June 8, 2023

ИСТЕЪДОД

Расул ҲАМЗАТОВ

“Менинг Доғистоним” китобидан

Агар истеъдоднинг кучи фақат кўришда бўлса, хон амри билан икки кўзи ўйиб олинган лезгин шоири Кочхурский қандай қилиб қўшиқлар тўқиган? Агар истеъдоднинг кучи фақат бойликда бўлса, етимлик ва қашшоқликда ўсган лезгин шоири Етим Эмин қандай қилиб машҳур бўлди? Агар истеъдоднинг кучи фақат билимда бўлса, ёзишни билмаган, имзо қўйиш ўрнига бармоғига сиёҳ суриб босган Сулаймон Стальс­кий қандай қилиб “ХХ аср Гомери”га айланди? Агар истеъдоднинг кучи фақат кўп ўқиш ва билимдонликда бўлса, нега кўп ўқиган ва жуда билимдон айрим кишилар ҳатто эсда қоладиган бирон шеърий мисра ҳам ёзишмаган?

Авваллари тоғликлар ўзаро қизиқарли баҳс-айтишувлар ўтказиб туришган. Бир томондан, авар тилида ўқиш ва ёзишни биладиган саводли кишилар, иккинчи томондан, ўз иши билан банд бўлган ҳунармандлар, чўпонлар, яъни “саводсиз” кишилар. Улар шеърий баҳсга, айтишувга киришган. Бу айтишувларда кўпроқ чўпонлар ғолиб чиқишган. Чунки саводли кишиларнинг ҳамма жиҳати ҳисобга олиниб, ақл тарозисида ўлчанган қўшиқларини чўпонларнинг тоғдаги шамолдай эмин-эркин эсадиган қўшиқлари босиб кетган.

Бироқ айтишувда қайси томон ғолиб чиқишидан қатъи назар, ғолиб албатта, шоир бўлган. Яъни ғолиб – ё ўқиш ва ёзишни биладиган томондаги шоир, ёки чўпонлик қилиб юрган шоир. Агар бундай айтишувларда Маҳмуд ва менинг отам Ҳамзат ҳам иштирок этишса, улар ўзаро баҳсга киришган. Қолганлар бундай юқори пардадаги айтишувга қўшила олишмаган.

Эҳтимол, истеъдоднинг кучи ақлдадир. Мен Москвада ва бошқа кўплаб мамлакатларда бўлганимда жуда ақлли одамларни учратганман. Агар уларнинг ақли шеърга, ҳикоя ёки романга айланганда эди, улар бебаҳо асарлар саналарди. Лекин улар ақлининг перо орқали қоғозга кўчишига нимадир халақит беради ва айтган доно фикрлари ҳавода қолиб кетади, айта олмаганлари эса ўзи билан бирга қабрга кўмилади.

Шундай экан, эҳтимол, истеъдоднинг кучи тер тўкиб ишлашдадир. Ахир, биз истеъдоднинг ўзи ҳали ҳеч нарса эмас, тер тўкиб ишласагина юзага чиқади, деган гапни кўп бор эшитганмиз. Аммо гапнинг пўсткалласини айтиб қўя қолай: менга оғир юк кўтариб терлаб келаётган эшакнинг ҳанграшидан кўра, новдада шундай қўниб сайраётган булбулнинг овози кўпроқ ёқади.

Айтадилар-ку, аравани тортиб келаётган эмас, араванинг устида ўтирган қўшиқ айтади.

Қудратли Оллоҳим, ерда биз тушунмайдиган нарсалар бунча кўп. Агар қўшиқ аравада маза қилиб кетаётган одам роҳатининг меваси бўлса, эҳтимол, санъат моддий жиҳатдан таъминланган ва ҳеч қандай ташвиши йўқ кишилар кўнгил очишининг маҳсулидир?

Ахир, ғариб кулбаларда яратилган қўшиқларни қасрларда яшаётганлар ҳам айтишади-ку?! Хонлар ва бадавлат кишилар ҳақидаги эртакларни камбағаллар тўқишган-ку?! Шамхол Ирчи Казакни Сибирга сургун қилди. У сургунда ҳам ёниб шеърлар ёзди. Эндиликда Ирчи Казак шеърларини ўқиган борки, қўмиқлик Шамхол тўғрисида билади.

Ёш гуржи князи Давид Гурамишвилини тоғликлар ўғирлаб кетишди. Уни Унцукулдаги чуқур ўрага ташлашди. Зах ўрада осмонга қараб ётган князь ўзининг ям-яшил Гуржис­тонини соғинди ва шеър ёза бошлади.

Хунзах хонининг қизи Ойша ёш чўпон йигитни севиб қолди. Отаси бу ҳақда хабар топиб, қизини уйдан ҳайдаб чиқарди. Қаҳратон қиш кечаси эди. Енгилгина ки­йин­ган, совуқ шамолда дийдираб тизза бўйи қор кечиб кетаётган Ойша ўзининг дастлабки қўшиқларини тўқиди.

Шундай экан, эҳтимол, истеъдоднинг кучи одамнинг чорасиз қолишида ёки камбағаллигидадир? Эҳтимол, бахтсизлик ва қайғу-ғам энг сара қўшиқлар яратилишига туртки берар? Шеър ўзи нима, унга ким керак? Шеър Батирайни кексайган, касалманд ва оч-юпун ҳолда ўчоққа тикилиб ўтирган пайтда йўқлади. Шеър Маҳмуд ҳолидан Карпат окопларида муз қотиб ётганида хабар олди. Ҳолбуки, у вақтда қуёшдан, дунёдан, ҳаётидан азиз бўлган ёри ўзгага турмушга чиқиб кетганди. Шеър Абутолибни севган қизи Хотимат ундан юз ўгириб ўзгага эрга текканда, овулма-овул хуржунини орқалаб сарсон юрганида сўроқлаб топди. Шеър Элдарилав олдига қотил қўлидан заҳар ичиб бўлгандан кейингина етиб келди. Золим Зунти ноиб Анхил Марин оғзини тикишга буюрди, ўшанда Марин энг яхши қўшиғини куйлади. Бу қўшиқ ноиб ҳаловатини ўғирлади, қолган умрида неча марта тушларига кирди.

Истеъдод, ўзинг айт, кучинг нимада? Сен ўзи нимасан – виждонми, ор-номусми, мардликми ёки қўрқув? Ахир, қўрққан одамлар ҳам қоронғи тунда ёлғиз кетаётган вақтда ўзига-ўзи далда бериш учун қўшиқ айтади.

Сен бахтмисан ёки кулфат, сен мукофотми ёки жазо? Эҳтимол, сен одамлар етолмай қийналишлари учун яратилган гўзалликсан ёки гўзаллик яратиш учун берилган азобсан? Эҳтимол, сен давр ва воқеалар маҳсулисан? Ахир, тошни тошга урсанг учқун сачрайди. Уруш ҳеч қачон дунёда одамлар сонини кўпайтирмайди, лекин у ердаги қаҳрамонлар сонини оширади.

Мен шеърият нима эканлигини билмаганимдай, истеъдод нима эканлигини ҳам билмайман, улар ҳақида аниқ бир нарса дея олмайман. Лекин баъзан йўлда кетаётганимда, ё уйга қайтаётганимда, ё тушимда (чакмонимга ўраниб ётган бўлсам ҳам), ё ям-яшил майсазорга қадам қўйганимда (худди яшнаётган майсалардан томиримга қон қуйилгандай), ё овқатланаётганимда, ё мусиқа тинглаётганимда, ё сокин оила, ё сершовқин дўстлар даврасида ўтирганимда, ё болаларни кўтарганимда, ё уларга узоқ умр тилаб дуо қилганимда, ё дўстлар тобутини елкамда кўтариб сўнгги манзилига кузатаётганимда, ё севгилим юзига мамнуният билан тикилганимда тўсатдан хаёлимга ажиб, ҳайратланарли, сирли ва қудратли бир нарса келади. Баъзан у ғамгин, баъзан у фараҳбахш бўлади, лекин доим мени ҳаракатга келтиради, сўз айтишга, ниманидир ёзишга мажбур қилади. Улар таклифсиз ва ҳеч кутилмаганда келишади.

У келганда Маҳмуд қўлига пандурини олиб гирдикапалак бўлади, севги қўшиғини охиригача куйлайди. У келганда Элдарилав заҳар томизилган қадаҳни қўлига олади, Марин ноиб амри билан тикилган лабларидан қон оқса ҳам қўшиқ бошлайди. У келганда Данте, Толстой, Шиллер, Блок, Гёте, Бальзак, Достоевский каби буюклар ҳам ҳаловатини йўқотади. Баъзан у менга Худонинг туманли зулматни ёриб ўтган ёп-ёруғ нурли тимсолидай туюлади.

– Сен ўзи қандай ҳилқатсан? – сўрайман мен ўша нарсадан.

– Мен сенинг истеъдодингман, сенинг шеъриятингман.

– Манзилингни айт.

– Мен ҳамма жойдаман.

– Сенинг ёшинг нечада, тенгдошмизми?

– Э, йўқ, мен мисоли лаҳзаман ёки минг­лаб асрдаман. Менда болаларнинг беғуборлиги, ёшлик ғайрати ва кексаларнинг донолиги бор. Мен гулханман, ҳеч қачон сўнмайдиган. Мен қўшиқман, ҳали ҳеч ким охиригача айта олмаган. Мен парвозман, ҳеч ким охиригача учиб етолмайдиган. Мен сендан жуда узоқдаман ва сенинг ўзингдаман. Мен бахтиёр ва тантанали кунларингда ҳам, қайғули дамларингда ҳам ёнингдаман. Мендан осон нарса ҳам, мендан мушкул нарса ҳам бу оламда йўқ.

Агар мен бўлсам, скрипка торининг тит­рашидан улкан қояларга дарз кетади. Агар мен бўлсам, сурнай ноласини эшитганда тоғ такалари ҳам водийда рақсга тушади. Агар мен бўлсам, қотил қўлидаги қиличини ташлайди, севишганлар бир-биридан қайноқ бўса олишади.

Ёвқур ёри Марямни отда олиб қочганда, мен бор эдим. Жанна д’Арк ўзига эргашган лашкар олдида қилич яланғочлаганда, мен бор эдим. Колумб ёки Магеллан олис сафарга чиқиш учун кемаларининг елканларини кўтарганда, мен бор эдим. “Мона Лиза” асари чизилаётган вақтда ҳам мен бор эдим.

Менинг фалсафам майдони – барча давр­лар ва бутун коинот. Менинг қаҳрамонларим – одамлар. Одамларда ақл ва қалб бор. Материядаги барча одамларга муҳаббат ва нафрат, мардлик ва қўрқув, олижаноблик ва айёрлик, фидокорлик ва ёлғончилик, самимийлик ва ғийбатчилик хос хусусиятдир. Одамлар ақли ва қалби – менинг жанг майдоним. Шу майдонда мағлубиятга учрайман, ғалаба қозонаман ва яратувчанликка замин қўяман.

– Унда ҳақиқатни очиқ айт: мен нимага ярайман? Эрта-индин эриб кетадиган қорга ўхшашга ҳаракат қилмаяпманми? Менинг қалбимга сенинг сўнмас гулханингдан учқун тушганми ёки сенинг ширин бўсаларинг тотини лабларим ҳис этганми?

Менинг кўзларимдан қувонч ва қайғу ёшлари оқади. Лекин яна шундай кўз ёшларим ҳам борки, улар овчининг келаётганини сезиб пусиб олган қушлардай қўзимнинг тубига бекинган. Бу бекиниб олган кўзёшлар бири севгидан, бошқаси аламдан, бири бахт­дан, бошқаси кулфатдан. Бошимдаги сочим ҳам икки рангда: қора ва оқ. Иқрорман, бир оёғим ёшликда, бир оёғим кексаликда. Кексалик ва ёшлик, улар ўзаро доимо курашадилар, кураш майдони – менинг қалбим!

Менинг севгим – чинор, унда қўш шох бор,

Бири қуриб борар, бири гуллайди.

Менинг севгим – бургут, гўё икки сор,

Бири парвоз этар, бири қулайди.

Менинг қалбим қийнар икки жароҳат,

Биридан қон оқар, бири битади.

Умрим бўйи шундай: навбатма-навбат,

Гоҳ қувонч, гоҳ қайғу қўлим тутади.

Одамзотнинг умри чегараланган. У жуда қисқа, лекин орзулари чегара билмайди. Мен йўлдаман, орзуларим эса уйда. Мен севгилим билан сайр қилаяпман, орзуларим эса ёрим билан тотли висол қучоғида. Мен шу кунда яшаяпман, орзуларим эса бир неча йиллар илгари кетган. Орзулар одамзот умр риштаси узиладиган чегарадан ҳам ўтиб кетади ва асрлар оша учаверади.

Рус тилидан Асрор МЎМИН таржимаси.