НАЙ НАВОСИ
Бир тошбақа дарё қирғоғида най чаларди. Унинг куйини барча ҳайвонлар тинглашарди. Куй остида шер, фил, капалак, илон ва маймунлар рақсга тушарди. Бир куни одам тошбақанинг мусиқасини эшитиб қолибди.
“Оҳ, тошбақа мусиқа чаляпти, шекилли. Тошбақа ҳозир жуда фойдали”, – дея ўйлаган одам унга:
– Тошбақа! Ажойиб найингни менга кўрсата қол, – дебди.
Тошбақа секин эшик томон юриб, унга найини узатибди. Одам тошбақани кўриши билан унинг бўйнидан маҳкам ушлаб, югуриб кетибди. Тошбақа ёрдамга чақирмоқчи бўлибди, бироқ овози чиқмабди. У нажот истаб, найини маҳкам қучоқлаб, кўзларини чирт юмиб олибди. Одам уйга келгач, тошбақани қафасга солиб қўйибди. Кейин у болаларига юзланиб:
– Тошбақа қафасдан чиқмасин, – деб тайинлабди.
Ўзи эса далага жўнабди. Болалар ҳовлида ўйнай бошлабдилар. Тошбақа отанинг гапини эслаб, қафасда жим ўтирарди. У найда ажойиб куй чала бошлабди ва болалар қафас атрофига йиғилибди.
– Чалаётган сенмисан, тошбақа? – ҳайрон бўлиб сўрабди кўзлари катта-катта очилиб болалардан бири.
– Ҳа, – деб жавоб берибди Тошбақа.
У чалишни давом эттирибди, чунки куй болаларга жуда ёқаётганини сезибди. Ниҳоят, у куй чалишни тўхтатибди.
– Мен чалишдан кўра рақсга чиройли тушаман, кўрсатайми? – дебди у.
– Оҳ, қани эди-я, – илтимос қилиб қичқирибди болалар.
– Мен сизларга бир вақтнинг ўзида рақсга тушиб, мусиқа чалиб бераман, – дебди Тошбақа. – Лекин қафасни очишингиз керак, чунки бу ер жуда тор, – дебди.
Болакай қафасни очгач, тошбақа рақсга туша бошлабди. Болалар бундай мўъжизани ҳеч қачон кўрмаганлари учун қаҳ-қаҳ отиб, қарсак чалишибди. Кейин Тошбақа тўхтаб қолибди.
– Тўхтама! – деб бақиришибди болалар.
– Оҳ, – деб нола қилибди Тошбақа, – оёқларим шишиб кетди. Қанийди, уларга дам бериш учун бироз юрсам...
– Узоққа кетиб қолма, тез қайтгин, – деб огоҳлантирибди қизча.
– Хавотир олма, тез қайтаман, мени шу ерда кутинг, – дебди Тошбақа.
Тошбақа ўрмон томон судрала бошлабди. Қизча кўздан ғойиб бўлиши биланоқ, дарҳол уйига югурибди. Тошбақани бошқа ҳеч ким кўрмабди. Аммо ҳозир ҳам диққат-эътибор билан тингласангиз, ўрмонда таралаётган най навосини эшитишингиз мумкин.