ҲАЁТ МАКТАБИ ВА МАКТАБ ҲАЁТИ
Қулоғига секин шипшидилар: “Бугун мукофот олишингиз мумкин. Яхши кийиниб боринг, саҳнага чиқасиз. Албатта, оқ кўйлак, галстук...” Бу гап ёқимли эди. Туни билан ҳаяжонланиб чиқди. Ўтган кунлари кўз олдидан ўтди. 35 ёшида эътироф этилаяпти, бу ёмон натижа эмас. Демак, устоз қадри улуғланаяпти.
Яқинларини янгиликдан бохабар қилди. Хурсандчилик тантанага бурканган залда ҳам тарк этмади. Ҳатто ҳавонинг иссиғида бўғриқиб кетгани сезилмади. Аммо охирида устидан совуқ сув қуйилгандек бўлди. Унинг номини тилга олишмади. Рўйхатда йўқ эди. Жуда хижолат бўлди. Одамларга нима деб тушунтиришни билмайди. Мактаб раҳбари ҳам жўяли изоҳ беролмади. “Ҳали ёшсиз, келаси йил оласиз. Фақат ишни бўшаштирманг”, дея олди, холос.
Каттабек ишни бўшаштирмоқчи эмас. Ростдан, ёшлиги аниқ, айни кучга тўлган палласи. Қолаверса, бундай “англашилмовчилик” янгилик эмас экан. Шундан кейин фикр-ўйларини саранжомлаб олди, асосий мақсад йўлида чалғимасликка аҳд қилди. Тўғри, кейинги йилларда ислоҳотлар жадал тус олди, ўқитувчининг мавқеини ошириш, қоғозбозликдан халос қилиш, моддий рағбатлантириш борасида кўплаб амалий чоралар кўрилди, лекин юмушлар зўриқиш билан кетмоқда. Кўп йиллар давомида шаклланган лоқайдлик, дабдабабозликдан қутилиш қийин бўлаяпти. Қарашларни ўзгартириш ундан қийин. Мактабнинг вазифаси эса жуда жўн: болаларни замонга мос етук инсон қилиб тарбиялаш! Ана шу кўриниб турган чўққини эгаллаш қийин кечаяпти. Турли йўллар, ёндашувлар таклиф қилинаяпти: кембриж усули, фин тажрибаси, энди сингапурча ҳалоллик. Санайверса, рўйхат анча чўзилади. Аммо натижа...
У Низомий номидаги педагогика институтининг тарих факультетида таҳсил олиб юрган йиллари ўзини устозликка руҳан тайёрлаган эди. Бугун жамоатчилик яхши биладиган Ўзбекистон Қаҳрамони Саме Саидов директор бўлган Сирдарё педагогика университети қошидаги академик лицейда ўқиб юрган кезлари тарих фанига қизиқиши кучайди.
Отаси оддий деҳқон бўлган йигитнинг бу фанга иштиёқи ўқитувчилар таъсирида бўлгани аниқ. Бугун дарсга кирар экан, ҳеч қачон танловидан нолимайди.
Мактаб тиниқ кўзгуга ўхшайди. Унда ҳар бир ҳаракат аниқ кўринади, яхши-ёмон тез кўзга ташланади. У ўн йилдан бери узлуксиз фаолият олиб бораётган Юнусобод туманидаги 86-мактабда икки мингга яқин бола таҳсил олади, ўқишлар икки тилда олиб борилади. Мактаб раҳбари Феруза Расулматова талабчан, моҳир ташкилотчи, жамоа аҳил, изланувчан. Шундай муҳит Каттабекка ижобий таъсир этди, ҳозиргача тарих фанини ўқитиш бўйича 12 та қўлланма яратди. Уларни бир хусусий нашриётда чоп эттирди. Дарсликлар яратиш борасида ўзининг фикри бор:
– Очиғи, дарсликлар – энг оғриқли нуқта – дейди у. Аввало, ҳар тўрт йилда янги дарслик яратилиши мантиққа тўғри келмайди, ҳеч бўлмаганда, дарслик ўн йилга “чидайдиган” бўлиши лозим. Айрим дарсликлар мазмунан саёз, ғализ бўлади. Масалан, бу йил 10-синфларда “Жаҳон тарихи” ўтилди, у худди шундай. Дарслик чоп этиш маънавий эҳтиёждан кўра тижоратга ўхшаб қолди, назаримда. Кимлардир дарсликлар учун бюджетдан катта пул ажратилганини билади ва уни қўлга киритишни ўйлаб иш тутади. Муаллифларга ҳам арзимаган ҳақ тўланади, фойдани чоп этган ноширлар кўради.
– Бу гапларни ўқитувчилар биладими?
– Ҳамма билади. Амалиётчи ўқитувчиларнинг фикри ҳисобга олинмайди. Бирон марта дарсликлар очиқ муҳокама бўлгани йўқ. Муаллифлар ҳам кимларнингдир диди билан танланади. Тўғри, Акбар Замонов, Нарзулла Жўраев, Шуҳрат Эргашев иштирок этган дарсликлар анча пухта, бироқ ҳаммасини шундай деб бўлмайди.
Гап айланиб, муаммолар устида тўхтади. Зеро, таълим соҳасига етарлича молиявий кўмак кўрсатилаяпти, муҳтарам Президентимиз ислоҳотларга катта умид билдираяпти, шундай экан, самара ҳақида кўпроқ бош қотириш лозим.
– Тизим такомиллашиб бораяпти, аммо сифат яхши эмас, – дейди К.Ачилов. – Тўғри, кейинги 6-7 йилда жиддий ўзгаришлар бўлди. Мактабнинг мажбурий меҳнатдан озод қилингани катта ўзгариш. Қоғозбозликлар камайди, туман халқ таълими бўлими таълим-тарбия жараёнига аралашмайдиган, фақат мактабларни кадрлар билан таъминлаш, моддий-техника базасини яхшилаш билан шуғулланадиган бўлди. Барибир расмиятчилик кучли. Бир нарсага ажабланаман: мактабда бир кун ҳам ишламаган кишилар бошқарув тизимига суқилиб кириб олган. Шулар келиб буйруқ беради, топшириғини бажаришни талаб қилади. У яхши нотиқ ёки ташкилотчи бўлиши мумкин, аммо соҳани билмаса қандай қилиб раҳбарлик қилади? Энг оғриқли нуқталардан бири шу. Улар ўзларини иш қилаётгандек кўрсатиш, яъни бекор ўтирмаслик учун критерияларни ўйлаб топишади.
– “Критерия” ўзбекчасига нима бўлади?
– “Мезон”. Масалан, “Метрога бориш учун ўн қадам чапга, кейин уч қадам ўнгга...” қабилида белгилаб қўйишади. Агар тўғри кесиб чиқсангиз, ҳисобга олинмайди. Бир юмушга ўнлаб мезонларга амал қилишни талаб қилишади. Натижа – кейинги масала. Олайлик, синф юз фоиз натижага эришди, аммо критерия бўйича, масалан, тиббиёт текширувидан ўтмаган бўлса, натижани ҳисобга олишмайди. Юзлаб ҳисоботлар, жадваллар, маълумотномалар.... Ҳаммаси критерия асосида кетиши керак! Ҳайрон қоласиз, критерий-мезон учун ишлаяпмизми, юқори самарадорлик учунми?! Шу боис нобопликлар: бюрократия, буйруқбозлик, коррупция келиб чиқади.
К.Ачилов булар ҳақида босиқлик билан мулоҳаза юритади, албатта, булар унинг шахсий фикрлари. Устознинг ўз фикри, нуқтаи назари борлиги кўриниб турибди. Ора-орада ўқитувчилиги ёдига тушиб, “Тушунтира олдимми?” деб таъкидлаб қўяди. Соҳада ана шундай мустақил қарашга эга, касбини ардоқлайдиган ёшларнинг борлиги яхши. Таълим-тарбия жараёнида самарадорликка эришиш йўллари ҳисоб-китоб қилиб чиқилса, ўнлаб усуллар, юзлаб ёндашувлар, минглаб кўрсатмалардан Устознинг фидойилиги устунлиги кўриниб қолади. Мактабда етакчи куч – Ўқитувчи! Ҳамма ислоҳотлар, янгиликлар, натижаю ютуқлар фақат У орқали қўлга киритилади. Содда қилиб айтганда, масаллиқдан ош тайёрлаш ҳам, шавла ёки мастава пишириш ҳам унга боғлиқ. Шунинг учун “косметик безак”ларга зўр беравермай, ҳар йили янги усулларни тиқиштиравермай, Комил Устоз ҳақида бош қотириш жоиз.
У билан бирга мактабга қадам қўйган ёшлар деярли қолмади, ҳаммаси ташлаб кетди. У эса қолди, қийинчиликларга бардош берди, чидай олди. Бунинг сабаблари бор.
– Ҳозирги болалар анойи эмас. Сўкади ҳам, ёқадан ҳам олади. Улар билан рўбарў бўлиш... – энтикиб давом этади Каттабек. – Менда ҳам шундай ҳоллар бўлди. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам қўл кўтармадим. Кунлар ўтиши билан ҳаммаси изга тушиб кетади, фақат сабр керак.
Болаларнинг бу ҳолга келиб қолиши сабаблари ҳақида унинг ўз қарашлари бор:
– Болалар жуда эгоист бўлиб бораяпти. Фақат ўзиникини тўғри дейди. Бунинг аниқ сабаби – ота-оналар боласини ҳаддан ташқари эркалатиб тарбиялаяпти. Нима деса муҳайё қилади, ўзи емай едиради, киймай кийдиради. Оқибатда улар димоғдор, эркатой бўлиб улғаймоқда.
– Азалдан “Болажон ўзбекмиз” деб мақтанганмиз. Шу феълимизнинг касри эмасмикан?
– Йўқ. Бу Европадан кириб келди. Маълумки, улар бир, икки, нари борса учта фарзанд кўради, шунинг учун борини тўкиб солади. Бизнинг азалий тарбия усулларимиз бошқачароқ бўлган. Ўша тамойиллардан бири: “Беш ёшгача шоҳларча; ўн беш ёшгача қулларча; ундан кейин дўстларча муносабат...” бўлган. Бу гапда жуда катта ҳикмат бор. Отни ҳам тойлигида жиловлаб олмаса, кейин қийин бўлишини аждодларимиз яхши тушунган.
Демак, гапнинг дангали – азалий миллий тарбия усулларимизга асосланган таълим тизимини яратишда экан-да! Бу борадаги ишлар қандай кетаяпти? Табиийки, ҳар бир бўғиндаги яхши ва ёмон томонлар бу вазифани уддалашда асқотади. Каттабек Ачиловнинг кейинги мулоҳазаларига эътибор берсак, мактаблар фаолиятида кўзга ташланаётган мусбат ва манфий жиҳатлар равшанлашади ва ягона миллий тизимнинг юзага келиши учун амалга ошириладиган юмушлар кўлами ҳам аниқ бўлиб қолади.
Очиғи, ўрта мактаб билими билан ҳозирги тест саволларига тўғри жавобни топиб бўлмайди. Мақсад ўқишни давом эттириш бўлса, бола ё ўқув марказига, ё репетиторга боришга мажбур. Бундай ёндашувлар мактабнинг мавқеига путур етказмайдими? Демак, ўз-ўзидан мактабдан ташқари яна бир таълим бўғинига эҳтиёж сезилаяпти, яъни мактаб зиммасига юкланган вазифасини уддалай олмаяпти. Бундай ҳолга қандай чек қўйиш мумкин ва шу керакми?
– Бунинг учун мактабда фан тўгараклари тўла ишлаши керак. Бунинг учун эса ўқишлар бир сменали бўлиши шарт. Ахир, бўш хоналар бўлмагач, тўгарак қаерда ўтилади? Тўгаракни ташкил қилиш, машғулотларни йўлга қўйиш шартлари ҳақида ҳам ўйлаб кўриш лозим.
Хуллас, ўтган йиллар мобайнида тизимнинг моддий базасини мустаҳкамлаш, ўқитиш сифатини ошириш борасида изчил чоралар кўрилмаган, янги мактаблар, синф хоналар етарлича қурилмаган. Буларнинг ҳаммаси йиғилиб, таълим-тарбиянинг сифатига таъсир қилган, мактаблар тўла маънодаги ўқитиш, тарбиялаш, маълумот бериш вазифасини енгил-елпи бажаришга мажбур бўлиб қолган. Ҳозир кўп синфларда 30-35 бола ўқийди. Нега уларни 23-25тага тушириш, кейин сифатни талаб қилиш мумкин эмас?! Аслида кўплаб сайқал берувчи усуллар билан вазиятдан чиқиб кетишнинг замирида мана шу оддий ҳақиқат ётибди: олдин мактаб ишининг ташкилий жиҳатини, содда қилиб айтганда, бир синфда 25 нафаргача бола ўқишини таъминламагунча муаммонинг янги қирралари пайдо бўлаверади.
Таскин берадиган томони шундаки, энди “тош ўрнидан жила бошлади”, мактабга жиддий эътибор берилаяпти. Бунга Каттабек Ачиловга ўхшаш устозларнинг қаторда борлиги ҳам далилдир. У бутун қобилиятини таълим-тарбияга бағишламоқчи. Негаки, бу қарор ҳам қалб хоҳиши, ҳам соҳа истиқболи. Келажакда зўр бўлиб кетади. Очиғи, ўқитувчининг даромади камлиги ҳақидаги гаплар ҳам чўпчак бўлиб қолаяпти. У ўтган йил нуфузли бир танловга қатнашди ва юқори бал олди. Натижада, маошига 9 ой давомида қарийб 5 миллион сўм қўшимча тўланаяпти. Ёки ўқувчиси фан олимпиадаларида юқори ўринларни олган устозлар ҳам шу тахлит рағбатлантирилади. Умуман, меҳнат қилган педагог тирикчилигини бемалол ўтказади. Тўғри, номутаносибликлар, муаммолар бор, энг асосий ютуқ – тўғри йўлга тушиб олингани ва бу соҳа давлатимизнинг доимий эътиборида экани. Дастлабки натижалар эса кўзга ташланаяпти.
– Ўқитувчилик ижодий соҳа, – дейди Каттабек Ачилов, – синф журналини эгасига адашмай тутқазиб, унга ўз салоҳиятини юзага чиқариши учун имконият бериш лозим. Турли текшириш, назорат усулларини такомиллаштиргандан кўра, ўқитувчи қалбида ўз касбига меҳрни, ундан фахрланиш ҳиссини ўстириш, жамиятдаги мавқеи, ўрнини кучайтириш чораларини кўрган маъқул. Шунда у борини бериб ишлайди.
Каттабек педагогик фаолият билан бирга илмий изланишларини давом эттирмоқчи. Ана шундай эзгу орзулар билан тўлиб-тошган ёш устоз анъанавий ўқитувчилар форумига тайёрланиш учун шошиб кетди. Биз унга муваффақият тилаб қолдик.