“МАРДОНАЛИҒИНГИЗНИ БОРИ ЭЛ БИЛДИ”
Куни кеча пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги академик катта театрда ҳазрат Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган адабий-маърифий анжуман бўлиб ўтди. Соҳибқирон Амир Темурнинг буюк авлоди Бобур Мирзо ҳар кун ўқишга, ҳар кун ёд этишга муносиб сиймодир.
Жорий йил 25 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қабул қилинган қарорига асосан ташкил этилган тантанали анжуманда таниқли давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, профессор-ўқитувчилар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Президентимизнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги: “Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда маълум ва машҳурдир. Унинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга”,деб айтган сўзлари оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали бутун дунёга тарқалди.
Анжуман Кинематография агентлиги томонидан суратга олинган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” ҳужжатли фильми намойиши билан бошланди.
Ҳижрон аро ёд этиб, мени шод айла,
Маҳжур кўнгулни ғамдин озод айла.
Бу хатни анинг учун битдим мунда,
Кўрган сойи хаттимни, мени ёд айла –
дея бугунги авлодларга васият қилганларидек, анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шуҳрат Ризаев, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой Каримов Бобур Мирзо қолдирган бой адабий мерос ва унинг бугунги кун учун аҳамияти ҳақида сўзлаб, улуғ шоир номини ёд, руҳини шод айладилар.
Атоқли санъаткорлар, саҳна усталари ва ёш ижрочилар томонидан Бобур Мирзо ғазаллари асосида тайёрланган концерт дастури ҳамда жонли ижро анжуман қатнашчиларига манзур бўлди.
Хорижлик таниқли бобуршунос олимлар Билол Южел (Туркия) ва Элизабет Раганим (Италия), Рухшона Ифтихор (Покистон), “Дўстлик” ордени соҳиби Алмаз Улви Биннатова (Озарбайжон), Шафиқа Ёрқин (Швеция) видео-табриклари Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодининг бугун жаҳон миқёсида кенг ва теран ўрганилаётганининг исботи бўлди.
Саҳна тўрига ўрнатилган монитор орқали Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиб этишга улкан ҳисса қўшган Порсо Шамсиев, Ҳамид Сулаймон, Сабоҳат Азимжонова, Пиримқул Қодиров, Азиз Қаюмов каби алломалар ва адиблар, шарқшунос олимлар, Шерали Жўраев, Маъмуржон Тўхтасинов каби ҳофизлар ва санъаткорлар сиймолари намойиш этилганда театр залида ўтирганларнинг гулдурос қарсаклари янгради.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи асосида саҳналаштирилган драматик асардан лавҳа намойиш этилди. Унда Бобур образини Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов ижро этди. Саҳнада подшоҳ, саркарда ва шоир Бобур Мирзо тилидан Ватан ҳимоячиларининг ҳарбий жасоратини мадҳ этувчи рубоийлар янгради.
Шубҳасиз, Бобур Мирзо жаҳон тарихида чуқур из қолдирган буюк шахслардан бири сифатида эътироф этилади. Унинг бетакрор ижоди, ўзига хос адабий-эстетик олами, бадиий тафаккур дунёси беш асрдан зиёдроқ вақт давомида дунё халқларини ўзига ром этиб келмоқда.
Ҳаётимизда туб ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги тарихий даврда Бобур Мирзонинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳамда бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш катта аҳамиятга эга.
Шунга асосан, юртимиз бўйлаб кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Улуғ шоир таваллуд топган 14 февраль санасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Миллий гвардия ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ворислари” деб номланган байрам тадбири уюштирилди.
Андижон шаҳрида ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ташкил қилинган нуфузли халқаро илмий-назарий анжуманларда дунёда бобуршунослик соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Яқинда “Бобурнома” асарининг итальян тилига таржима қилиниб, нашр этилгани барчамизга ўзгача ғурур ва ифтихор бағишлади. Бу борада италиялик ношир Сандро Тети, туркшунос, профессор Федерико Де Ренци, таниқли адабиётшунос Шуҳрат Сирожиддинов ҳамда малакали таржимон, муҳаррир ва дизайнерларнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказилган итальян тилидаги “Бобурнома” асарининг тақдимоти чинакам маънода адабиёт ва маърифат байрамига айланиб кетди.
Шу билан бирга, Ёзувчилар уюшмаси томонидан таржимон Мирзали Акбаров билан ҳамкорликда Бобур ҳикматлари ўзбек ва немис тилларида чоп этилди.
Бу йил “Бобурнома” асари қорақалпоқ тилига ўгирилгани ҳам ижтимоий-маънавий ҳаётимизда ўзига хос янгилик бўлди.
Шу ўринда, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи инглиз тилида чоп этилгани ҳақидаги хушхабарни ҳам таъкидлаш жоиз. Романни британиялик заҳматкаш адабиётшунос Керол Ермакова инглиз тилига ўгирган, Ўзбекистон халқ рассоми Бобур Исмоилов ушбу нашр учун суратлар ишлаган.
Таниқли адиб Хайриддин Султоновнинг “Бобурийнома” маърифий романи кирилл ва лотин алифболарида қайта нашр этилиб, мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, ҳарбий қисмлар ва маҳаллаларга беғараз тарқатилди.
Айни пайтда юртимиздаги мактаб ва коллежлар, олий ўқув юртлари, ижод мактаблари ва “Темурбеклар мактаблари”да Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбирлар, назм ва наво кечалари ўтказилмоқда.
Буюк аждодимизнинг бебаҳо адабий-илмий меросини ўрганиш келгусида ҳам изчил давом эттирилади, албатта. Зеро, юртимизда Учинчи Ренессансни барпо этишимизда бизнинг ҳавас қилса арзигулик буюк адабиётимиз, бой тарихимиз, жумладан, ҳазрати Бобурнинг бебаҳо асарлари ҳам мустаҳкам маънавий пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Мақола якунида Мирзо Бобурга бағишлаган қуйидаги шеъримни ўқувчилар эътиборига ҳавола этмоқдаман.
Мовий-мовий тоғлар гўзал, кўнглим-ээй,
Алвон-алвон боғлар гўзал, кўнглим-ээй,
Оппоқ-оппоқ чоғлар гўзал, кўнглим-ээй,
Рангин-рангин сабоқ бўлар “Волидиййа”.
Йўлдан оғмас, париларнинг пири бўлса,
Юрагининг қатларида сири бўлса,
Ҳақ сорига юрганлардан бири бўлса,
Йўли узра маёқ бўлар “Волидиййа”.
Ловуллаган ишқ юракнинг тариқидан,
Нур оқади, жон томири – ариқидан,
Яшил баҳор, куз заъфарон-сариқидан,
Руҳни бошлаб бормоқ бўлар “Волидиййа”.
Саодат йўқ, аҳдда собит турмагунча,
Қул дегани, мол топмайди сўрмагунча,
От манзилга етолмайди юрмагунча,
Юрса, содиқ ўртоқ бўлар “Волидиййа”.
Қулфи дилни очгувчи бир асрор бунда,
Офтоб каби, ёруғ, иссиқ ахбор бунда,
Шоҳ ҳам бунда, қул ҳам бунда, аҳрор бунда,
Сўз бўлар, кўз-қароқ бўлар “Волидиййа”.
Иймон дилнинг бошидаги гултож асли,
Ошиқ аҳли хушхабарга муҳтож асли,
Ёр хаёли, ёр висоли – меърож асли,