ВЕРГУЛ ЗЎРМИ, НУҚТАМИ?
Эркин Аъзамнинг “Ёзувчи” ҳикояси лингвопоэтикасига чизгилар
Бугунги ўзбек адабиётида атоқли адиб, беназир носир Эркин Аъзамнинг ростлик ва расолик тажассуми бўлмиш асарлари ўзининг муҳташам ва муносиб ўрнини ҳақли равишда забт этганига анча бўлганлиги асло муболаға эмас. Замонавий ўзбек насрида мутлақо ва мунтазам ўз услубида қоимлиги, ўзбек тилининг лингвопоэтика, яъни лисоний бадиият бобидаги туганмас имкониятларини синчи тилчи сифатида баралла кўра ва кўрсата билганлиги, айни пайтда бу имкониятлар захирасини бадиият биноси бунёдига тўласича сафарбар қила билиш ҳадисини олганлиги, қаламини ана шу ҳадиснинг ҳадди аълоси йўриғидан юрғиза билганлиги ардоқли адибнинг бетакрор ижодига бўлган эътибор ва эҳтиромнинг залворли заминларидир.
Алоҳида таъкид ва таҳсин билан айтмоқ жоизки, Эркин Аъзам қаламига мансуб ҳар қандай матнда сўз бутун борлиғи, мазмуний-ҳиссий қирралари, шаклу шамойили ва ҳатто сас-садоси билан намоён бўлади, тирик ва теран мантиқ ўзани аро ҳаракатда бўлади, унинг қўлланиши тасвир тиниқлиги ва ростлиги учун айни муддао бўлади, ортиқчалик ёки бежолик деган ноқисликликлар бу сўзга батамом бегона бўлади. Эркин Аъзам “бир умр ихлос ва эҳтиром қилиб юрадиган устозига айланган” Асқад Мухторнинг “Тундаликлар” деган сўнгги асарига эпиграф қилиб олган Маҳмуд Замахшарийнинг “Ортиқча сўздан тилини тиёлмаган одамнинг жилови шайтоннинг қўлида” деган ҳикматига қатъий амал қилади. Адабиётимизнинг чинори Асқад Мухторнинг мазкур асарида “Қалам сўзнинг соясини чизади” деган мағзи тўқ гап ҳам бор, бу улкан адибнинг садоқатли шогирди Эркин Аъзамнинг қалами сўзнинг нафақат сояси, балки унинг адоқсиз сас-садосини ҳам чиза олишини устоз тасаввур қилганлиги шубҳасиз.
Эркин Аъзамнинг тамоман ўзига хос, бетакрор сўз қўллаш маҳоратига унинг деярли барча асарларида, хусусан, ҳатто оддий суҳбатларида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Унинг суҳбатдош саволига берган қуйидаги жавоб матнига эътибор берайлик:
“Битта “секрет”имни айтайми? Мавжуд андозаларни унутиб, сипогарчиликни йиғиштириб, воқеликни, қаҳрамонларингизни иложи борича аниқ, ростгўйлик билан тасвирлаб берсангиз, ўзи шундай чиқаверади: кулгилироқ, ҳайратомуз… Бунда ўзингизнинг шахсиятингиз, таъб-дидингиз ҳам муҳим, албатта”.
Табиийки, тилимизга тамомила ёт бўлган секрет сўзини ўзбекча матнда қўллашнинг, камида, нодуруст эканлигини ҳар ким билади, аммо, таассуфки, аксарият зиёли ёки зиёлинамо кишилар нутқида бу ҳол кузатилади. Ёзувчи нутқида, айниқса, Эркин Аъзам нутқида бундай қўлланиш мантиқ қуюшқонидан тамоман ташқари, аммо адибнинг бу ўриндаги ўткир кинояси, истеҳзоси очиқ-ошкора кўриниб, кесатиқ-кулгиси баралла эшитилиб турибди ва унинг таъсир қуввати фавқулоддадир.
Эркин Аъзамнинг, айниқса, бадиий асарларида ўзбек тили адибнинг беҳад инжа ва расо лисоний-бадиий сезимлари боис ўзининг беадоқ ва сиру синоатга лиммо-лим лингвопоэтик имкониятларини ҳеч бир мажбурловсиз бор бўйича намоён қилади. Бунга ҳассос носирнинг ҳар бир асарида, хусусан, биргина “Ёзувчи” ҳикоясида ҳам гувоҳ бўлиш ва ундаги фавқулодда лингвопоэтик топилмаларнинг мазмуний-ҳиссий замзамаларига, турфа бадиий-эстетик мақсадлар билан юкунишига тасанно айтмасликнинг иложи йўқ.
Ҳикоя шундай бошланади: “У ўртамиёнагина ёзувчи эди. Бу энди ҳар балони ўқийвериб осмонга сапчийдиган бўлиб қолган бизга ўхшаш “доно”ларнинг фикри”. Парчада доно сўзи асл маъносига нисбатан зид маънода, яъни “нодон” деган маънода намоён бўлган (мазкур сўздаги қўштирноқ шунга хизмат қилган) ва айни пайтда ҳикоячининг ўзига қаратилган киноя, истеҳзо таъкидига эга. Бу поэтик таъкид ҳар балони ўқийвериб тарзидаги қочиримли ифодага ва осмонга сапчийдиган бўлиб қолган иборасига кўра янада қабариқ ифодаланган.
Муаллиф ҳикоя қаҳрамонини таништиришда давом этади: “Аммо, ўринсиз андишани четга қўйиб гапирганда, у майдонда от суриб юрган донгдор отахону акахонларнинг кўпчилигига нисбатан асл адабиётга яқинроқ, ҳатто унинг содиқ фуқароси эди. Дарвоқе, фуқаросигина эмас, жафокаш мардикори ҳам эди...” Асл адабиётнинг “содиқ фуқаросигина эмас, жафокаш мардикори ҳам эди”ифодасида ҳам киноя, истеҳзо таъкиди мавжуд. Бунинг устига, “адабиётнинг содиқ фуқароси” ва “адабиётнинг жафокаш мардикори” қабилидаги тамоман зиддиятли қўлланиш ўқувчи идрокида ўткир истеҳзоли англов ва кутилмаган палағда мантиқ тасаввуротини уйғотади. Зотан, ёзувчининг мазкур ўриндаги бадиий нияти ана шундай муаллақ мантиқ таъкиди асосидаги киноя тасвирини намоён қилишдан иборат. “Асл адабиётнинг жафокаш мардикори” ифодаси бетакрор бадиий топилдиқ сифатида асарнинг лисоний поэтикасини янада кўламли бойитишга хизмат қилган.
Эркин Аъзам ҳикоядаги асосий қаҳрамон тасвирида унинг таржимаи ҳолини ҳижжалаб ўтирмайди, балки ёзувчилар ҳаётининг айтарли муайян бир андазага айланган нуқталарининг зиди, тескарисини тилга олиш билан чекланади. Эркин Аъзам бу нуқталарни шундай кўрсатадики, ўқувчи бу нуқталарнинг қайси ижодкорларга тегишлилигини, умуман, тасаввур қила олади. Мана бу парчага эътибор қилайлик: “У расмона адиблар сингари болалик чоғлариданоқ ёзувчи бўлишни дилига тугмаган, илк ижодини шеър билан бошлаб, деворий газеталарни обод қилмаган эди. Унинг устоз шоирларникига ўхшаган ибратли бир таржимаи ҳоли ҳам йўқ, болалик кунларида эртак сўйлаб бергувчи бувиси ҳам бўлмаган”. Маълумки, аксар ижодкорлар болаликдан ёзувчи бўлишни ният қилган, шеър ёзган, “деворий газеталарни обод қилган”, бувиси эртак сўйлаб берган. (Ҳ.Олимжоннинг “Болалик кунларимда, Уйқусиз тунларимда Кўп эртак эшитгандим, Сўйлаб берарди бувим” мисраларини эсланг). Ҳикоя қаҳрамони эса бу сифатлашларнинг ҳеч бири билан ошно эмас... Ҳикоя қаҳрамонининг болалиги тавсифи ана шу тарзда ғоят оддий ва таъсирли чизилган, тегишли сўз ва жумлаларнинг деярли ҳар бири ўзига хос ва бадиий мақсадга мос нозикликлар билан юкунган.
Ўзбек тилида дарди бедаво тарзидаги изофали бирикма бор. Унинг маъноси “даволаб бўлмайдиган дард” демакдир. Эркин Аъзам бу бирикмани лисоний қуршовга мана бундай олиб киради: “Пойтахтга туташ боғдорчилик туманларидан бирида колхоз раиси экан. Қаранг, машъал раис бўлатуриб, шу одам ҳам дарди бедавога йўлиқибди – ёзар экан! Ёзмаса туролмас экан!“ Аслида, колхоз раиси учун ёзиш, ёзмаса туролмаслик даволаб бўлмайдиган дард эмас, албатта, шунинг учун ҳам маҳоратли ёзувчи колхоз раисининг бу ғайриодатий “дард”ини кучли киноя-истеҳзо билан тилга олмоқда. Шунинг учун ҳам тили ўткир адиб раиснинг мақоми ўзанига мос рост ишини шундай танбеҳ-кесатиқ билан шундай таъкидлайди: “Ай, боғ-роғингга қара, ҳосилдорликни ўйла, йиллик режаларни шараф билан адо этиб орден-медал олсанг, қаҳрамон бўлсанг-чи, анойи банда! Булардан ортсанг, меҳнаткашларнинг ҳолидан хабар ол, бева-бечорага қайишгин, инсон!” Адибнинг теран ва таранг танбеҳи қуйидагича шиддатли тус олади: “Йўқ-да, қўли қичийди. Ёзмасдан туролмайди!” Бу ўринда қўли қичимоқ иборасининг маъновий-ишоравий таркибидаги кесатиқ-заҳарханда баралла бўй кўрсатган, ундаги айни маънонинг лингвопоэтик таъкиди янада тўлғинлашган. Бунда матндаги мурожаат қаратилган шахсни ифодаловчи анойи банда, инсон сўзларининг мазмуний ҳаракатини кўрмаслик ва дашном сасини ҳам эшитмаслик мумкин эмас.
Эркин Аъзам ҳамма асарларида бўлганидек, ҳикояда тил бирликларининг, сўзнинг ичи ва ташини аниқ кўра билади ва ярқ этган, юракни жиз эттирадиган маъно нозикликларини ишга сола билади. Мана бу парчадаги жонивор ва одам қилмоқ сўзларининг метафорик маъно нозиклиги ва товланишларига эътибор қилинг: “Хўш, бу ёғини нима қилиш керак? Нашриёт режасига кирган қўлёзма отлиғ жонивор китоб бўлиб чиқиши шарт! Айниқса – директор буюрганидан кейин! Бўлим мудири ҳам бир гапни такрорлагани такрорлаган: “Одам қилинг! Одам қиласиз, тамом!” Кўриниб турганидай, жонивор сўзи қўлёзмага нисбатан қўлланган, унда айни пайтда қўлёзмага нисбатан салбий муносабат очиқ ифодаланган. Одам қилмоқ матнда “эпақага келтирмоқ, яроқли ҳолатга келтирмоқ” метафорик маъносида қўлланган, бу сўзда ярамайдиганлик таъкиди ва унга салбий муносабат ифодаси акс этган. Бироз кейин матнда қўлёзма дахмаза сўзи билан аталган. Бу сўзнинг “ортиқча ташвиш, кераксиз бош оғриғи” маъноси ёдга олинса, янада салбий, кесатиқли муносабат ифодаси қабариқлашганини сезиш мумкин. Парчада лисоний поэтика нуқтаи назаридан расолик ва ҳаққонийликнинг меъёрида ёки меъёридан ҳам ортиқ эканидан ҳузурланмасликнинг иложи йўқ. Зукко адиб мазкур сўзни ҳикоянинг истеҳзоли руҳига ҳамоҳанг тарзда матнга мана бундай олиб кирган: “Ўша кунлар раис йиғим-терим билан банд, даҳмазани унинг Олашовур деган шўх-шалайим шофёри келтириб берди. (Раис бувамиз ёзишдан кўра, кишига лақаб тақишга уста экан: Оллошукурни у ҳазил аралаш шундай атарди. Кейинчалик қаҳрамонимиз бу чиндан ҳам олашовурроқ йигит билан роса сирдош улфат бўлиб кетди.)” Ушбу парчадаги Олашовур – Оллошукур сўзлари, ҳикоя давомида қўлланган айни исмнинг турли шамойиллари бўлмиш Шовурбек – Шовур ва ҳатто Оллоҳшукур сўзлари кўрсатган бадий-мантиқий кароматлари чинакам сўз муҳиби бўлган ҳеч бир ўқувчини асло бепарво қолдирмайди. Тилимиздаги олашовур сўзининг маъноларидан бири “шўх, тартибсиз, сершовқин” эканлиги маълум, у ҳикояда шамойилдошларининг умумий маъносига абжирлик билан кайвонилик қилиб тургандек туюлади. Адиб бу шамойилдош сўзларни ҳуққабоз каби шундай қўллайдики, улар исм-ном сифатида атаган шахс ҳаётидаги “муҳим” даврнинг белгисига айланади. Биргина ушбу ихчам парча буни далиллайди: “Лақаб деганлари бекорга қўйилмас! Оллоҳшукур ҳожи ҳали Олашовурлик кезларидаёқ, валломат раиснинг қаватида юравериб, кўп балога ақли етадиган пишиқ-пухта синчига айланиб қолган экан”.
Ҳамма замонларда ижод деган муқаддас ва муборак тушунча қавмнинг, каттадир-кичикдир, халқнинг чексиз эътибори ва эҳтиромида бўлган. Худо берган истеъдод боис яратилган беназир ижод маҳсуллари миллатнинг маънавий юксалишига хизмат қилган, шунинг учун чин ижодкор нуфузи ҳамиша сарбаланд тутилган. Албатта, теран тафаккур ва тирик тахайюлсиз ижод оламига кирмоқ номумкин бир юмушдир. Ижоднинг машаққатли юмушига эмас, балки жилвагар кумушига интилганлар барча замонларда бўлган ва уч пақирга қиммат қораламаларини “менинг ижодим” деб кўкрагига уришдан уялмаганлар. Эркин Аъзам ана шундай фаолиятни ижод эмас, балки “эъжод” деб атайди, кескир киноянинг гўзал намунасини яратади. Мана бу парчада яна бир марта буни кўринг, синтактик структурадаги киноявий таъкидларга ҳам эътибор беринг: “Раис бува ҳар эрта тонглай идорасига келиб, бир қўлида дастрўмол, пешонаю бағбақаларини арта-арта, икки бетдан қоғоз қораламаса, кўнгли жойига тушмас экан. Қизғин “эъжод” дамларида Олашовур унга пайдар-пай чой дамлаб бериб турар эмиш: илҳомингизга барака! Ўз навбатида биз ҳам бу жасоратга таҳсин айтмасак уят бўлар: қунту ҳафсалангизга офарин, раис бува! Аслида, эрмакка қоғоз қоралаш унчалик мушкул иш эмас: жиндак вақту иштиёқ бўлса – кифоя. Ростакамига китоб ёзиш, ёзганда ҳам яхши ёзиш эса – қийин, ўҳ, жуда қийин! Чала-чулпа қоғозга тушган гаплари китобга айланиб, бебилиска ҳамду сано эшитиб турган мартабали муаллиф буни қайдан билсин?!” Парчадаги бебилиска ҳамду сано бирикмасидаги ғайриодатийлик, сўзлар қўшилмасидаги кутилмаганлик ҳам жиддий лингвопоэтик қимматни ортмоқлаган. Бебилиска сўзининг маъноси “осонлик билан, ортиқча меҳнат-машаққатсиз топилган” демакдир, аммо бу сўз одатда пул-бойликка нисбатан қўлланади. Аммо ҳассос адиб бу сўзни ҳамду санога нисбатан ҳеч бир мажбурловсиз қўллаган, бу мутлақо ўзининг табиий ўрнини топгандай эмин-эркиндир.
Қуйидаги мисолларда ҳам бир тутам, ғозли сўзлари ўзлари қўшилган сўзлар билан Эркин Аъзамга хос ўктамлик билан боғланган ҳолда қўлланиб, алоҳида лингвопоэтик қиммат касб этган: “Сарсон бўлиб ҳар куни ишга қатнаб юрмайсиз, бир тутам маошга кўз тикиб, раҳбариятнинг қош-қовоғини пойламайсиз”. “Кимнинг ҳамёни ғозлироқ бўлса, қўлидан келадими, йўқми – китоб ёзиш, китоб ясаш пойгасига киришди”.
Тилимизда тепа сочи тўкилмоқ ифодаси мавжуд ва у кенг тарқалган. Унинг маъно ташаккулида қўшимча қандайдир шахсга оид муносабат, бирор нарсага ишора йўқ, айтиш мумкинки, унда субъективлик йўқ, сўзловчи назди нуқтаи назаридан деярли бетараф. Чинакам сўз устаси Эркин Аъзам мазкур ифодани тепа сочининг баракаси кетмоқ тарзида эркинона ўзгартириб қўллаган ва юмшоқроқ, илиқроқ муносабатнинг юзага чиқишига эришган: “Домланинг бирдан-бир эрмаги, овунчоғи мана шу боғ, мана шу дарахтлар эди. Бу вақтга келиб у – бир чеккаси азбаройи камхаржлик, ундан ҳам бурунроқ кашандалик йўтали сабаб – сигаретдан воз кечиб, нос отишга ўтган; иягига бир тутамгина соқол ҳам қўйиб олган, тепа сочининг баракаси кетиб, бошига калампирнусха дўппи бостириб юрар эди”.
Ўзбек тилида саратон сўзи “шамсий йил ҳисобида тўртинчи ойнинг номи (22 июнь – 21 июль даврига тўғри келади)” маъносида ҳам қўлланади. Бу сўз тиббий термин сифатида касаллик номини ҳам билдиради. Бу сўзни эшитганда, ҳар қандай қўрқмаснинг юрагига ҳам қўрқув оралайди, шунинг учун мазкур маънодаги мазкур сўзни одатда тилга олмаслик урфга кирган. Сўзни ҳам, китобхонни ҳам аяшнинг минг бир ҳадиси билан ошно зийрак адиб мазкур интиҳоси беш қўлдай маълум қўрқинч дарди бедаво ифодаси учун айланма тасвир – юмшоқроқ перифразага мурожаат қилади, буни мана бу парчада кўриш мумкин: “Воҳ дариғки, бу қўшалоқ қувончлар кўпга чўзилмади. Саратоннинг адоқларига бориб, раис таппа тўшакка михланиб қолди. Айни шу фаслга номдош, на шоҳ, на гадоси чора топа билган совуқдан-совуқ бир дардга йўлиққан эди у”. Фавқулодда лингвопоэтик топилдиқ!..
Маълумки, адабиётдан унчалик ҳам хабардор бўлмаган, оддийроқ, омироқ одам бадиий асар ёзадиган ҳар қандай ижодкорга шоир деб қарайди. Ҳикояда ёзувчилик ҳою ҳаваси билан адабий мардикор меҳнатига суянган раиснинг ушбу сўзларидаги шоир истилоҳи унинг рост адабиёт кўчасидан ўтмаганлигини табиий равишда таъкидлайди: “Шу, сиз – шоирларга ҳам тан бермадим-да, домла, – деган эди лаҳаднинг оғзига бориб қолган одам ҳамон тетик бир овозда. – Мендай бир оми, тўпоридан ҳам шоир ясадинглар-а, қойил!” Муаллақ ва муваққат ҳою ҳаваслар ҳеч эканлигини англаган, таъбир жоиз бўлса, кўзи очилган раис-ёзувчи унга мардикорлик қилган муҳаррир-домлага умрининг сўнг палласида кўнглини ланг очади: “Тавба, бўлмаса, мен бир далавой деҳқонга ким қўювди шоирликни! Ҳай, аҳмоқ каллага келган ул-булни қоралаган бўлсак қоралагандирмиз. Лекин хизмат сизники-ку! Меҳнатни сиз қилдингиз-ку! Шуни билмай мен бир лодону овсармидим? Нима зарил денг-а! Мана, ҳаммагинаси қолиб кетар экан…” Адабиёт оламига тамоман бегона ва бу оламда мусофир эканлигини янада таъкидлашдай тоза нияти раиснинг ўзини далавой деҳқон тарзидаги оҳорли ифода билан аташида очиқ кўринади. Муҳаррир-домла уни эррайим одам ифодаси билан тилга оладики, бу ифодада унга нимадир раҳм-шафқат, ачиниш каби туйғулар англанади, чунки маҳоратли адиб эррайим сўзининг “танти” маъносининг бўй кўрсатишига қулай имконият яратган: “Ажаб бир эррайим одам эди раҳматли – шу ҳолида ҳазил гаплар қилганига нима дейсиз!”
Ҳикоянинг охирларидаги мана бу парчага диққат қилайлик: “– Амаки, вергул зўрми, нуқтами? – деб сўрайди бўлажак адиб ёзувидан бош кўтариб.
Қанчалаб китоб битиб, умр бўйи муҳаррирлик қилган одам боланинг шугина саволидан лол, ўйланиб қолади.
– Нуқта зўр бўлса керак-да. Вергулинг бир гапда бир нечта бўлиши мумкин, нуқта эса – битта!
– Лекин вергулнинг думи узун-ку?!
– Вергул – гап ҳали давом этади дегани. Нуқта қўйилдими, демак – бас, тамом!
– Дарров тамом бўлгандан кўра, давом этгани яхши эмасми?
Ёзувчи шогирдчасига қараб дафъатан бақрайиб қолади: “Тамом бўлгандан кўра, давом этгани яхши… Ниманинг? Ажабо!”
Ҳикоядаги охирги жумла шундай: “–Амаки, сўроқ белгиси зўрми, ундовми?”
Тиниш белгиларини бу тарзда мазмуний-мантиқий, ҳиссий-идрокий товлантириш, турли бадиий-рамзий ишораларни ортмоқлашга сафарбар этиш, воқеа-ҳодисага индивидуал муносабат асосидаги қамровли мулоҳазалар уйғотиш воситасига дўндириш, умуман, лингвопоэтик таъкиду таъсирлар билан тўйинтириш Эркин Аъзамнинг беназир ва бошқаникига ўхшамаган расо услубига хос хусусиятлардандир. Ўзбек тилидаги тиниш белгиларининг лисоний-мелодик моҳиятига уйғун равишда рамзий-ишоравий таъкид имкониятлари бениҳоя ранг-баранг ва чексиз-чегарасиздир. Бола тасаввуридаги уни қийнаган нуқта, вергул, ундов, сўроқ белгиси каби тиниш белгиларининг қайси бирининг “зўрлиги” ҳақидаги синоатли савол бу белгиларнинг маъно-мазмуни рамз ўлароқ гоҳ талотумли, гоҳ мунтазам маромли ва гоҳ фожиаолуд ҳаёт сатҳига кўчирилса, унинг мазмуни нақадар улкан эканлиги англашилади. Бу улкан саволларнинг жавоблари ҳеч кимни лоқайд қолдирмаслиги аниқ.
Қиссадан ҳисса шуки, Эркин Аъзам ижоди лисоний бадиият бобидаги кўплаб тадқиқотлар учун ҳали очилмаган қўриқдир. Тўғри, ўзбек филологиясида бу улкан ва чинакам сўз устасининг насри лингвопоэтикаси ҳақида бир неча тадқиқот ишлари яратилган, аммо булар мутлақо етарли эмас. Эркин Аъзам асарларида яратилган лингвопоэтик мўъжизалар жуда кўплаб ёш ижодкорлар учун туганмас намуна ва ибрат мактабидир.
ЎР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори,