устоз. Аммо аксарият спортчиларга хос бўлмаган камтарлиги, оғир-босиқлиги сезилиб туради.

Мактаб биносига киришда қаршингизда ўқувчиларнинг спорт соҳасида эришган ютуқ­лари акс этган кўргазмага кўзингиз тушади. Менинг совринларга тикилиб қолганимни кўрган Қодир ака: “Келинг, суҳбатимизни шу жойдан бош­лай қолайлик”, деди-да, ҳар бир соврин тарихига алоҳида тўхталиб, сўзлай бошлади:

– Мен сизга айтсам... мактабимизнинг спорт тарихида 2017 йил унутилмас, яъни барча ютуқларимизга йўл очган йил бўлди. Шу йили умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида футбол бўйича бўлиб ўтган Тошкент шаҳар чемпионатида биринчи ўринни эгаллаб, рес­публика босқичига йўл олдик. Бу соврин шаҳар ҳокимлиги томонидан берилган...

Албатта, бу гапларни бир нафасда айтиш ёки эшитиш мумкин. Айтишга осон. Аммо уни амалга оширишни тасаввур қилиш қийин: юзлаб ўқувчилардан 15-20 нафарини саралаб олиш, жамлаш, уларга ўрнатилган тартибда зарур машғулотларни ўз вақтида, самарали ўтказиш... Нафсиламирини айт­ганда, уларни аҳил жамоага бирлаштириш учун бир-икки йил камлик қилади. Яна маҳорат керак, сабр-тоқат, унинг устига...

– Тўғри айтдингиз, – тасдиқ­ладим мен.

– Мана бу эса, “Камолот кубоги”, – сўзини давом эттирди Қодир ака. –Республика босқичи ва финалда биринчи ўринни олганимиз учун берилган. Биз бир йилда мамлакатимизнинг қайси шаҳри ёки қишлоғида энг зўр футболчи болалар борлигини, уларнинг ўйин маҳоратини ўрганиб бўлгандик. 2018 йилда Рес­публика жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Чарм тўп” мусобақасида олганимиз – биринчи даражали диплом, деганим мана шу. Бу мукофотга мактабимизнинг 9-10-синф ўқувчилари сазовор бўлган. Бошқа синфлар ёшидаги ўқувчилардан иборат футбол гуруҳларимиз ҳам бор.

Мен озими-кўпми, мактаб таълим тизимидан хабардорман. Дастурда белгиланган дарс соатларини талаб даражасида ўтиш, иш ҳужжатларини ўз вақтида тўлдириб бориш, яна педагогик кенгашдан бош­лаб, турли мактаблар ва спорт жамиятларида бўладиган йиғилишлар, семинарлардан ортиб, икки-учта синф ёшидаги футбол жамоаларини шакллантириш учун ўқитувчи, гапнинг очиғи, оиласини унутиб, мактабда яшаши керак...

– Мана буниси эса, – сўзини давом эттирди хаёлимдан ўтаётган фикрлардан бехабар Қодир ака. – Мактаб ўқувчиларининг “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларида футбол бўйича ғолиб бўлганимиз учун қўлга киритган дип­лом ва совринимиз. Ўшанда бизга “Дамас” автомашинасини совға қилишган. Мен сизга айтсам, бундай автомашина олишга бир эмас, икки марта сазовор бўлганмиз.

Энди ҳайратда қолмасликнинг иложи йўқ. “Умид ниҳоллари”да, яна спортнинг футбол турида икки марта ғалаба қозониш ҳар қандай жамоага ҳам насиб этавермайди.

– 2018 йили Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилган “Тошкент ёшлар футбол лигаси”да ҳам биринчи ўрин бизга насиб этди. Унинг ортидан Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган футзал ўйинларида мутлақ ғолиб бўлдик. Ўша йиллари мен ўқувчиларимни бошлаб бирон мусобақага олиб борсам, бош­қа вилоят ёки мактаблардан келган жамоаларнинг ҳафсаласи пир бўларди. Чунки уларнинг бизни енгишига кўзлари етмасди. Ўқувчиларим анчагина танилиб қолганди. Уларга нафақат катта стадионда, балки минифутбол бўйича ҳам респуб­ликада ҳеч қайси жамоа тенг келолмасди.

Қодир ака 2019 йили Халқ таълими вазирлиги тақдим этган дипломлар, шунингдек, “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ўтказилган мамлакат биринчилигида берилган совринлар ҳақида гапиради. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилган мусобақаларда олинган бир қанча диплом ва кубокларни кўрсатди.

Қаҳрамонимиз билан мактаб биноси ичида жойлашган спорт залларини, стол тенниси хоналарини айланиб чиққандан сўнг, чоғроқ тренерлар хонасига кириб, суҳбатимизни давом эттирдик.

– 1971 йили жисмоний тарбия инс­титутини битирганман. Ўша вақтда Физкультура институти дейи­ларди, аммо унинг бинолари бутун шаҳар бўйлаб сочилиб кетган эди. Бир кун шаҳарнинг бу четидаги, иккинчи кун нариги четидаги май­донларда машғулот ўтказардик.

– Бу мактабда қачондан иш бош­лагансиз?

– 1987 йили ишга келганман. Унгача институт йўлланмаси билан Янгийўл туманидаги 16-мактабда беш йил ишладим, ўттиз олти йилдан буён шу мактабда ишлайман.

– Институтда спортнинг қайси тури билан шуғуллангансиз?

– Мутахассислигим – бокс бўйича ўқитувчи-мураббий. Болаликдан бокс тўгарагига қатнашганман. Ҳозирги “Мустақиллик майдони” мет­ро бекатига яқин жойда Ўқувчилар саройи, “Динамо” спорт тўгараги бўларди. Шу ерда америкалик Жексон исмли тренер бокс тўгарагини юритарди. Жаҳон чемпиони, юртимиз фахри Руфат Рисқиев ҳам ўша ерда тарбия топган. Кейинчалик бокс бўйича мен ҳам халқаро турнирлар, жаҳон биринчиликларида иштирок этдим. Бир йили Сурияда бўлган чемпионатда ғалаба қозондим. Ҳеч ёдимдан чиқмайди, ўшанда собиқ шўро давлатининг Суриядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Акрамович Муҳиддинов биз учун қабул маросими ўтказган ва ғалабамиз билан қутлаган эди. Қанчалар фахрланганимиз бугунгидек эсимда... Ахир, у пайтлар мус­тақил эмасдик!.. Аммо шу ўринда бир ҳолатни айтиб ўтишим керак. Бизнинг кучга тўлган вақтимизда собиқ шўролар давлатида спорт соҳасида биронта ўзбекнинг дунё миқёсига чиқишига ақл бовар қилмасди. Аввало, Ўзбекистонда ғолиб бўлишнинг ўзи катта меҳнат, машаққатни талаб қиларди. Сўнг­ра ўн бешта республикадан келган рақибларни енгиб ўтиш керак, бундан ташқари, соҳанинг юқори поғоналарида турган москвалик спорт усталарининг, амалдорларининг шогирд­лари устидан ғалаба қозониш керак бўларди. Бу тўсиқларни енгиб ўтганингдан кейин: “Ие, бу ўзбек-ку!” дей­диганлар, албатта, топиларди. Шунинг учун, камдан-кам ҳоллардагина жаҳон чемпионатларига, олимпиада ўйинларига етиб бориларди. Марказдагилар чет рес­публикадагиларга очиқчасига менсимай қарашарди. Бугун, Худога шукр, мустақил юртимиз фарзандларига боксда дунё­да ҳар ким ҳам бас келолмайди.

Қодир ака боксчи-мураббий, қолаверса, тажрибали, халқаро майдонларни кўрган бўлишига қарамай, спортнинг футбол турига кўпроқ қизиққани, ёш футболчиларни тайёрлашга жиддий киришгани мени ҳайрон қолдирди. Чунки бир футбол жамоасини шакл­лантириш учун 15-20 нафар болани тарбиялаш керак. Футбол жамоавий ўйин, боксда эса, битта истеъдодни топиб, вояга етказиш нисбатан осон экани барчага маълум.

– Бокс бўйича шогирдларингиз бўлса керак? Нега болалар футболини ривожлантиришга бунчалик жиддий киришгансиз?

– Ота-оналар болаларини боксга беришни истамайдилар. Балки, бу тўғридир. Қаттиқроқ мушт тушиб қолса, тўгаракдан чиқариб олганлар ҳам бор. Ҳаммаси ҳам эмас, шундай ҳоллар учраб туради. Мен ёшим улғайгач, футбол бўйича тренерлик йўлини танладим. Чунки ҳар бир юртдошимиз юрагида бир армон бор: қачон бизнинг футболчилар жаҳон майдонларида зафар қозонади? Наҳотки, миллион-миллион йигитлар орасидан ўн битта моҳир футболчи чиқмаса, деган саволлар ҳамманинг кўнглидан ўтади-да. Мен ўзбек йигитларининг Европа футбол майдонларида зафар қозониб қайтиш­ларини ҳар доим орзу қилганман. Шунинг учун ҳамфикр дўстлар билан бир қанча амалий ишлар ҳам қилдик. “Бунёд­кор” спорт академия­сини ташкил этишда фаол қатнаш­дим. Халқаро таж­рибани ўрганиш учун дунё­нинг кўп­лаб давлатларига бориб келдик. Испаниянинг “Барселона” футбол клубининг футболчиларни тар­бия­лаш тизими билан танишганда бола­ларнинг кўплиги, уларнинг машғулотларини кўриб ҳайрат­га тушдим. “Барселона”нинг ёш спортчиларни тарбиялайдиган “Ла Масия” академиясида етти юзга яқин бола ва ўсмирларга саксон нафардан зиёд турли мутахассислар бириктирилган. Уларнинг кўпчилиги футболчилар. Улардан ташқари гандболчилар, хоккейчилар ва футзал ўйинчилари ҳам тарбияланади. Улар қатъий белгиланган кун тартиби, машғулотлар жадвалига амал қилади, мутахассислар овқатланиш меъёрларигача белгилаб берган. Аммо амалдаги умумий таълим мактабларидаги ўқишни ҳам четда қолдиришмайди.

Бу ерларда Сколари каби жаҳонга машҳур футболчи ва тренерларнинг меҳнати улуғланади. Бундан ташқари, Сингапур, Малайзия сингари давлатлардаги футбол академиялари фаолиятини ўргандик. Уларнинг тажрибаларини, иш ҳужжатларини олиб келиб, ўзимизда футбол академиясини очдик. Кейинчалик дунёга таниқли Ривалдо, Это сингари футболчиларни Ўзбекистонга чорлаб, маҳорат машғулотларини ўтказдик. Натижа ёмон бўлмади. Шу ака­демия­га қабул қилинган болалардан 16 нафарини ўзимизнинг 162-мактаб­га қабул қилиб ўқитдим, ўз назоратимга олдим.

Қодир акага ҳавас қилдим. Эллик йилдан буён оддий мактаб ўқитувчиси. Бир мактабда ишлаб, хорижий таж­рибаларни ўрганиб келиб, респуб­лика, қолаверса, халқаро миқёсларда катта натижаларга эришиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Яна мактаб ҳаётига қайтиб, ҳозирги жис­моний тарбия дарслари дастури, талаб­лари ҳақида сўз очдим.

– Ўқув дастурлари чалкаш, изчил эмасдек туюлади менга, мен амалиётчи сифатида айтяпман, – деди Қодир Исмоилов. – Биринчидан, машғулотлар изчил бўлиши керак, аввал ўқувчи спортнинг маълум бир турини назарий жиҳатдан ўрганиб, кейин ўзи бажариб кўрсин ва эришган натижасини билсин. Хуллас, ўқувчи бир қанча спорт турлари билан бевосита шуғулланиши керак, кейинчалик олий ўқув юртига борганда имконияти даражасида ҳар қандай спорт турини билсин, маълум машқларни бажарсин. Иккинчидан, негадир “Алпомиш ва Барчиной” спорт меъёрлари дастурдан чиқариб юборилди. Ўрнига бошқа меъёр қўшилмади. Ахир, мактаб ўқувчиси олдига ёшига яраша талаблар қўйилиши керак-ку!

Жаҳон футболининг маҳоратли ўйинчиларидан бевосита кўпроқ ўрганиш, улар билан ўйнаш керак. Ҳозир Саудия Арабистони ёши ўтган, энди тренер бўладиган футболчиларни жалб қилиб, ёшларини тарбиялаяпти... Бизнинг футболчилар ҳозир қаттиқ изланишмоқда. Уларнинг яқин йилларда жаҳон биринчиликларида катта ютуқларга эришиш­ларига шубҳа йўқ...

Қодир ака билиб айтади.