ҚАЛАМИМ
Мен кўнгилдан йироқда хафа,
Кўнгил ишқдан фироқда хафа,
Сендан узр сўрамоқ учун
Юзланаман сенга минг дафъа,
О, қаламим, мендан ранжима.
Биламан, ҳеч йўқламай қўйдим,
Куюк бағринг сўрамай қўйдим.
Майда-майда қадамлар ташлаб,
Мен ўзимга ўхшамай қўйдим,
О, қаламим, мендан ранжима.
Гоҳо бахтдан масрур юрибман,
Гоҳо ғамга мағлуб юрибман,
Дўст-душманга кўрсатмайин деб
Кўз ичинда йиғлаб турибман,
О, қаламим, мендан ранжима.
Мен ўзимни унутиб бехос,
Сўз элидан чекиндим бироз,
Баҳонага йўйиб сўзимни
Дерсан балки онасан, холос,
Сен, қаламим, мендан ранжима.
Ахир, она шундай бўлади,
Туни гўё кундай бўлади,
Ўзи қумри жусса бўлса-да,
Юраги лочиндай бўлади,
О, қаламим, мендан ранжима.
Тетапоя юрганда болам,
Она сўзин деганда болам,
Хижолатда бошларим эгик,
Изламадим сени ўша дам,
О, қаламим, мендан ранжима.
Кел, чиқамиз сўз майдонига,
Дур терамиз сўз уммонида,
Шеър ёзамиз олов қалб билан
Елка тутиб элнинг ёнида,
О, қаламим, мендан ранжима.
* * *
Дил қолди чўғлар ичинда,
Вужудим ўқлар ичинда,
Борлигим сезмади ҳеч ким,
На борман, йўқлар ичинда.
* * *
Зўр бўрон турди-ю хазон қолмади,
Қайдаки ғубор бор бир он қолмади.
Бу поклик одамни лол қилур десам,
Томоша қилгани инсон қолмади.
* * *
Кўзни қўрқоқ дедим-у, мен кўзимни йўқотдим,
Сўзни кўпроқ дедим-у, мен сўзимни йўқотдим.
Энди ундоқ демасман, ҳар неда бор ботирлик,
Ўзни шундоқ дедим-у, мен ўзимни йўқотдим.
АНГЛАШ
Сабр нима? Танидим уни,
Сочи оппоқ мўйсафид экан.
Ногоҳ тошга қоқилган куним,
Ушлаб қолган қўл – умид экан.
Яхши-ёмон аслин англадим,
Кўзларимга чўп тушганида.
Кулфатимда маймунлар йиғлаб,
Одам деганларим кулишганида.
* * *
Ийманар кўзимдан чиқмоққа ёшим,
Хавотир лабимда титрайди дир-дир.
Юракнинг ўрнига қуйдим қўрғошин,
Билмасдан ўзингга олдирдим, ахир.
Олган омонатинг қайтиб бер энди
Юраксиз яшамоқ ўлимдир бешак,
Соғинчдан тупроқдай тўкилиб кетди
Кўксимдаги қўрғошин юрак...
ЮРАГИМНИ...
Тилло дилим мисга ўхшайди,
Гул баҳорим кузга ўхшайди,
Топар ноним шириндир аммо,
Манглай терим тузга ўхшайди,
Юрагимни ёмон эзаман,
Ўз қадримга қачон етаман?
Ҳаёт қўймас ёлғон ўйнини,
Гоҳ номардга эгар бўйнимни.
Мен кимгадир умид боғласам,
Пуч ёнғоққа кўмар қўйнимни.
Юрагимни ёмон эзаман,
Ўз қадримга қачон етаман?
Хаслар билан хас бўлибман-а,
Шунча эси паст бўлибман-а,
Шамолларга сочиб меҳримни
Бир ўткинчи сас бўлибман-а.
Юрагимни ёмон эзаман,
Ўз қадримга қачон етаман?
Ёшлигимни елга совурдим,
Тирикчилик, пулга совурдим,
Бир ёниқ сўз етарди менга,
Ҳисларимни кулга совурдим,
Мен ўзимни нодон сезаман,
Юрагимни ёмон эзаман.
О, дўстгинам, бунга не дейсан,
Ўз ошингни ўзинг е, дейсан,
Сенам мендай ўйдамикинсан.
Қўй, оғритма бошимни дейсан,
Мен ўзимга қачон келаман,
Ўз ҳолимдан ёмон куламан.
Бўлди. Етар. Шеърни битирдим,
Мен шеър айтиб нени қотирдим,
Қанча шоир йиғган асалга
Тайёр келиб бармоқ ботирдим,
Мен асални қачон йиғаман,
Юрагимни ёмон эзаман.
Нодира ЯНГИБАЕВА