ИЖТИМОИЙ ҚАРМОҚ
Соқолимга оқ тушса нима қипти?! Ичим қорайиб қолармишми ёки дилим торайиб? Унақмасда - е!.. Кўнгилни кенг қилайлик, одамлар! Кенгга – кенг дунё, торга – тор, демишлар машойихлар. Шу кенг дунё кенгликларидан фойдаланиб қолай дедим-у... муаззин бомдодга чақираётганидаёқ телефонга ёпишдим. Ижтимоий тармоқларда нима гаплар?...
Даҳшат! Биттаси мақола жойлабди: “Хотиним икки йилдан буён менга хиёнат қилиб юрган экан...”. Ўлибди-ю, бу қандай шармандалик!.. Завқ-шавқ ила ўқишга киришдим.
Эркак кунлардан бир куни ишдан чарчаб келибди-ю, чой ҳам ичмай ухлаб қолибди. Бир пайт кўзини очса, хотини бегона киши билан гаплашиб ўтирганмиш... Мақола шу ерга келганида узилиб, тагига хатчўпдай ёзув қолдиришган: “Воқеани охиригача билгингиз келса, каналимизга обуна бўлинг”. Қанақа канал экан, дея дарҳол пешлавҳасига қарадим. “Текин маслаҳат” канали! Обуна бўлмай бўладими (авваллари газеталарга обуна бўлардик!), бўшашган эр ухлаб қолсаю, у уйғонгунича нима гап бўлганини билмагунимча адойи тамом бўламан-ку?!
Обунага “қўшилдим” деган тугмачасини босдим. Дарҳол канал алмашиниб, телефоним экранига “Текин маслаҳат”га хуш келибсиз!” ёзуви отилиб чиқди. Ранг-баранг чироқлар ёнди, мушаклар отилди. Киройи мусиқа жўр бўлганини айтмайсизми! Бу ёқимли даҳмазалар тугагач, янги ёзув пайдо бўлди: “Текин маслаҳат керак бўлса, аввал шу реклама билан танишинг!”. Тезроқ танишсам, таниша қолай, ахир, дедим-у...
Ё бофармони худо!.. Етмиш ёшли чолниям ўн саккиз яшар йигитдай даранглатадиган дори кашф қилинганмиш! Яна “Кампирингизнинг қувончига қувонч қўшинг, уни янаям ўзингизга ром этинг!” деб ёзиб қўйилганидан ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим. Худо хайрини берсин, қайсидир ўрисми, чулчитми дўхтир Ўзбекистонга келганида қизиқишда далада ўсган толними, теракними томирини суғириб олиб, озгина татиб кўрса... Кечаси билан меҳмонхонада ўзиям ухламабди, хотининиям ухлатмабди. Хотини нуқул “Ранше где ты был?” деб сўроқлайвериб эрини қон қилармиш-да... Чулчут дўхтир алҳол таблетка тайёрлабди.
Барака топгурлар, мамлакат бўйлаб бепул етказиб бериш йўлини топишибди. Асл нархи жуда қиммат экан-у, юртдошларимизга қувонч улашиш учун аския... э, кечирасиз, аксия эълон қилишибди. “250 000 сўм” ёзуви устига қизил чизиқ, яъни “крест” тортилиб, “атиги 18 000 сўму йигирма беш тийин”, деб ёзилган безак ял-ял ёниб турибди, денг! “Агар сиз аксия нархида ютиб олишни истасангиз, қоплардан бирини танланг” дейилган экан. Олтита қип-қизил, бежирим қопчаларнинг суратлари жойлаштирилган бўлиб, биттасининг устига босдим. Жаранг-журинг, дея тиллолар сочилиб кетди-ю, “Табриклаймиз, сиз аксия ғолиби бўлдингиз ва атиги 18 000 сўм 25 тийинга “Толтаранг” сотиб олиш ҳуқуқини қўлга киритидингиз!” деган ёзув чиқди. Ютуқни олишим учун исмимни ва телефон рақамимни киритишим лозим экан. Шу заҳотиёқ телефоним жингради.
– Алло, ассалому алайкум! Сувонқул ака сизми?
– Бизнинг компаниямизга “Толтаранг” олиш учун буюртма бердингизми? – сўради телефондаги қиз. Уялиб кетдим.
– Ҳм-м, ҳалиги... Буюртма бермадим, ютиб олдим. Ҳозиргина...
– Бизга фарқи йўқ. Ҳозирми, кечами. Ютиб оласизми, ё сотиб... Бизнинг вазифамиз етказиб бериш, – дея бидирлаб кетди қиз. – Препаратни ўзингиз учун сотиб оляпсизми, ё?..
– Тушунмай қолдим, нима аппарат? – Қулоғимга яхшироқ қапиштирдим телефонни.
– Апарат демадим, препарат. Қувватни оширадиган препарат, яъни дори воситаси.
Уятдан ҳаммаёғим ловиллаб кетди. Хатто кампирим биланам бунақа гаплашолмайман, ахир.
– Агар ўзингиз учун сотиб олаётган бўлсангиз, – бидирлашда давом этди қиз, – фойдаланиш тартибини тушунтириб қўйишдан аввал баъзи нарсаларни сўраб олишим керак. Нима безовта қиляпти сизни?
Адойи тамом бўлдим! Қаёққа қочишимни билмайман.
Айтдим. Жуда синчков қиз экан. Кўчамиз, муюлиш ва уйимни топиш учун қандай мўлжал борлигию, телефон рақамимгача обдан сўраб ёзиб олди.
– Дастлаб, етказиб борилган почтанинг пакетини яхшилаб текшириб оласиз, – тушунтирди қиз. – Муҳрланган ва скочланган пакет бус-бутунлигига эътибор беринг, хўпми? Ичини очиб, ҳақиқатан ҳам иккита дори қутиси борлигига ишонч ҳосил қилинг. Сўнгра куръерга беш юз етмиш минг сўму ўн тийин тўлайсиз. Шу билан тамом!..
– Нима?!! Ахир, аксияда ютиб олганим учун атиги 18000 сўм йигирма беш тийин тўлайсиз, дейишган эди-ку?! – додлагудай бўлдим.
– Тўғри, бир қути “Толтаранг” препаратининг нархи аслида
570 000 сўм, – деди қиз бамайлихотир. – Аммо сизга икки қутисини, яъни 1 миллион бир юз қирқ минг сўмлик маҳсулот атиги 570 000 сўмга етказиб бериляпти. Ҳар дона таблетка ҳақиқатан ҳам сизга 18000 сўм йигирма беш тийинга етказилиши керак. Аммо аксия туфайли йигирма беш тийин эмас, балки ўн тийин тўлаяпсиз. Дарвоқе, танга топиш амри маҳол бўлгани учун, тангасини, яъни ўн тийинни тўламасангиз ҳам бўлаверади. Ёшингиз улуғлигини ҳисобга олиб, чегирма қилдик...
– Мен пенсионерман. Шунча пулни тўлаб ололмайман, – дедим қунишиб.
– Олмай иложингиз йўқ, жарима тўлашингизга тўғри келади, – дейди бамайлихотир. – Ўзингиз манзил ва телефон рақамларингизгача белгилатиб, буюртма бергансиз. Компаниямизни овора қилганингиз, ёлғондан буюртма берганингиз ва куръерлик идораси сарсон-саргардон этилгани бадалиниям қўшиб тўлайсиз.
Ана сизга бепул хизмат канали!.. Мана сизга “Толтаранг”! Аҳволим тарангу бошим гаранг. Қариганда ижтимоий тармоққа илашиб... Ижтимоий тармоқ эмас, ижтимоий қармоқ экан-ку?!
– Бўпти, – дедим тешилган пуфакдай бўшашиб, – жўнатсангиз жўната қолинг унда...
Телефонимда эса “Хотини ҳиёнат қилган эркак воқеасининг охирини уч пост пастдаги видеодан кўришингиз мумкин”, деган ёзув пайдо бўлди. Дарров учта постни ўтказиб, видеони топдим. Азбаройи қувонч билан устига босдим. “Видеони кўриш учун аввал гуруҳимизга аъзо бўлинг!” деган таклиф чиқди. Фиғоним фалакка кўтарилаёзди. Аммо ўзимни босдим. Ахир, боягиси канал эди, буниси гуруҳ экан-ку. Гуруҳнинг номига қарадим: “Текин дори керак-ми?”