ЧЕКСИЗ ЭҲТИРОМ НАМУНАСИ
Остона шаҳрида Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилди.
Дунёнинг Токио, Шанхай, Вашингтон, Москва, Минск, Боку, Мозори Шариф, Ўш, Душанбе, Сеул каби йирик шаҳарларида буюк ўзбек мутафаккири ва шоири Алишер Навоий шарафига ҳайкаллар ўрнатилганини яхши биласиз. 2022 йил 29 июлда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари томонидан ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси"га биноан Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳрида ҳам Алишер Навоий ҳайкали қад ростлади.
Шу муносабат билан мухбиримиз мазкур ҳайкал муаллифи, Ўзбекистон халқ рассоми, ҳайкалтарош Жасвант Анназаровни суҳбатга чорлади.
– Алишер Навоий ҳайкалини яратишга қандай тайёргарлик кўрдингиз, изланишлар олиб бордингиз?
– Албатта, Ер юзининг қайси ҳудудида бўлмасин, буюк бобокалонимиз ҳайкалини яратиш катта масъулият талаб этади. Мен ҳам шу масъулиятни чуқур ҳис этдим. Зеро, улуғ шоирга қўйилган ҳайкаллар асрлар оша инсониятни покликка, тўғриликка, ҳалолликка, тинчликка, ҳамжиҳатликка, маърифатга даъват этади ҳамда бу Алишер Навоий бобомиз ижодий меросига бўлган чексиз эҳтиром намунасидир. Ҳазратнинг бутун инсониятга тааллуқли буюк маърифатпарвар, шоир эканини унутмаган ҳолда, бу ишга қўл уришга жазм этдим.
– Сиз кўплаб машҳур сиймоларнинг ҳайкалларини яратгансиз. Ҳазрат Навоий ҳайкалини яратиш жараёнида кўнгилиздан қандай кечинмалар ўтди?
– Буни сўз билан ифодалаш қийин. Шуни айтиш лозимки, беш аср наридан туриб ҳам Алишер Навоий бобомиз бизни ғурурлантириб, фахрлантириб турибди, дунёда ўз сўзимизни айтиш имконини беряпти. Бу беқиёс сиймо яратган санъатнинг, сўзнинг кучи. Ҳозирги пайтда дунёда кечаётган глобаллашув жараёнида бу жуда муҳим.
– Ҳайкалнинг айнан Остонада ўрнатилгани ҳақида нима дейсиз?
– Барча туркий халқларнинг буюк шоири бўлган Алишер Навоий:
Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам –
деб ёзган эди. Унинг орзу-умидлари бугунги кунда амалга ошаётгани барчамизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди.