Пауло КОЭЛЬО
Бразилиялик ёзувчи Пауло Коэльо “Алкимёгар” романи чиққанидан кейин машҳур бўлиб кетди. Китоб қисқа вақт ичида 65 миллион ададда нашр этилди ва 67 тилга таржима қилинди. Бу эса унинг Гиннес рекордлар китобига киришига асос бўлди. Коэльонинг кейинги нашр қилинган китоблари ҳам бестселлер даражасига кўтарилди.
Пауло Коэльо онасига ўзининг ёзувчи бўлмоқчи экани ва ҳаётда “анъанавий” йўлдан юрмаслигини айтганда, ота-онаси ўғлининг тақдиридан ҳавотирланиб уни даволатиш учун клиникага ётқизишади. Ўшанда у 16 ёшга тўлган эди. 20 ёшга кирганда руҳий шифохонадан чиқишга рухсат беришади. Бу орада бўлажак ёзувчи уч марта қочишга ҳаракат қилади. Руҳий шифохонадан чиққандан сўнг ёзувчи бўлиш фикридан қайтади ва ҳуқуқшуносликни ўргана бошлайди.
Паулони ёшлигида безори болалар масхара қилишарди. Бироқ уларнинг ҳурмат-эътиборини қозониш учун Пауло барчага қизиқарли ҳикоялар айтиб берар, ҳеч ким билмайдиган асарлардан иқтибослар келтирар, бошқалардан ақллироқ эканини исботлашга уринарди.
У эркин, ўзбошимча, олифта эди. Ҳуқуқшуносликни ўрганишга уринишлар натижасиз якунланади. Шунда Паоло ўзининг узоқ саёҳатга чиқиш вақти келганини англаб етади. Хиппи сифатида Жанубий Америка, Европа ва Шимолий Африкадаги шаҳарларни кезиб чиқади.
Моҳир ёзувчи бўлишдан аввал Пауло бир неча марта касбини алмаштиради, жумладан, ҳаваскорлик театрида актёр ва режиссёр ҳам бўлади. 1974 йилда ҳибсга олиниб турмага ташланади. Чунки унинг айрим асарлари ҳукуматни таажжубга солган эди. Аввал руҳий шифохонада даволангани баҳонасида у ақлдан озган деб тан олинади ва озодликка чиқарилади.
Унинг илк китоби ҳеч қандай эътибор қозонмайди. Пауло мустақил нашр этган “Дўзах архиви” романи ўқувчиларда қизиқиш уйғотмайди. Коэльо иккинчи китобини ҳам ўзи ёқтирмас ва сифатсиз чоп этилгани учун китоб дўконларидан олдириб ташлашга уринади.
“Алкимёгар” Коэльонинг бошқа романи – “Брида” туфайли машҳур бўлади. “Брида” пайдо бўлгач, “Алкимёгар” романи савдоси осмонга чиқиб кетади. Кўпчилик “Брида” китобининг муваффақияти унинг ўта сифатли чоп этилганида деб ўйлайди.
Кўпчилик Паулони чинакам сеҳргар деб ўйлайди ва айримларнинг тасдиқлашича, у бир муддат ҳақиқатан сеҳргарлик қилган эмиш. Аммо Коэльо бу гапларни тасдиқлайдиган бирор-бир гап айтмаган.
Унинг китоб ёзиш борасида ўз таомили бор. Битта китобни икки йил ёзади, аммо янги китобни ёзишни бошлаши учун қандайдир “белги” бўлишини кутади. Шунинг учун у оқ патни топганда (ўзининг айтишича, бу тоқ йилларнинг январь ойида юз беради) ёзишни бошлайди.
“Алкимёгар” Франция, Италия, Португалия, Бразилия, Tайван, АҚШ ва Испаниядаги мактабларнинг дастурларида мактабдан ташқари ўқиш учун тавсия этилган. Шунингдек, Чикаго университетининг Олий бизнес мактабида ҳам ўқитилади.
Пауло Коэльо — «O Globo» газетасининг якшанба сонида алоҳида устун меҳмони бўлиб, бу газета Бразилияда энг кўп ададда чоп этилади. Газетанинг муваффақияти беқиёс бўлиб, мазкур устун матнини дунёдаги 33та нашр кўчириб босади. Уларнинг орасида Италиядаги «Il Corriere della Sera», Германиядаги «Welt am Sonntag», Тайвандаги «China Times», Польшадаги «Zwierciadlo magazine», Болгариядаги «Dnevnik», Эстониядаги «Anna magazine», Руминиядаги «Romania Libera», Испаниядаги «Grupo Correo» нашрлари бор.