БОЛАЛИК ТУЙҒУЛАРИ
Маргарет Митчелл болалигида ёзганларини ўзи китоб ҳолига келтириб, муқовалар ясаган. У Эдит Несбитнинг “Беш бола ва махлуқ” ва “Феникс ва гилам” романларини қизиқиб ўқиган. Бундан ташқари, Диккенс, Шекспир ва Вальтер Скотт асарларини яхши кўрган. Маргарет тўққиз ёшида ҳайвонлар ҳақида эртаклар ёзади. Ўн бир ёшида ўзининг “нашр компанияси” – “Urchin Publishing Co”ни очади. Кейинчалик Митчелл асарларини муқоваланган дафтар-китобларга ёзган. Ўсмирлигида мактаб-интернатдаги қизлар ҳақида “Катта тўртлик” номли романини ёзади. Роман қўлёзмаси йўқотилган, дейишади. Унинг бир қисмини Митчеллнинг ўзи ёқиб юборган. Қолгани ёзувчининг вафотидан сўнг ёқилган.
Онаси шамоллаш оқибатида 1918 йили вафот этгач, у психиатр бўлишга қарор қилади. Смит-коллеждаги ўқишини ташлашга мажбур бўлади, чунки уйига қайтиб, отаси ва акасига ғамхўрлик қилиши, уй юмушларини зиммасига олиши лозим эди. Коллеждаги ўқувчилик даврида яна бир айрилиқни бошидан кечиради – қайлиғи Клиффорд Вест Генри биринчи жаҳон урушида, Францияда ҳалок бўлади.
Митчелл Атланта давраларида таннозлиги, нозу ишвалари билан донг таратган. Шарҳловчи Полли Пичтри 1922 йилда Маргарет ҳақида ёзади: “Ўзининг қисқа ҳаёти давомида унга маҳлиё бўлганлар шунчалик кўп эдики, Атлантада ҳеч қайси хоним унга тенг келолмасди”.
1922 йили у биринчи марта эрга тегади. Унинг танлагани Барриен Апшоу (Атлантада уни Ред деб аташарди) контрабандачи эди. Бу турмуш бошиданоқ умидсизликка юз тутганди. Барчаси Апшоунинг ичкиликбозлиги ва маҳбубасига шафқатсизларча муносабатидан бошланади. Маргаретнинг иккинчи эри – Апшоу билан тўйларида машинани бошқарган Жон Марш бўлади. 1925 йилдаги никоҳдан сўнг ўзининг қизлик фамилиясида қолишни маъқул топади.
Апшоу билан бирга яшаган вақтида Митчелл яшаш учун ўзи пул топишга мажбур бўлади, журналга шарҳловчи сифатида ишга жойлашади. Бу ерда Маргарет 129та мақола, 85та хабар ва бир қанча китобларга тақриз ёзади.
Митчелл тўпиқдан жароҳат олиб, мухбирлик фаолиятига нуқта қўяди. Эри Жон Марш кутубхонадан ёзувчига вақтини мазмунли ўтказиши учун бир дунё китоб келтириб беради. Бир гал унга Remington Portable № 3 ёзув машинкасини совға қилиб, асар ёзишни маслаҳат беради: “Худо хайрингни берсин, Пегги, бошқаларнинг минглаб китобини ўқигунча ўзинг битта китоб ёзсанг-чи” дейди унга эри. “Шамолларда қолган ҳисларим” асари шу тариқа ёзилади. У бирданига Биринчи жаҳон уруши даврига оид Скарлет О'Хара ҳақидаги романини ёзишни бошлайди.
“Шамолларда қолган ҳисларим” (1037 саҳифа) романини ўн йил ёзган Маргарет китоб устида ишлаётганини на бирон таниши, на оиласидагилар билишини истамаган. Mental Flossнинг келтиришича, “Бир гал меҳмонлар келиб қолганда, меҳмонхонанинг полига сочилиб ётган роман қўлёзмасини яшириш учун устига гилам тўшаб юборган”.
СКАРЛЕТТ О'ХАРА РОЛИДА ВИВЬЕН ЛИ
Скарлетт О'Хара ролига тахминан 14000 актриса синовдан ўтказилади. Мухлислар оломони ўзларининг севимли актрисаларига овоз беришади, аммо Вивьен Лига биргина тарафдор чиқади. Маргарет Митчелл актрисани кўрганда “Мана шу менинг Скарлеттим” дея, уни танлайди.
1949 йил 11 августда Маргарет эри Жон Марш билан кинотеатрга кетаётганда уни машина уриб кетади. Ҳайдовчи маст эди. Орадан беш кун ўтиб, 16 августда Маргарет касалхонада ҳаётдан кўз юмади, у эндигина 49 ёшининг бир неча ойини яшаган эди.