УСТОЗЛАР МЕҲРИ
– Жаҳон халқлари бизга катта қизиқиш билан интилишди, – деди атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов қадрдон дўсти Одил Ёқубовнинг хонадонида меҳмон бўлганида. – Шарқ ва Марказий Осиё халқлари адабиёти дунёда энг гўзал ҳамда мумтоз адабиётлигини ёш авлодга тушунтириб етказишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.
– Тўғри, – бош ирғаб тасдиқлади уни Одил Ёқубов. – Биз яшаган совет тузуми орқада қолди, энди ёшларда имконият катта.
– Ҳа, кексайиб умримиз ўтмоқда, – дея Чингиз Айтматов бироз эгилиб қолган дўстига меҳрибон нигоҳ билан қараб қўйди. – Бошимиздан кўп азоб-уқубатлар ўтди, буларни ўзимиз биламиз. Ота-боболаримиз ҳам кўп кўргуликлар кўриб, ўтиб кетишди. Совет тузуми қанчалик баттол бўлмасин, ўз сўзимизни айта олдик ва ёза билдик. Энди келгуси авлод ва болаларимиз ҳур ва эркин яшашига кўмак бермоғимиз лозим.
Қароргоҳи Тошкентда жойлашган Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеясига Чингиз Айтматов раис эди. Унинг ўринбосарлари сифатида Одил Ёқубов, Абдулла Орипов фаолият юритишарди. Ассамблея ишини ривожлантириш учун Ўзбекистон ҳукумати катта эътибор қаратган эди.
Машҳур қозоқ шоирлари Ўлжас Сулаймонов, Мухтор Шохонов ҳам тез-тез Тошкентга келиб туришарди. Чингиз Айтматов асосан чет элларда юргани учун Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари вакиллари Одил Ёқубов билан учрашишар, бағрикенг адиб хонадони эшиги ҳам улар учун ҳамиша очиқ эди. Шу тариқа Марказий Осиё минтақаси манфаатларидан келиб чиқиб, кўплаб савобли ишлар амалга оширила бошланганди. Бир гал Одил Ёқубовнинг Чингиз Айтматовга ёзган шошилинч мактубини Брюссел шаҳрига жўнатишга тўғри келиб қолди. Бу мактуб халқимизнинг ардоқли шоири Абдулла Орипов таваллудининг 60 йиллигини ўтказиш муносабати билан битилган эди.
Котибаси ўшанда Ч.Айтматовни Одил Ёқубов билан боғлаб берди. Чингиз оға Одил акага раҳмат айтиб, Абдулла Ориповга табрик юборишини билдирди.
Бу табрик Абдулла Орипов таваллудининг 60 йиллик тантаналарида тақдим этилганида шоирнинг қувончи чексиз эди. Ҳа-да, дунёга танилган улуғ ёзувчи эътирофидан юксак мукофот бор эканми?!. Абдулла Орипов жуда мамнун бўлиб, икки устозига чексиз миннатдорлик билдирган эди. Чинакам устозларнинг меҳри ҳам улкан бўлар экан.