САҲНАГА САДОҚАТ
Актёрликни чинакам қисмат деб билганлар учун саҳнада яратилган ҳар бир образ – мазмунли умрнинг муҳим бир бўлаги. Юксак маҳорат билан яратилган турфа образ ёки тимсоллар тақдири, яшаган даври, феъл-атвори, жамиятда тутган ўрни турлича бўлганидек, қиёфалари, хатти-ҳаракатлари, фикрлаш ва сўзлаш оҳанглари ҳам бир-бирига асло ўхшамайди. Бундай хилма-хиллик ва ранг-баранглик актёр ижодини чархлаб, сайқаллаб боради.
Сурхондарё вилоят мусиқали драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳамид Орипов истеъдоди шу тариқа сайқал топган салоҳиятли санъаткордир. У ижодий фаолиятини кичик ва оддий персонажлар қиёфасини жонлантиришдан бошлаб, бугунги кунда турли жанрлардаги саҳна асарларида бош ва етакчи образлар яратишга муваффақ бўлмоқда. У саҳнада маҳорат билан ижро этган сиймолар ҳазилакам эмас – Алишер Навоий, Амир Темур, Адиб Собир Термизий, Ҳофиз Шерозий, Алпомиш ва яна ўнлаб тарихий, афсонавий ва замонавий образлар. Зеро, Ҳ.Орипов таниқли режиссёр Олимжон Салимовнинг “Томошабин билан актёрнинг жонли мулоқот қилиши – театрнинг энг мароқли жиҳати. Бу жараён фақат саҳна санъатига хос”, деган фикрини ижодий фаолияти учун дастуриламал қилиб олган. У бирор-бир образ ёки тимсолни яратар экан, томошабин билан руҳан мулоқотга киришишга интилади. Бундай интилиш ижобий самаралар бераётганини унинг йиллар давомида яратган турфа қиёфалари мисолида кўриш мумкин. Масалан, Уйғун ва И.Султоннинг “Алишер Навоий” асари асосида саҳналаштирилган спектаклдаги Навоий образи актёр учун ҳам, театр учун ҳам ардоқли саналади. Навоий сиймоси юртимизнинг энг машҳур ва таниқли актёрлари томонидан ўзига хос тарзда ижро этиб келинади. Ўзбекистон санъат арбоби Мансур Равшанов ва саҳналаштирувчи рассом В.Михайличенко талқинида ушбу драма кучли ижтимоий-фалсафий оҳанг сезилиб турган спектакль даражасига кўтарилди. Асар бутунлай янги ечимда саҳнага олиб чиқилди. М.Равшанов режиссёр сифатида илк бор саҳнада халқ образини яратишга муваффақ бўлди. Режиссёр шу йўл билан зулм ҳамда адолатсизликлардан жунбушга келган халқ нафратини, қолаверса, Навоий яшаган зиддиятли давр муҳитини гавдалантиради. Халқнинг умумлашма образи умри хазон бўлган Гулининг тобути чархпалак ёнидан олиб ўтилаётган саҳнада янада ёрқинроқ намоён бўлади. Буюк шоир образини муносиб шакллантира олган Ҳамид Ориповнинг актёр сифатидаги маҳоратли ижроси бу ҳолатни янада бўрттириб кўрсатган. Алишер Навоий сиймоси саҳнадаги манзара ва ҳолатларга мос равишда жонлантирилгани ҳиссий таъсирчанликни оширган. Чунки шоир халқ ва оддий кишилар билан мулоқотда эл ғамида юрган шоир, инсонпарвар, раҳмдил, нозик қалбли инсон сифатида гавдаланса, саройда мутлақо ўзгача қиёфада – қатъиятли, донишманд, узоқни кўра биладиган арбоб, адолат тимсоли сифатида намоён бўлади. Тажрибали актёр ҳар икки ҳолат учун тегишли сўзлаш оҳангини, нутқдаги илиқлик ва раҳмли унларни, зарур ҳолларда шиддатни, ҳаракатлар пластикасини топа олгани боис, томошабинни ўзига ром этади. Навоий образига бундай ўзига хос ёндашув туфайли буюк бобокалонимиз нозик таъбли мутафаккир шоиргина эмас, балки етук давлат арбоби, донишманд инсон бўлгани томошабинга етказилади.
Ҳ.Орипов яратган образлардан яна бири – буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур сиймосидир. Актёр бу образда илк бор 1995 йилда Сурхондарё вилоят мусиқали драма театри ташкил этилганининг 60 йиллиги муносабати билан Қ.Абдунабиев асари асосида саҳналаштирилган “Амир Темур ва Йилдирим Боязид” спектаклида саҳнага чиқди. У иродали, қарори қатъий улуғ ҳукмдор, буюк давлат асосчиси, қаттиққўл инсон образини яратишга муваффақ бўлди. Соҳибқиронга хос азму шижоат, айниқса, Йилдирим Боязид иштирокида кечадиган саҳналарда ишонарли ва таъсирли ижро этилди. Натижада ушбу спектакль Республика II анъанавий театр санъати фестивалида юқори баҳоланди. Саҳналаштирувчи режиссёрга бош мукофот насиб этди. Ҳамид Ориповнинг ижроси алоҳида эътироф этилди. Орадан ўн йил ўтиб, Т.Зулфиқоровнинг “Қафасдаги каклик” асарига шоир Шафоат Раҳматулло Термизий ёзган татаббу асосида яратилган “Шоҳ ва шоир” спектаклида Ҳофиз Шерозий образини муваффақиятли гавдалантирди. Шоир образи актёр истеъдодининг янги қирраларини кашф этди, десак муболаға бўлмайди. Режиссёр Мансур Равшанов ушбу спектаклни авангард (илғор) усулида саҳналаштиргани ҳам эътиборга лойиқ. Чунки бу усул актёрлар ижроси учун кенг имкониятлар яратади. Ушбу спектаклда илк бор томошабинлар саҳнага олиб чиқилиб, доира шаклида қўйилган ўриндиқларга ўтқазилди. Яъни актёрлар билан томошабин бир-бирини яқин масофадан туриб ҳис этиши учун имконият яратилди.
Саҳна рассоми Хайрулло Чоршанбиев ғояси асосида яратилган эскизларга рассом Баҳодир Аллаёров асарнинг умумий руҳидан келиб чиқиб (спектакль поэтик-мусиқали ривоят сифатида талқин этилган) декорация тайёрлади. Рассом илгари сурган ғоявий фикрни тўғри илғаган актёр Ҳофиз Шерозий образини бетакрор тарзда яратишга эришди. У дастлаб озурда қалбли, бечораҳол қария сифатида намоён бўлади. Аммо маҳорати туфайли жисмонан кексайиб, мадорсизланиб қолган шоир тимсоли аста-секинлик билан ҳамон ўз маслагидан воз кечмаган, қатъиятли ва иродали инсон қиёфасида гавдалана боради. Айтиш жоизки, буюк салтанат эгаси Амир Темур (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раҳим Маматалиев) ўз ички кечинмалари, ўй-хаёллари, ҳис-туйғулари билан яшаётган инсон эканини таъкидлашга айнан Ҳамид Орипов талқинидаги Ҳофиз Шерозий сиймоси саҳнада тўғри жонлантирилгани туфайли эришилди.
Таниқли рус режиссёри Александр Тагиров актёр маҳорати ҳақида шундай деган эди: “Актёр ўзининг ички ва ташқи техникасини мукаммал эгаллаган мутахассис бўлиши керак. Шу билан бирга, у “синтетик театр” талабларига жавоб бериши зарур. Бугун драма, эртага мусиқали комедия, опера, майдон томошалари шаклидаги спектаклларда актёр ролларни бирдек муваффақият билан ижро эта олиши шарт”. Режиссёрнинг бу фикрларини Ҳ.Орипов ижодига бемалол татбиқ этса бўлади. Чунки театр саҳнасида нафақат тарихий шахслар, балки умумлашма характердаги образларни ҳам, замонавий қаҳрамонлар қиёфасини ҳам бирдек маҳорат билан яратмоқда. Усмон Азим асари асосида яратилган “Алпомишнинг қайтиши”даги Алпомиш, Шуҳрат Ризаевнинг “Она” драмаси асосидаги спектаклда Хоқон образи фикримизга мисол бўла олади. Айниқса, “Она” спектаклидаги Хоқон образи мураккаб шахс сифатида ишонарли гавдалантирилгани актёрнинг юксак маҳоратидан далолатдир. Саҳналаштирувчи режиссёр хоқонлик даври воқеаларини бугунги куннинг долзарб муаммоларига усталик билан боғлай олган. Ҳ.Ориповнинг Хоқон образи ҳақида санъатшунос А.Эргашев шундай ёзганди: “Актёрлар орасида ўз ижроси билан Ҳамид Орипов алоҳида ажралиб туради... Маҳоратли актёрнинг ютуғи шундаки, у образни гавдалантиришда ўзини тутиши, гапириши, ҳаракатлари билан характер ярата олган. Бундан ташқари, унинг роль ижроси давомида партнёр – саҳнадаги шериги билан ишлаш санъатини етук даражада ўзлаштирганига гувоҳ бўламиз”.
Актёрдаги етакчилик хислатини Иван Буковчан асари асосида саҳнага қўйилган “Қотил юраги” спектаклида ҳам кузатиш мумкин. Ушбу асар миллий анъаналаримизга эмас, балки европача турмуш тарзига хос. Табиийки, бундай асарларни саҳналаштириш осон кечмаганидек, унда образ яратиш ҳам бир қадар мушкуллик туғдиради. Асар сюжети рашк туфайли қотиллик қилиб қўйган ва бу иши учун ҳибсга олинган ёш йигит (актёр Ф. Болтаев) билан унинг тезроқ ўлим топишидан манфаатдор кимсалар ўртасида бўлиб ўтган воқеалар асосига қурилган. Ҳ.Орипов иккинчи даражали образ яратган бўлса-да, айнан шу образ туфайли спектаклни саҳнага олиб чиқишдан кўзланган мақсадга эришилди. Чунки у гавдалантирган қаҳрамоннинг сўзлаш оҳанги, хатти-ҳаракати, саҳнада ўзини тута билиш маҳорати туфайли асар европача турмуш тарзи, ғарбча дунёқараш акс этган, аммо ўзбекона маҳорат билан ижро этилган спектакль сифатида томошабин онгига етиб боришига муваффақ бўлинди.
Театрни бежиз муқаддас даргоҳ, дейишмайди. Чунки ҳар бир санъаткор халқ қалбига муқаддас ғояларни сингдиради, қалбларни эзгулик сари етаклайди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳамид Орипов ёрқин истеъдоди, маҳоратли ижроси билан ана шундай қутлуғ ишни бажараётганларнинг олдинги сафларида дадил одимлаб бораётир.