ҲОКИМНАЗАР ГОЛ УРМАГУНЧА ЎЙИН ТУГАМАЙДИ...
Касалхонада даволанаётган Одил акага дўхтир бундан буён спиртли ичимликларга яқин йўламасликни тайинлабди. Одил аканинг бу гапдан капалаги учиб: “Нима-а? Умуман ичмаслигим керакми?” – дея наъра тортган экан, унинг овчиликка ҳавасмандлигини яхши билган дўхтир: “Жуда қўмсаб қолсангиз, ана борингки, овга чиққан пайтда оз-моз ичишингиз мумкин”, деб сал ён берибди.
Одил ака касалхонадан чиққач, шаробхўрликни яна кунига давом эттираверибди. Бироқ аввалгидан фарқи шуки, энди у уйда ҳам, меҳмондорчиликда ҳам елкага милтиқ тақиб ўтириб ичадиган бўлибди.
Олтиариқ бодринг ва турупдан ташқари новвоттаъм узумлари билан ҳам донг таратган.
Абдулла қизиқ енгил машинасига ўн яшик узум босиб, Марғилон бозорига олиб борибди. Кўпга таниқли бўлгани учун гоҳ униси, гоҳ буниси қучоқ очиб келиб, у билан қуюқ кўришаверибди. Бунақа харидорлардан пул олишга кимнинг ҳам бети чидарди, ўн яшиқ узумдан тўққиз яшиғи “қадрдон”ларни сийлашга кетибди. Ёнидаги олмафуруш: “Худо берган йигитсиз-да, қаерга борманг, ҳурматдасиз” деса, Абдулла қизиқ лоҳас жавоб қилибди:
– Ҳа, ҳурмат қиладиганларнинг кўплиги катта бахт… агар узум сотмаётган бўлсанг.
Хонқизлик Ҳошим танбур полосонлик Мамадали ғижжакни меҳмонга чақирибди. Ўтиришда буниси танбурни, униси ғижжакни турли ривоятлар асосида кўпиртиб мақташга тушибди. Иттифоқо, шу даврада Абдулла қассоб ҳам ўтирган экан. Унинг Аъзамбой деган ўғли армиядан гитара чалишни ўрганиб келиб, қўшниларни кўп бесаранжом қилганини қисқача айтиб ўтгач, кўз юмиб тебранганича дебди:
– Оҳ,оҳ,оҳ! Мен сизларга айтсам, азизлар, аямай деворга урилса, гитарадан ҳам ниҳоятда ширали овоз чиқаркан.
Абдубанноб Охунжоний ошнаси Одил Бобоийнинг уйига борса, қовоқ-тумшуғи осилиб ўтирганмиш. Боисини сўраган экан, Одил ака: “Уришқоқ даканг хўрозим тўсатдан ўлиб қолди”, деб мунгланибди. Ҳозир келаман, деб чиқиб кетган Абдубанноб ака бирпасдан сўнг йигирматача одамни ортидан эргаштириб қайтибди. Уй эгасининг энсаси қотиб: “Булар ким?” – деб сўраса, Абдубанноб ака шундай изоҳ берибди:
– Буниси мулла, буниси ювғичи, буниси гўрков, қолганлари жанозачилар…
Раҳмон аканинг оғзидан сигарет ариганини кўриш ҳали ҳеч кимга насиб этмаган. Исмининг ортига “сигарет” лақаби қўшиб айтиладиган зот Олтиариқ бўйича битталигидан Полосон аҳли ғурурланиб юради.
Айтишларича, у ухлаган чоғда, хуморбосдига ис олиб туриш учун, сигарети сўнган муштукни тишлаб ётаркан. Сартарош унинг ўнг юзидаги соқолни қираётганида, сигаретни оғзининг чап томонига олиб тураркан. Ҳаммомга тушса, оғзидаги сигаретни ҳўл қилмаслик учун фақат жағидан пастини ювар экан…
Бир куни Раҳмон-сигарет томорқасидаги баланд ёнғоқнинг устига чиқиб мева қоқишни бошлабди-ю, туйқус оёғи тойиб, гурсиллаганича ерга йиқилибди. Уйдагилар югуриб боришса, иланғижон аҳволда ётган одам лаб орасидаги ўчиқ сигаретни бир-икки тортиб кўриб: “Гугурт чақворингла-а-р”, дермиш.
Довруқли ишбилармон Ҳокимназарбек футболнинг ашаддий ишқибози, ўзи қойилмақом ҳужумчилардан. Полосон қишлоғига ўз маблағи ҳисобидан ҳашаматли стадион ҳам қуриб берди.
Бир куни қарасам, қишлоқ командасининг ўйновчи тренери Тилламат оқсаб юрибди. Сабабини сўраган эдим, кеча беш ярим тайм футбол ўйнаб, оёғимда оёқ қолмади, деди. Футбол дегани икки тайм ўйналарди шекилли, десам, у қовоқ уйганича жавоб қилди:
– Бошқа жойларда шунақа. Бизда то Ҳокимназар гол урмагунча ўйин тугамайди…
Бозор Эгам икки гапга уч сўкиш қўшиб ишлатадиган киши бўлгани учун “қантовуз” (қанд оғиз) деган лақаб орттирган эди. Йигитлигида ота-онаси бир қизга “оқ кийиб”, фотиҳа тўйига ҳозирлик кўришаётганида, бўлажак келиннинг қариндоши уни йўлда тўхтатиб: “Эшитишимча, оғзингиз пешароқ эмиш, укам. Энди сал эпақага келинг, тили ёмон эркакка хотин чидамайди”, деб насиҳат қилибди. Шунда Бозор-қантовуз ўзини зўр бериб оқлашга тушибди:
– Тўғри, бўш қўйилса, бу онангни эмгур тил одамни пашшанинг чотидан ўтказиб, бурганинг липпасидан чиқаради. Локин, бизда бунақа хунаса одат йўқ… Ўзи мени сизга қайси энағар ёмонлади?
Қўшнимиз Тўравой тоға ҳалол, ҳақиқатчи, айни чоғда, чўрткесар, сўзи қўпол киши эди. Ўзидан каттароқларни ҳисобга олмаганда, ҳаммани бирдек сенсирарди.
Тўравой тоға колхозда бригадирлигида унинг қўлида кўп вақт ишлаган Ҳусанбой-туядан шундай бир таърифни эшитган эдим:
– Тўравой ака тушмагур одамлар ишлаётган жойга бориб қолса, “ҳорманглар” десам ҳам сизлаганга ўтиши мумкин деб, “ҳорма ҳамманг”, дер эди.