October 27, 2023

“МЕН ШЕЪР АЙТСАМ, БУ ҲАЁТ ЯНА ШАЪН ҲАЁТ БЎЛГАЙ...”  

Шеърият шундай бир йўлдирки, йўловчи ҳар қадамда неча минг меҳнату заҳматга дуч келиши муқаррар. Шеърият шундай бир довондирки, ишқотигаминмайтуриббу довондан ошиб ўтмоқ маҳол. Бу йўлнинг озиғи дарду меҳнат, улови – ишқ. Ҳазрат Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида мана бундай ёзади: “Бўлур дин даҳр бўстонида мавжуд, Эмасдур ғайри сўзу дард мақсуд. Ки, ишқ аҳлидин ўлғай достоне, Муҳаббат хайлидин қолғай нишоне”.

Бу ўринда “сўз” – куйдириш, ўрташ маъноларида. Демак, ҳазрат бобокалонимиз таъбирича, инсоннинг даҳр бўстонига келишидан мурод – сўзу дард. Қалбда ишқ оташи, юракда дард бўлиши – инсонийликнинг бош омили. Шундагина ишқ элидан дос­тон, муҳаббат аҳлидан нишон қолмоғи мумкин. Сўзу дарддан мурод Ҳақ ишқи экани сир эмас. Ана шу талабларга жавоб бера олган асаргина ўқувчи қалбининг нозик торларини чертиб юборади, унинг шуурига, туйғуларига нур олиб киради, замонлар синовидан ўта билади. Бугунги шеъриятимиз бу талабларга қанчалик жавоб беради? Ҳолбуки, қарийб бир ярим аср давом этган истибдод, худосизлик сиёсати кўнгиллардан Ҳақ ишқини суғуриб олишга қаратилган эди. Бироқ кўнгил шундай бир хилқатки, унинг хазиналари ўзини ҳар доим ҳам ошкор этавермайди. Ҳақиқий шоир эса, кўнг­лидаги маъно жавоҳирларини минг бир пардага ўраб, бадиият дурлари билан зийнатлаб сувратлантиради. Ма­жозий ишқ замирида Ҳақ ишқини куй­лайди. Менинг назаримда, Сирожиддин ­Саййид ана шундай шоирлар сирасига киради.

У – ишқпараст шоир. Шеърларида ишқ шунчаки анъана ҳосиласи эмас, кўнгил тақозоси ўлароқ назм этилади. Унингча, ошиқлик – энг олий мансаб, беишқ одам – шоҳми ё гадо, ким бўлишидан қатъи назар, бенишондир:

Англадим: Бу дунё қўшиқлик экан,

Унда олий мансаб – ошиқлик экан.

Кўрдим: Шоҳу гадо ёнма-ён келур.

Кимки беишқ бўлса бенишон келур.

Шоир ўз олдига катта мақсадлар қўяди. Ёр суратининг жозиб тасвири учун сўз қидиради. Муддаоси – афсоналарнинг тушига кирмаган сўзларни топмоқ:

Қошларингни тасвирлайман,

Кўзларинг учун

Сўзлар қидираман – энг порлоқ сўзлар.

Сочларингни тасвирлайман,

Афсоналарнинг

Тушига кирмаган сўзларни топиб.

Чин шоир фақат ўзинигина ўйлаши мумкин эмас. Ўз нафсу оромини мақсад қилган худбиндан нари борса сўзбоз чиқиши мумкин, лекин ижодкор эмас. Зеро, шоирлик бу – ўзини оловга уриб, ўзгаларни оташда куйиш машаққатидан қутқармоқ. Шоирлик бу – одамларнинг лаззат булоғидан нўш этмоғи учун ўзини заҳмат нишига урмоқ. Шоирлик бу – ўзи азоб оловида қоврилиб, инсоният роҳати учун куйинмоқ. Шоирлик бу – бузуқ кўнгилларни обод этмоқ қасдида ўз кўнг­лини изтироблар гирдобига ташламоқдир. Мана бу шеърда ана шу туйғунинг поэтик ифодаси кузатилади: Саболар билан келдим, Садолар билан келдим. Бир жонимда минг битта Савдолар билан келдим. Қатъий ниятлар билан, Даъволар билан келдим: Ҳар бир вайрона дилни Обод этгали келдим. Бу шеър Сирожиддин Саййид ижодининг дастлабки даврларида ёзилган. Гарчи минг меҳнату машаққатни талаб этса-да, ўз олдига улуғвор мақсадларни қўя олган ижодкоргина муайян даражага эришмоғи мумкин. Шоир ҳаёт ва ижод концепциясини мана бу тарзда белгилайди:

Ҳар неким хатолиғдир,

Разиллиғ, расволиғдир,

Ҳар неким ёмонлиғдир,

Риёлиғ, ёлғонлиғдир,

Барбод этгали келдим.

Инсон орзулар билан тирик. Юксак орзулардан мосуво кўнгил майда туйғулар гирдобида қолишга маҳкум. Умуминсониятга дахлдор орзу-идеаллар наинки инсонни, балки миллатни, жамиятни муттасил интилишга даъват этади. Ҳар қандай янгилик ва кашфиётнинг, одамзод бахту саодатининг калити – орзу. Шоир қалбидаги мана бу орзу юқорида таъкидланган ижод ва ҳаёт концепцияси самараси ўлароқ юзага келган:

Дунё ҳали шод бўлгай,

Тушлари новвот бўлгай.

Мен шеър айтсам, бу ҳаёт

Яна шаън ҳаёт бўлгай.

Шу ҳаётни абадий

Ҳаёт этгали келдим.

Тараққиётнинг шиддатига етишиб юриш маҳол бўлган, ҳамма нарса электронлашаётган бугунги даврни тасвирлар экан, ижодкор меҳр-оқибат, ҳаё-ибо, вафо ва садоқат сингари туйғулардан мосуво электрон авлод шаклланишидан хавотирини билдиради. Унингча, йиғларни ҳам, куларни ҳам унутган, калласида мия эмас – аппарат, кўнгли – компьютер, меҳру нафратдан йироқ бир тоифанинг пайдо бўлиши – одамзод учун фожиа. Уларга аждодлардан на ёд, на хотир юққан, фарзандларини рангли телевизор туққан, томирлари – симлардан, насли насаби – робот.

Электрон асрда ноёб бўлиб қолган жонли гиёҳ – туйғуни асраш зарурати шеърнинг поэтик хулосаси сифатида кўнгилларда акс садо беради:

...Биз сен билан учрашдик

Атомлар соясида

Бунчалар нозикдирсан,

Бунчалар норасида!

Рақамларга қасдма-қасд,

Сени асрар нигоҳим,

Электрон асрда

Омон қолган гиёҳим!

Чин шеърнинг дояси – дард. Зеро, изтироб ёлқинидан айри туйғу ўқувчи кўнглига таъсир этиши қийин. Дарду ғамдан маҳрум қолган ижодкор одамларни ҳайратлантира олмайди. Устоз Абдулла Орипов таъбири билан айтганда: “Бадиий асар фақат насиҳатгўйлик учун ёки ўз қаламининг кучини кўрсатиш учун ёзилмайди, ундан қалб таъсирланиши, кўтаринки руҳ олиши ёки инсоний изтиробларга дўст тутиниши керак”. Сирожиддин Саййид шеърлари айнан “инсоний изтиробларга дўст тутиниш” имконини беришижиҳатидан ҳам қимматлидир. Чунки бу шеърлар чинакам дарду ғам ифодасидир: Қайғу мен бўлмасам қайғу чекади, Андуҳ тунлар менга аччиқ чой дамлар. Мен беғам яшасам бўларди, лекин Менсиз яшолмайди ҳеч қачон ғамлар.

“Кўксимдаги зангорларим кетармукин?” (Ҳазрат Яссавийдан бир сатр) сарлавҳали шеърида яссавиёна руҳни кузатиш мумкин. Шеър бешлик бандлардан таркиб топган бўлиб, ҳар бир банд сўнгида ҳазрат Яссавий сатри тазмин сифатида келтирилади. Бу бадиий усул матн замиридаги ҳикматни нурлантириб юборган. Шеър юксак бадиият маҳсули ўлароқ ижод этилган. “Тонглар кетди, тунларимдан тонглар кетди” – ана шу бошланма сатрнинг ўзиёқ шеърда ифодаланган дарднинг нечоғли чўнг эканидан дарак беради. “Тонглар кетди” жумласининг ўринли такрори поэтик мазмун таъсирчанлигини оширган. Бу усул “Назм либоси сўз раъносига нақадар зеб бериши” (Фурқат ибораси – Н.Ж.) мумкинлигига бетакрор мисолдир. Кетган тонглар йилларини онлар этгани, севги боис бир жони юз жонга тақсимлангани, кўнгил давлатидан шонлар кетганию кўзёшидан майсалар бўйро бўлгани ҳақида ёзар экан, шоир теран фикрга гўзал бадиий либос кийдиради. Муаллиф руҳиятидаги изтироб ўқувчига ҳам юқмай қолмайди. Мана бу оҳорли бадиий хулоса ижодкор маҳоратига ёрқин далилдир:

Бу дунёда ёр изладим дилга лойиқ,

Бу дил энди елга лойиқ, селга лойиқ.

Нур таратган сочларини ёйиб-ёйиб,

Бошим узра йиғлаб турса минг малойик,

Аламларим булутлардай ўтармукин,

Кўксумдаги зангорларим кетармукин?

Сирожиддин Саййид мумтоз шеърият намуналарини кўп мутолаа қилади. Жалолиддин Румий, Шайх Саъдий, Хожа Ҳофиз, Алишер Навоий, Фузулий, Бобур, Машраб, Фурқат назмий мактабларидан сабоқ олиш, мумтоз поэтик анъаналарнинг янгиланиши – шоир шеъриятининг хос хусусиятларидан. Қуйидаги тўртликда ифодаланган теран ирфоний маъно буни тасдиқлайди:

Қаро зулфинг қаро қилди кунимни тунларимдан ҳам,

Куюк кўнгил иси келгай туним ҳам кунларимдан ҳам.

Фалак тоши агар йиллар ун этса устихонимни,

Сенинг исминг садо бергай уним ҳам, унларимдан ҳам.

Қаро зулф ва қаро кун сифатлашлари замиридаги дарднинг чўнг ифодаси, куюк кўнгил метафорасида тажассум топган изтироб шиддати, фалак тоши устухонни ун этиши тасвиридаги чуқур фожеийлик, уни (товуши) ва унларидан (устухоннинг майдаланиб унга айланиши) ҳам ёр исми садо бериши – ушбу тўртликни мукаммал санъат асари даражасига кўтарган. Биргина тўртликда катта бир достоннинг юки борлиги, биринчидан, шоирнинг оз сўзда кўп маъно ифодалай олиш салоҳиятини кўрсатса, иккинчидан, сўзга бадиий зийнат беришда чўнг маҳорат касб этганидан дарак беради. Мана бу шеърда эса туйғунинг машрабона тўлқини мужассам:

Мен ишқ диёрининг авомидирман,

Ердаги ҳар хаснинг каломидирман.

Сўйлатиб ўтарман сўнгакларимни,

Машраб армонининг давомидирман.

Халқ оғзаки ижоди – Сирожиддин Саййид ижодий камолотининг қуримас, туганмас сарчашмаси. Халқона ҳикматларга бадиий ишлов бериб, уларни зийнатлаб халқнинг ўзига қайтариш шоир ижодиётининг яна бир муҳим фазилатидир. “Намозшом бўлдию кўнглим бузилди” сат­ри халқ ҳикматларидан олинган. Ана шу сатр­га тазмин сифатида ёзилган шеър ишқ туйғусининг мукаммал поэтик ифодаси экани жиҳатидан қимматлидир: Намозшом бўлдию кўнглим бузилди, Яна бир кун умрдан ютқизилди. Яна беҳосил ўлди ул муродим, Яна мунг қушлари бир-бир тизилди. Шеърда бобурона руҳ тажассум этганини сезиш қийин эмас. Дастлабки икки сатр ўқувчининг кўнглини ўртаб юборадиган даражада таъсирчан. “Яна бир кун умрдан ютқизилди” – буни ўқиб, ўйга толмасликнинг иложи йўқ. Муроднинг беҳосил бўлиши, мунг қушларининг бир-бир тизилиши “Нимага? Нима учун?” сингари саволларни пайдо қилади. Шеърда мисралар қуйма, бадиий мантиқ пухта. Яна бир ўзига хослик шундаки, шоир қайси мавзуда ёзмасин, аксар шеърларида Она образи ёрқин намоён бўлиб туради. Бу эса, ўз-ўзидан шеърнинг таъсир кучини оширади:

Яна ошмас, хавотир сузди онам,

У бечорам менинг бунча эзилди.

Паришон йилларимни аста чулғаб,

Ўкинчимдан ҳазин сурат чизилди.

Муштипар онанинг ош ўрнига хавотир сузиши, фарзанди руҳиятида сизган ғамнинг онаизор кўнглига кўчиши ўқувчи қалбида ҳам титроқ пайдо қилади. Ўкинчнинг суратини кўрганмисиз? Унинг паришон йилларни чулғаган ҳазин шамойилини тасаввур эта оласизми? Шоир ана шу суратни сўз воситасида жонлантиради. Ижодкорнинг ижодкорлиги шундаки, ўзгалар наздида имконсиз туюлган ишни ҳам у сўз лашкарлари орқали уддалай олади. Мана бу мисралар ҳам буни тасдиқлайди:

На ғамдир бул менинг кўксимдаги ғам –

Ки, у беҳадду бепоён чўзилди.

Менинг дил жадвалим кўйингда, эй ишқ,

Балою ранжу миннатдан тузилди.

Ғаройиб косадир даҳр ичра тақдир,

Менга шул косада кўзёш сузилди.

Она образи ирфоний дард ифодаланган “Ёмғир” радифли шеърда ҳам бор. Бу шеърда руҳиятнинг ўзига хос тасвири тажассум топган. Кўнглидаги дардларини ёмғир билан бўлишиш – ўзига хос усул. Мумтоз шеъриятимизда кўнгил кечинмалари аксар сабо – тонг шамолига изҳор этилади. Сирожиддин Саййид лирикасида ёмғир образи фаол қўлланади. Ҳатто бадиий-публицистик жанрга оид мақолалари жамланган китоби “Яшасин ёмғирлар!” деб номланган. Изтиробларини “ҳас­рат ўчоғида ўтин”, “қисмат қирғоғида тутун” сингари сифатлашлар билан тасвирлаган шоир ёмғирнинг мулойим, илиқ ёғишини кўриб, онасига бўлган соғинчини, меҳрини ифода этади. Аён ҳақиқат шундан иборатки, ҳеч бир солиҳ фарзанд онасининг йиғлашини истамайди. Шоир туйғулари талқинида ҳам ана шу руҳий ҳолат суврати образланган:

Ҳасрат ўчоғида ўтинман, ёмғир,

Қисмат қирғоғида тутунман, ёмғир.

Бунчалар мулойим, илиқ ёғурсан,

Онам йиғладими бу тун ҳам, ёмғир?

Образли тафаккур – шеъриятнинг асосий шарти. Зеро, шеър аслида ҳамма бирдай кўриб турган ҳодисада ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган гўзалликни сеза олишдир. “Қодирийнинг шийпонида” шеърида шоир буюк адиб ҳовлисидаги машҳур шийпонда ҳеч ким пайқамаган Раънони кўради. Шеърда унинг образи ҳаё билан ерга қараб турган ҳолатда сувратланади: Бунда Бедил ғазалларин рукн байти бор Ва Навоий девонларин сукунати бор. Бунда ҳар барг сўйлар ўтган кунлардан маъно, Бунда ҳануз ерга қараб турибди Раъно. Шоирнинг маҳорати шундаки, буюк Қодирийнинг шийпонини, унда кечган бедилхонлигу навоийхонлик кечаларини, ҳаё билан ерга қараб турган Раъно образини кино лентаси янглиғ ўқувчи кўз ўнгида ёрқин жонлантиради.

Ғазал, мухаммас жанрларида Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовдан кейин энг фаол ва маҳорат билан ижод қилаётган шоир Сирожиддин Саййиддир. “Инсонға эрур камол матлуб, Андин дағи дарду ҳол матлуб”– ҳазрат Навоийнинг ушбу сатрларидаги моҳият невара шогирдининг ғазалларида ҳам бўй кўрсатаётгани мумтоз шеърият мухлисларини қувонтириши табиий.

Мен ишқ элининг нолаю афғонида куйдим.

Кўнгил уйининг оташи армонида куйдим –

Шоирнинг ушбу матлаъли ғазали шеърият мухлисларининг ва илму ижод аҳлининг муносиб эътирофига сазовор бўлгани аён. Халқимизнинг ардоқли санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев ижросида мумтоз қўшиққа айлангани маълум. Бир йили “Халқлар дўстлиги” саройи­да Шерали Жўраев ижросида мазкур қўшиқ ижро этила бошлаганда, Сирожиддин Саййиднинг шундоқ ёнида ўтирган томошабинлардан бири шоирнинг тиззасига уриб: “Оҳ, Навоий!” – дея нидо қилади. Шоир: “Ғазалимнинг Навоий асарига тенглаштирилгани умрим давомида менга берилган энг катта мукофот!” дейди. Дарҳақиқат, ғазал ушбу мумтоз жанрнинг барча талабларига жавоб бериши баробарида эл кўнглидаги туйғулар ифодалангани жиҳатидан ҳам қимматлидир. Мана, шоирнинг яна бир мумтоз ғазали:

Дил букун, бошдин оёғим дил букун,

Ҳар қарору ҳар қароғим дил букун.

Дилдин ўзга қолмади манзил манга,

Энг яқин ҳам энг йироғим дил букун.

Сирожиддин Саййид – дил шоири, руҳият шоири, бошдан-оёғи дилдан иборат бўлган ижодкор. Муаллифнинг бу изҳорида ёлғон йўқ. Зеро, ҳақиқий шеър ўтрикни кўтармайди. Сўз, ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, “ҳақиқат ўтидан чошни (баҳра)” топгандагина тошни ҳам сув каби эрита олади. Туйғу самимияти, фикр теранлиги, бадиият мукаммаллиги – ушбу ғазал ютуғини таъминлаган бадиий-эстетик омиллар мана шулардир.

Кўксим ичра йиғлаюр қизғиш хазон,

Ўртаниб чеккан фироғим дил букун.

Ўтмасин дил фасли, эй, устоз фалак,

Менга дарс бергил, сабоғим дил букун!

Қўйнида тошлар ниҳон каслар аро

Яккаю танҳо яроғим дил букун.

Ғазал дилдаги пинҳон дардлар изҳори асосига қурилган. “Дил фасли” – бу истиора замирида ҳам теран маъно яширин. Кўксида қизғиш хазон йиғлаётгани, бундан ўртаниб фиғон чекаётгани тасвирини берган шоир бундай ҳодисага саноқсиз марта гувоҳ бўлган устоз фалакдан дарс олмоқ истайди. Зеро, қўйнида қабоҳат тошлари ниҳон бўлган каслар кўп. Шоирнинг уларга қарши танҳо яроғи ҳам – дил. Барча замонларда нозик қалб эгалари дуч келиши мумкин бўлган руҳий ҳолат тасвири берилган ушбу ғазалда. Нозиктабъ ўқувчи бу сатрларда ўзини, ўз кечинмаларию туйғуларини кўради. Зеро, шеърдан мурод ҳам шу – одамларга ойна мисоли фазлу нуқсини намоён этмоқ.

Мумтоз шоирлар ғазалларига тахмис боғлаш осон иш эмас. Бунинг учун, биринчидан, вазн, қофия, радиф ва бошқа бадиий унсурлар тахмис боғланаётган ғазалга мувофиқ бўлиши, иккинчидан, боғланган мисралар мумтоз шоир ғазали билан образ ва моҳият жиҳатидан уйғунлашиб кетиши, ўқувчи наздида бир муаллиф томонидан ёзилгандек таассурот уйғотиши зарур. Сирожиддин Саййид шарқ мумтоз шеъриятининг дарғалари Хожа Ҳофиз Шерозий, Алишер Навоий, Адиб Собир Термизий, Заҳириддин Бобур, Фурқат, Муҳаммадшариф Сўфизода ғазалларига тахмислар боғлаган. Бу мухаммаслар шоирнинг бадеъ, аруз ва қофия илмларини пухта эгаллагани ҳамда маҳорат билан истифода этиш салоҳиятидан дарак беради. Мана, ҳазрат Алишер Навоийнинг:

Бизинг шайдо кўнгул бечора бўлмиш,

Маломат даштида овора бўлмиш –

матлаъли ғазалига боғлаган мухаммасининг охирги банди:

Умрлар тиклаган қасрингни бузким,

Бу уч кунлик сайр шарҳини тузким,

Кўнгилдин ҳам бутунлай кўнгул узким,

Навоий, чорадин кўп дема сўзким,

Ғамингға чорасизлик чора бўлмиш.

Мумтоз шоирлар, айниқса, ҳазрат Алишер Навоий ғазалларига мухаммас боғлаш ижодкордан катта масъулият ва юксак маҳоратни талаб этади. “Навоий, чорадин кўп дема сўзким, Ғамингға чорасизлик чора бўлмиш” – буюк мутафаккир байтида лирик қаҳрамон бошига тушган фожиа миқёси нечоғли чўнг экани шу тарзда ифодаланган. Бу ўринда “чорасизлик” ва “чора” сўзларига юкланган маъно тақдирнинг беаёв зарбасига учраган инсон аҳволи руҳиясини бутун кўлами – мураккаблигию зиддиятлари билан ифодалаган. “Умрлар тиклаган қасрингни бузким, Бу уч кунлик сайр шарҳини тузким” сатрлари Сирожиддин Саййиднинг ана шу фожиа тасвирини навоиёна ҳаёт фалсафаси асосига қура олгани далолатидир. “Кўнгилдин ҳам бутунлай кўнгул узким”– бу сатр чин маънода бадиий кашфиётдир. Унда ифодаланган маънонинг поэтик талқини ҳазрат Навоий байтига узукка қўйилган кўз янглиғ мутаносиб. Буюк шоир сатрларида сувратланган фожиа тасвирини янада теранлаштиришга хизмат қилган. Бундай сатрлар ўйлаб топилмайди – Тангри таолодан ато этилади. Шоирнинг буюк салафлари ғазалларига тахмис боғлаш маҳорати алоҳида тадқиқотларга мавзу бўла олади.

Сурхондарёнинг Сариосиё тумани орқали Ҳисор тоғ тизмаларидан бошланувчи машҳур Тўполондарё оқиб ўтади. Адабиётимизга ўтган асрнинг 70-йилларида Тўполондарёдай тошиб-жўшиб кирган шоир мўъжаз ҳажмдаги шеърларига сиғмаган теран фалсафий ғояларини катта лироэпик кўламдаги достонлари орқали ифодалаб келаётир. “Жароҳат”, “Сўз ҳижрони”, “Саксонинчи йиллар”, “Тўполондарё билан хайрлашув”, “Таназзул”, “Ном”, “Баҳор Сурхондан бошланар”, “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур...” сингари достонлари унинг ижодий салоҳияти нечоғли катта экани исботидир.

“Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур” достони бадииятнинг юксак намунаси экани билан алоҳида ажралиб туради. Асар одатдаги достонлар каби яхлит сюжетли бўлмай, Бобур ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ юз лавҳанинг бетакрор бадиий талқини асосига қурилган. Таркибий тузилиши жиҳатидан уни тазмин-достон деб аташ мумкин. Достон мураккаб ва зиддиятли қисмат соҳиби бўлган Бобур сийратини чуқур ўрганишга, тафаккур ва тахайюл қилишга, унинг руҳиятини, кечинмаларини ҳис этиш ва ибратланишга хизмат қилиши жиҳатидан қимматлидир. Достонда бор-йўғи қирқ етти йиллик умрида ўзидан бебаҳо шеърлар, беқиёс “Бобурнома”, аруз, фиқҳ ва бош­қа илмларга оид асарлар, ундан ҳам муҳими, эзгу ном қолдиришга улгурган Заҳириддин Бобур қисмати бутун қамрови, бор кўлами билан тасвирланган. Бу ҳақда алоҳида мақолалар нашр этилган. Лекин, таъкидлаш керакки, шоир дос­тонлари кўплаб тадқиқотларга мавзу бера олади.

Сирожиддин Саййид оташин публицист ҳамдир. “Яшасин ёмғирлар”, “Буғдойбўй Ватан” ва бошқа тўп­ламларига кирган ҳамда кейинги йилларда ёзилиб, матбуотда эълон қилинган мақолалари замон руҳини акс эттириши билан бир қаторда бетакрор ташбеҳлару метафоралар, оҳорли фикрлар ифодалангани жиҳатидан ҳам алоҳида қимматга эга. Шоир мақолаларини бефарқ ўқиш имконсиз. Уларда жамият ҳаётидаги қизғин ислоҳотлар, одамлар кўнглида кечаётган эврилишлар, безовта қалб эгасининг бу жараёнга қизғин ва теран муносабати ўзига хос услубда ёритилган. Ҳайратланарлиси, бу мақолаларда фикр шеър каби қуйилиб келади, равон ўқилади, ўқувчи қалбига чақмоқдек таъсир кўрсатади.

Ҳақиқий шоир ватанпарвар, халқпарвар бўлмаслиги мумкин эмас. Сирожиддин Саййид жонажон Ватанимиз ва она халқимизга бўлган чексиз муҳаббатини шеърларида оҳорли образлар ва тутилмаган ташбеҳлар воситасида ифода этибгина қолмай, бутун ижодий қувватини, бор интеллектуал салоҳиятини шу йўлга сафарбар этиб келаётир. Назмий асарларида теран ҳаёт фалсафаси ва инжа лирик кечинмаларни, миллий ва умумбашарий муаммолар ҳамда инсон руҳияти манзараларини юксак маҳорат билан бадиий талқин қилмоқда. Шунинг билан бирга, шеърларида у бугунги мураккаб ва зиддиятли замон нафасини ифодалаб, глобаллашув даври муаммоларига, миллий маънавий қадриятларни оч аждаҳо каби комига тортишга тайёр “омма­вий маданият” (аслида, оммавий маданиятсизлик) таҳдидига бўлган концептуал муносабатини билдириб келмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ҳам, қалам аҳлининг кўнглига ҳам муаззам иморат бунёд этилишининг ташаббускори ва раҳнамоси муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Адабиёт – халқнинг юраги” деган ҳикмати жамият ҳаётига айни шу даргоҳда изчил татбиқ этилмоқда. Натижада Сирожиддин Саййид раҳбарлик қилаётган Ёзувчилар уюшмаси бугунги кунда чин маънода ижод қозони қайнаётган, мушоаралару адабиёт кечалари мунтазам ўтказиладиган, барча бирдай интиладиган адабиёт ва маърифат масканига айланди. Кекса шоиру адибларни қадр­лаш, марҳум ижодкорлар оилаларини йўқлаш, бир сўз билан айтганда, ижод аҳлининг кўнглини обод қилиш ушбу муассасада хайрли анъана тусини олди. Зомин семинари, “Хиёбон оқшомлари” каби мушоара майдонларида ёш ижодкорлар қаламлари чархланиб, ижодий парвозлари юксалмоқда. Китоблари катта ададларда нашр этилмоқда.Ёзувчилар уюшмасидан йўлга чиққан китоб карвонлари мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларига ҳам етиб бориб, навқирон авлод қалбини адабиёт ёғдулари билан нурлантираётир. Уюшманинг халқаро алоқалари тобора кенгайиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Шарқу Ғарб, Оврупою Осиё ижодкорлари вакиллари кунда-кунора бу ерга келиб, фикр алмашаётир, адабий-маданий ҳамкорлик уфқларини кенгайтириш истиқболлари белгиланмоқда. Сирожиддин Саййид ана шу эзгу ишларнинг ҳаммасида бош-қош: миллий адабиётимиз равнақи, ижод аҳлининг жамият ҳаётида ва ватандошларимиз бадиий тафаккури юксалишида янада фаол бўлиши учун туну кун демай хизмат қилаётир.

Табиийки, шоир шеърияти ва жамоат арбоби сифатидаги ибратли фаолиятини бир мақола доирасида тўлақонли ёритиш имконсиздир. Сўзимиз якунида серқирра истеъдод ва юксак ижодий-интеллектуал салоҳият эгаси бўлган шоиримиз Сирожиддин Саййидга ижодда янада юксак парвозлар, Ватан ва халқ манфаати йўлидаги ишларида улкан ютуқлар тилаймиз.

Нурбой Жабборов,

филология фанлари доктори, профессор