September 29, 2023

“МАЪДАНИ ИНСОН ГАВҲАРИ СЎЗ ДУРУР”  

Нутқ маданияти ва нотиқлик санъати тарихини ўрганишда Алишер Навоийнинг илмий-бадиий мероси муҳим ўрин тутади. Бу масалалар она тилига бўлган буюк муҳаббати ва эҳтиромини ўзининг бадиий ижоди билан амалда исбот қилган мутафаккирнинг доимий эътиборида бўлганига шубҳа йўқ.

Аллома яшаган даврда ҳозир қўлланиб келинаётган нутқ маданияти, нотиқлик санъати, нотиқ, нутқ тушунчалари нутқ одоби, воизлик санъати, воизлик, воиз, ваъз тарзида истеъмолда бўлган ва улар шоир асарлари матнида ҳам қўлланган. Шоирнинг “Бадойиъ ул-бидоя”, “Наводир ун-ниҳоя”, “Хазойин ул-маоний”, “Хамса”, “Лисон ут-тайр” асарлари матнини кўздан кечирганда ваъз сўзининг асосан панд, насиҳат маъноларида, воиз эса панд-насиҳат қилувчи маъносида қўлланганини кўриш мумкин: “Йиғлайин фориғ дебон ваъз ичра айлармен мақом, Ўз фиғонидин соғинур воизи дамсард ани” (“Бадойиъ ул-бидоя”); “Сўрмоғимға келса Мажнун нетти, эй аҳли жунун, Ваъзу панд айтиб, мени бир дам хирадманд этсангиз (“Фавойид ул-кибар”).

Алишер Навоий ўз даврида бу санъат билан машғул бўлган кишилар ҳақида маълумотлар берганки, улар нотиқлик санъати тарихини ўрганишда ғоятда қимматли манба бўлиб хизмат қилади. Масалан, “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг 24-фасли “Насиҳат аҳли ва воизлар зикрида” деб номланган ва унда қуйидагилар баён этилган: “Воиз керакки, “қолаллоҳ” сўз айтса ва “қола расулуллоҳ” мухолафатидин қайтса, худо ва расул йўлиға қадам урса. Ўзи киргондин сўнгра насиҳат била элни ҳам кивурса. Юрумагон йўлга элни бошқармоқ, мусофирни йўлдин чиқормоқдур ва биёбонға кетурмак ва бодияда итурмакдур. Усрукки, элга буюрғай ҳушёрлиқ уйқувчидекдурки, элга буюрғай бедорлиқ”.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг бу айтганлари Р.Расулов ва бош­қалар томонидан ёзилган “Нотиқлик маданияти ва нотиқлик санъати” ўқув қўлланмасида қуйи­дагича изоҳланган: “Воиз Ҳақ сўзни тар­ғиб қилиши, Пайғамбар сўзидан четга чиқмаслиги керак, энг аввал унинг ўзи Ҳақ ва Пайғамбар йўлига кириши, сўнгра эса, насиҳат билан элни ҳам шу йўлга солиши лозим. Ўзи юрмаган йўлга элни бошламоқ – мусофирни йўлдан адаштириб, биёбонга ташламоқ ва саҳрода уни йўқотмоқдир. Ўзи мастнинг элни ҳушёрликка чақириши – уйқучи кишининг одамларни бедорликка даъват этганига ўхшаш бир нарсадир”.

Мутафаккир “Мажолис ун-нафоис” асаридаҲусайн ВоизКошифий ҳақида маълумот берган: “Мавлоно Ҳусайн Воиз – “Кошифий” тахаллус қилур, сабзаворлиқдур. Йигирма йилға яқин борким, шаҳрдадур ва Мавлоно зуфунун ва рангин ва пуркор воқеъ бўлубтур. Оз фан бўлғайким, даҳли бўлмағай. Хусусан ваъз, иншо ва нужумки, анинг ҳаққидур ва ҳар қайсида мутааййин ва машҳур ишлари бор ва мусаннафотидин бири “Жавоҳир уттафсирдурким, “албақара” сурасин бир мужаллад битибдурким, мунсифи қатъ била юз жуз бўлғай. Бовужуди барча хиралиқ ва донолиқ шаҳр шўхларидин бири Хожа Ҳофизнинг бу матлаъин битиб, минбарининг устиға қўйғондур, будурким:

Воизон к-ин жилва дар меҳробу минбар мекунанд,

Чун ба хилват мераванд, он кори дигар мекунанд.

(Таржимаси: Меҳроб ва минбарда шундай яхши кўринадигаи воизлар хилват жойга борганларида бошқа ишлар қиладилар).

Олиб ўқуғач кўп мутағаййир ва музтариб бўлиб, хили хорижи маб­ҳас сўзлар айтиб неча вақт ваъз айтмади. Хасми номаълум худ ўз мақсудин ҳосил қилди. Аммо Мавлоно қилғонининг хато эрканига воқиф бўлғач яна ўз иши бошиға борди. Бормаса икки хато бўлур эрди. Бок йўқдур, айбсиз тенгридур. Бу матлаъ анингдурким:

Сабз хато, зи мушки тар ғолия бар саман мазан,

Сунбули тобдодаро бар гули настаран мазан”.

(Таржимаси: Эй сабзак мийиғли [гўзал], тоза қора мушкни ёсуман гулига сепма, [зулф каби] тоб­ланган сунбулни настаран гулига урмагил).

Манбаларда келтирилишича, Мавлоно Воиз Кошифий Алишер Навоийнинг замондоши, дўсти ва шогирди бўлган. Унинг “Футувватномаи султоний”, “Ахлоқи Муҳсиний”, “Жавоҳир ут-тафсир” асарлари ахлоқ-одоб масалаларига бағишланган. Яхши нотиқ бўлган. Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро асарларини халқ олдида Воиз Кошифий ўқиб берган.

Шунингдек, Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида Мавлоно Муин Воиз ҳақида маълумот берган: “Мавлоно Муин Воиз – Мавлоно Ҳожи Муҳаммад Фароҳиннинг ўғлидурким, машоҳирдиндур. Ҳоло ўзи дағи азим воиздур ва муридлари кўп. Минбар устида девонавор илик ташламоғи ва тахтани тепмаги кўпдур ва ўзин “Муини девона” била таъбир қилур ва кўп баланд ва паст сўзлар айтур. Чун жунунға муътариф, ҳар навъ сўз айтса маъзурдур, шеърида вазн, қофия ва радифға муқайяд эмас, эса маоф бўла олур. Бир қатла Ҳазрат Амир ул-мўъминин Алининг имони тақлидий экандур деганга, ул ҳазратнинг руҳидин ғариб сиёсат ва шиканжалар кўрди. Ҳамоноки тавба қилдиким, қутулди. Ва оғаси Мавлоно Низомиддинким, донишманд ва муттақий ва дарвеш ани деса бўлурким, икки қатла Ҳирий шаҳрининг қазосин таклиф била анга бердилар. Иккаласи қатла ўзин азл қилди. Умид улким, бу қатла қабул қилғай ва азл қилмағай. Дерларки, айтур эрмишким:

“Муини мо қобилияти бисъёр дошт, ин зинапояи чубин уро зоеъ сохт”.

(Таржимаси: Бизнинг Муинимиз кўп қобилиятли эди, лекин бу ёғоч зинапоялар уни зоеъ қилди. Бу ерда ваъз ўқиладиган минбар зиналари кўзда тутилади).

Алишер Навоий “Вақфия”да воизларнинг давлат томонидан рағбатлантирилгани ҳақида ёзади: “Воизға йиллиқ нақда беш юз олтун, буғдой ўн юк”.

Шоир асарларидан воизлик санъатига доир қўшимча маълумотлар ҳам олиш мумкин. “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асарида Саъдий Шерозийнинг номи тилган олинган. Саййид Ҳасан Ардашернинг маснавий бобида Шайх Саъдийга ихлосмандлиги ҳақида ёзилган ўринда асарни нашрга тайёрловчилар томонидан қуйидаги изоҳ келтирилган: “Саъдий Шерозий – (Унга Аллоҳиннг раҳмати бўлсин) – Муслиҳуддин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибни Мушрифуддин (1203, Шероз – 1292, ўша шаҳар) форс шоири, адиби ва мутафаккири. Дастлабки таҳсилни Шерозда олади ва Эрон мўғуллари томонидан забт этилгач, Бағдодга бориб, “Низомия” ва ”Мустансирия” мадрасаларида ўқийди. У ерда араб тили ва адабиёти, Қуръони карим, Ҳадиси шариф ва тасаввуфни ўрганади. Саъдий Шарқ мамлакатлари бўйлаб 20 йил сафар қилади. Сафарда у асосан воизлик қилади, ваъзларида ахлоқу адаб, ҳикмат, ҳаётий масалалар юзасидан мароқли ҳикоятлар келтиради. Саъдий “Гулистон” (наср ва шеърда), “Бўстон” (назм), лирик шеърлар – девон муаллифидир”.

Алишер Навоий асарларидан келтирилган бу маълумотлар улуғ шоирнинг тил ва нутқ маданиятига, ундан маҳорат даражасида фойдаланган нотиқларга бўлган муносабатининг яққол далилидир. Унинг ўзи ҳам йирик давлат ва жамоат арбоби сифатида халқ олдида мунтазам чиқишлар қилиб, нотиқликнинг олий намунасини кўрсатди. Алломанинг халқимизга ёд бўлиб кетган “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз”, “Сўзни кўнгилда пишқармагунча тилга келтирма, Ва ҳар неким, кўнгилда бор – тилга сурма”, “Маъдани инсон гавҳари сўз дурур, Гулшани одам самари сўз дурур”, “Кўп демак сўзга мағрурлик, Ва кўп емак нафсга маъмурлик”, “Тил мунча шараф бирла нутқнинг олатидур ва ҳам нутқдирки, гар нописанд зоҳир бўлса, тилнинг офатидур” каби афоризмлари бизга ҳамон она тилимизни улуғлашнинг ёрқин намунаси сифатида беминнат хизмат қилиб келмоқда.

С.КАРИМОВ,

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ўқитувчиси