ЭТЕЛЬ ВОЙНИЧ
Этель Войнич 1864 йил 11 майда Ирландиядаги Баллинтемпл қишлоғида туғилган. У математиклар Жорж Буль ва Мэри Эверест оиласида тарбия топган. Оилада бешинчи фарзанд эди. Болалигида отаси Қироллик коллежининг профессори, математика мантиқи асосчиларидан бири Жорж Буль вафот этади. Оила ташвиши биргина онаси Мэри Эверест зиммасига тушади (Дунёдаги энг баланд чўққи Эверест (Жомолунгма) унинг амакиси Жорж Эверест шарафига номланган).
Этель Войнич вояга етганда унга арзимас мерос қолади. Ўшанда Берлин консерваториясига қатнаб, фортепиано чалишни ўргана бошлайди. Бундан ташқари, университетда турли мавзудаги маърузаларни тинглайди. Кейинчалик Войнич Лондонга боради ва сиёсий муҳожирлар билан танишади. Жумладан, рус ёзувчиси Сергей Степняк-Кравчинскийдан Россия ҳақида ҳикоялар тинглайди ва бу мамлакатга боришни орзу қилади.
Этель ниҳоят, 1887 йилда Россияга келади. Бу ерда Веневитиновлар оиласида икки йил яшайди. У гувернант бўлиб, мусиқа ва инглиз тили муаллими сифатида болаларга уйда таълим беради. Шунингдек, давлат тузумига қарши тузилган “Рус озодлиги дўстлари жамияти”нинг фаол аъзоларидан бирига айланади.
Сергей Степняк-Кравчинский таъсирида ҳамда итальян ватанпарварларидан илҳомланиб, ижодий ишларга кўмилади. Шу вақтда энг машҳур асари – “Сўна” романини ёзишни бошлайди.
Этель Войнич романининг бош қаҳрамони – Артур Бертонни ватанпарвар сифатида тасвирлайди. Польяк адабиётшунослари бир овоздан Сўна “Пролетариат” польяк социал-инқилобий партиясининг аъзоси эканини таъкидлашади. Ўз навбатида, рус танқидчилари ва ўқувчилари Сўнанинг миллати рус, дея хитоб қилишади. Бундан ташқари, мутахассислар Сўна қиёфасида итальян ватанпарварлари Мадзини ва Гарибальди жасоратларини кўришади.
Китоб 1897 йили, дастлаб Америка ва Британияда чоп этилади, кейинчалик кўплаб тилларга таржима қилинади. Орадан бир йил ўтиб рус тилида чоп этилади. Бу асар Этель Войничга оламшумул шон-шуҳрат келтиради. Роман асосида учта бадиий фильм суратга олинади, ўнлаб спектакль ва опералар саҳналаштирилади. 1920 йилгача роман 18 марта нашр этилади.
1901 йили Этель навбатдаги романи “Жек Реймонд”ни, орадан уч йил ўтгач, “Оливия Лэтам” асарларини нашрдан чиқаради. Кейинги асарлари қаҳрамонларида ёзувчининг ўзига хос характери яққол кўринади.
Войнич “Вавилон”дан ташқари, яна бир қанча мусиқий асарлар ҳам яратган.
Роман нашридан сўнг тез орада Войнич “Россия ҳазили” номли инглиз тилига таржима асарлар китобини чоп этади. Унда таниқли рус ёзувчилари Гогол, Сальтиков-Шчедрин, Достоевский, Лермонтов ва бошқаларнинг асарлари жамланган эди. 1911 йилга келиб Тарас Шевченко шеъриятини синчиклаб ўрганиб, унинг достонларини инглиз тилига ўгиради.
Ўтган асрнинг 50-йилларигача Этель ўзининг Россияда машҳурлигини, унинг асарлари таржима қилингани, “Сўна” романи асосида кинофильм яратилганидан хабардор бўлмаган. 1955 йилда шўролар ҳукумати Этель Войничга аввал нашр қилинган асарлари учун 15 минг АҚШ доллари миқдорида қалам ҳақи тўлайди.
Этель 38 ёшга кирганда литва-польяк инқилобчиси Михаил-Вильфред Войнич билан турмуш қуради. У Сибирдаги сургундан Буюк Британияга қочиб борган эди. Кейинчалик у адабиётшунос ва библиофил сифатида фаолият юритади.