August 3, 2023

МЕНИНГ МУХБИР БЎЛГАНИМ  

Абдулла АЙИЗОВ

(ҳажвия)

Энди ёзмайман, ҳа, ёз-май-ман!

Кўнглимда, бир ҳафта бурун, ногоҳ қуйган жаладай тўсатдан ёзувчи бўлиш нияти туғилган эди. Ё, фалак, дедим-да ёзишга киришдим. Адабиётчилар тили билан айтганда, “ижодимнинг гуллаган палласи” келди, шекилли-да. Ҳа, ўша қилтириқ, шамол турса учириб юборадиган, калтакесак нусха бўйинбоғ таққан, насиҳат деса ўзини томдан ташлайдиганларнинг каминадан қаери зиёд? Ахир, ўшалар ҳам бизга ўхшаб мактабга қатнагандир. Мен-ку 7-синфга аранг етдим. Ўзингиздан қолар гап йўқ. Вақт ғанимат. Неча йил ўқисангиз ҳам барибир каллага киргани қолади, тўғрими?

Ёзувчиликка, аниқроғи, мухбирликка қизиққанимнинг сабаби бор. Қишлоғимизда Шоди Қалам тахаллусли бир бола бор. Ўзиям туман газетасида у ёзмаган одам қолмади ҳисоб. Мактабда тадбир ўтказилса ёки бирорта фермер режасини бажарса борми, ҳамма ёққа жар солади. Қарабсизки, газета саҳифасидаги гугурт қутисидек жойида хабари босилиб турибди-да. Маҳалладаги этикдўз, сартарош қолмади, ҳаммасини ёзди. Аммо обрўйи зўр экан. Юрган эканмиз-да, биз ҳам умримизни носвой отиб ўтказиб.

Бир куни денг, озиқ-овқат дўконида одам тирбанд. Кўзи пиёладек, хом семиз дўкончи ҳеч кимни писанд қилмайди. Тўйган мушукдек бепарво. Бир маҳал у ток ургандек сапчиб тушса бўладими?! Икки қўли кўксида, гаплари бирам мулойим, бирам мулойим... Кулишни ҳам биларкан... Тавозеларнинг боисини билсам, Шоди Қалам экан. У орқароқда тиржайиб турибди. Ана обрў-ю, мана обрў!

Шу-шу мендаги мухбирликка бўлган қизиқиш учқунлари борган сари аланга ола бошлади. Кечалари уйқум қочиб кетади. Илҳом келдими, деб кутаман. Ҳеч вақо йўқ. Гўё Шоди Қалам дунёдаги ҳамма нарсани ёзиб тугатгандек...

Бир куни... Э, калламга қойилман. Эскилар зап айтишганда, айб ҳаммадан ўтади, деб. Ижод бобида, йўғ-е, жамиятимизга фойдаси тегадиган, яхши инсонларни тарғиб этишда Шоди Қалам ҳам озгина анқовлик қилибди. Ажойиб инсон, ҳув кўча муюлишидаги данғиллама ҳовлида яшайдиган Қўрқмас Завод қолиб кетибди. Мана, мақташга арзигулик одам! Одамлар Қўрқмас амакини бежизга Қўрқмас Завод дейишмайди. Айтиш­ларича, қўлидан ҳар бало келади. Аммо ўзи ҳеч балодан қўрқмас экан. Болохонали уйининг ертўласида қўлбола ароқ заводчаси очган. Ёғ-мой ишлаб чиқарадиган ускуналари ҳам бор, тоза, сифатли бўлмаса-да, арзонгина. Шишаларга этикеткани худди корхонадан чиққандек ёпиштиради. Ҳа, ишонаверинг. Ана шунақа устаси фаранг, тадбиркор аканг қарағай. Одамларга ҳам қулай-да, оёқларининг таги қавариб дўконларга югуришмайди. Қўрқмас Заводга ўхшаган “тадбиркор”лар харидорлар жонига оро киради. Энди айтинг-чи, шундай кишини мақтамай бўладими? Ёзиш керак. Ўзиям жуда газетбоп.

Чироқни ёқдим-у ёзишга киришдим... Аввал сарлавҳа топиш керак. “Э, билиб ўтиришибдими” дея эски газеталарни варақлай бошладим. Ана, сарлавҳа ҳам топилди. Ёзма ҳарфда ёзиш керакми, босма?! Уф! Бошим қотди. Бу мухбирликнинг ҳам турган-битгани машаққат экан-ку! Нима бўлса бўлди, сарлавҳани қўйдим: “Халққа хизмат – олий ҳиммат”.

Бу ёзувлар негадир кўнглимга ўтиришмади. Шартта ўчириб, бошқа сарлавҳа топдим. Ахир, катта-катта ёзувчилар ҳам ўчириб-ёзиб, ўчириб-ёзиб асар яратар эканлар-ку. Ниҳоят, сарлавҳа ҳам топилди: “Тадбиркор”. Давом этдим: “Маҳалламизда Қўрқмас Завод деган тадбиркор яшайди. У киши жуда тажрибали. Ўз ҳисобидан уйида спиртли ичимлик­лар ва ёғ-мой тайёрлайдиган ускунлар ўрнатган. Бундан ташқари, дори-дармон дейсизми... Хуллас, кўп нарсаларни топса бўлади. Қўрқмас Заводнинг келгусидаги режалари янада юксак.

– Ишларимни юритишда чаққонгина жияним, катта укамнинг кичик ўғли Олғиржон яқиндан ёрдам бераяпти.... – дейди Қўрқмас Завод”.

Гарчи ўзи билан суҳбат қурмаган бўлсам-да, қотириб мақтадим. Қўрқмас амаки ўқиб қолса роса хурсанд бўлади-да.

Мақола тайёр. Остида чиройли қилиб исм-шарифимни битдим. Анқабой Семиз. Нима бўлса ҳам газетада исм-шарифим кўринса бўлди.

Мақолани халтжилдга солиб, мағрур юриб почта қутисига ташлаб келдим. Вақтим чоғ. Гўё ҳамма мен ҳақимда ҳозирданоқ гапираётгандек.

“Қачон мақола чиқаркан”, деган ўйдан тинчим йўқолди. Газетанинг янги сонларини титкилашни одат қилдим. “Анқабой Семиз” деган жойи бормикан, дея қидираман. Йўқ! Ўзи ҳақиқат қолмабдида, деб юрсам, бир куни участкавой мелиса йўқлаб қолди. Нима эмиш: “Жиноятчи ҳақида ўз вақтида хабар берганингиз учун раҳмат! Ташаккур!”. Ахир, наҳотки билишмаса жиноятчи бош­қа, тадбиркор бошқа. Ё мен адаштирдимми?!

Ҳозир қаҳрамоним – Қўрқмас тадбиркор, ўзимни Қўрқмас маҳалладошим устидан суд кетяпти. Мен эса, ёзганларимни исботлашим керак эмиш...

Абдулла АЙИЗОВ