October 13, 2023

ҚЎҒИРЧОҚ ТЕАТРИДА ШЕКСПИР АСАРИ  

Жаҳон маданияти равнақига улкан ҳисса қўшган инг­лиз ёзувчиси Уильям Шекспирнинг барча замонларда долзарблигини йўқотмайдиган, ғоя ва мавзуси, равон тили, халқчиллиги билан қадрли бўлган шоҳ асарлари ўзбек театр санъати ривожида улкан аҳамият касб этиб келаётгани айни ҳақиқат.

Ўзбек миллий қўғирчоқ театрининг 84-мавсуми Шекспирнинг “Ҳамлет” асари асосида тайёрланган спектакль билан очилди. Мамлакатимизда “Ҳамлет” трагедиясининг илк қўғирчоқ намунаси, шунингдек, катталар учун қўғирчоқ спектакли сифатида тақдим этилиши, ўзбек театр санъати тарихида мисли кўрилмаган воқеалардан бирига айланди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шомурод Юсупов бу мумтоз асарнинг асл қимматини сақлаб қолган ҳолда, қўғирчоқлар орқали улкан ғояларни тараннум этишдек машаққатли ва масъулиятли вазифани муваффақият билан амалга оширди.

Мақсуд Шайхзода таржимаси, Ш.Юсуповнинг адабий таҳрири асосидаги саҳна асари трагедиянинг асосий воқеаларини қамраб олган. Саҳналаштирувчи рассом В.Апухтин, рассом М.Рўзиметова, хорео­граф О.Останина каби ижодкорларнинг муваффақиятли ижодий ҳамкорлиги спектаклнинг бадиий яхлитлик касб этишига хизмат қилган. Томоша давомида таниқли композитор Д.Шостакович мусиқаларининг янграб туриши спектаклга алоҳида руҳ бахш этди. Спектаклнинг бадиий ечимида пантомима жанри етакчилик қилади. Саҳна макони, мусиқий оҳанглар, қўғирчоқлар тимсоли, бошқариш техникаси ва ҳатто либосларда ҳам бетакрорлик, профессионал ёндашув сезилиб туради. Томошада планшет қўғирчоқлар, ниқобли ва жонли пландаги актёрлар ижросидан унумли фойдаланилган. Ҳар бир қўғирчоқ-қаҳрамон ниқобининг бадиий образи – типик, ҳаётий ва характерли, ҳаракат қилиш имконияти, имо-ишоралари ифодали. Ҳар бир қўғирчоқ уч ёки ундан ортиқ актёрлар бошқарувига мослашган бўлиб, бу ишга актёрлар ижодий жамоасининг машаққатли меҳнати сингганлиги яққол кўзга ташланади.

Маълумки, “Ҳамлет” фожиаси фалсафий ғояси, мураккаб мавзу ва серқирра характерларга эгалиги билан бошқа асарлардан ажралиб туради. Жамиятнинг энг йирик муаммолари – тарих, давлат, сиёсат, фалсафа, ахлоқ, дин масалаларининг қамраб олингани ва буларнинг баъзи персонажлар кечинмалари орқали бадиий тилда ифодалангани асарнинг таъсирчанлигини оширган. Саҳна асарида айнан мана шу қирраларга алоҳида урғу берилади. Спектакль воқеалари ноодатий топилмалар ва рамзий ифодалар намойиши билан бошланади.

Қонли йўлни акс эттирган қизил нарвонлар, уларнинг турлича ҳаракатланиши ва бирлаштирилиши гўёки издан чиққан давр, маънавий танглик, эътиқодсизлик, одоб-ахлоқ меъёрларининг бузилиши, илмсизлик каби салбий иллатларни ифодалайди. Бу тасвирнинг аниқ кўриниб турган маъноларидан бири. Чунки спектакль кўплаб белгилар ва тафсилотларга ниҳоятда бой. Бу, албатта, рамз ва метафоралардан моҳирона фойдалана биладиган режиссёрнинг томошабинни мушоҳадага ундай оладиган яна бир ўзига хос кашфиётидир.

...Саҳнада таҳликали мусиқа янграйди, зулматга ботган, мотам нафаси ҳали сўнмаган, бўғиқ муҳитда ёрқин ва нафис либослардаги қўғирчоқ-қаҳрамонлар тасвири гавдаланади. Бу тасвир мансаб, бойлик, ҳирс, ҳою ҳаваснинг адолат, вафо, меҳр-оқибат устидан ғалаба қозонаётганини кўрсатади. Гертруданинг Клавдий билан бахтдан сархуш ўтирганини кўрган Ҳамлет ўзича хитоб қилади:

Нега шундай? Бу ҳолнинг боиси нима?

Ўлганига икки ой тўлгани ҳам йўқ.

Ана подшоҳ, қуёшнинг ёрқин шуъласи.

Унга қиёс этилса – бу паст бир ҳайвон ....

Оҳ хотинлар... номингиз бевафоликдир!

Йигитнинг онаси ва амакисига нафрати тобора илдиз ота бошлайди. Марҳум қиролнинг руҳи орқали отасини амакиси ўлдирганини эшитган Ҳамлет дунё ишларидан ҳайратга тушади:

Эй замин, эй осмон! Яна ким тинглар?

Балки дўзах қучоғи! Чидаб тур юрак!

Оёқларим рост туринг, асло букилманг!

У дедики – “унутма” – сени унутмоқ?!

Модомики, каллада яшар хотира,

Модомики, эсим бор, сени унутмам.

Эй ярамас, паст хотин, эй бадзод маҳлуқ!

Ушбу спектаклда Ҳамлет ва арвоҳ ўртасидаги илоҳий саҳна ўзгача руҳ ва ноодатий ифодавий ечимга эга. Нур ва соялар, оҳанг, мусаффо осмон тасвири ва жонли пландаги марҳум тимсоли фисқу фасодлар, ҳийла-найранглардан қора либосга бурканган дунёнинг ташвишларидан озод бўлган қалб эркинлигини ифодалайди. Ҳамлет актёрлар ёрдамида томоша уюштириб, Клавдийнинг қотил эканига ишонч ҳосил қилади. Мазкур томошадан сўнг Ҳамлетнинг кўзлари очилади ва атрофга ўзгача нигоҳ билан боқади. Бўлиб ўтган даҳшатли воқеалар уни адолатсизликка, вайрон бўлган муҳитга қарши курашга чорлайди. У узоқ вақт давомида ўзининг чалкаш, мураккаб ғоялари, тушунчалари ва ўзи билан курашади. Ҳамлетнинг хатти-ҳаракати режалаштирилган қасос ҳамда сўнган истак билан боғлиқ мураккаб фалсафий-ахлоқий тушунчаларни намоён этади. Бошига тушган қайғу ўзгаларнинг ҳам бахтсизлигини англаб етишига сабаб бўлади. Унинг шахсий қайғуси инсоният фожиаси олдида ўз аҳамиятини йўқотади ва бу фожиа бегуноҳ Офелиянинг тақдирига ҳам бевосита алоқадор. Гертруданинг вафосизлиги, қасос алангасининг кучи Ҳамлетни Офелиядан узоқлаштиради. Офелия аччиқ қисматнинг қурбонига айланади. Мана шу кечинмалар қўғирчоқ-актёрлар томонидан моҳирона кўрсатиб берилган.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист М.Игамназарова Офелия образини маъсума, ҳаётга чанқоқ, содда ва таъсирчан ожиза сифатида гавдалантиради. Актриса қаҳрамонига хос мураккаб кечинмаларни ўта таъсирли ва эҳтиросли ифодалайди. Айниқса, Офелиянинг ақлдан озиш саҳнасида актриса маҳоратининг ноёб қирралари намоён бўлади.

С.Жўраев ижросидаги Ҳамлет образи спектакль воқеалари давомида ривожланиб, ўсиб боради. Қаҳрамоннинг ҳолати, овоз товланишлари, ҳис-туйғулари унинг рад этилгани ва жамиятга қарши турганидан сўзлайди. Актёр Ҳамлетни ақлли қасоскор сифатида ҳаракатлантиради. Унинг бу хислати Лаэрт билан жанг саҳнасида яққол кўзга ташланади. Ушбу жанг саҳнасининг янада жонли чиқишини таъминлаш мақсадида режиссёр қаҳрамонларни жонли планда гавдалантиради. Қизғин жанг адолатсизлик ва ғирромлик асосига қурилади. Лаэрт, Гертруда ва Клавдийнинг ҳийла-найранги оқибатида ҳалок бўлади. Жудоликдан таъсирланган Ҳамлет Клавдийнинг кўксига ханжар уриб, ўзи ҳам қасоснинг қурбонига айланади.

С.Рўзиқулов (Клавдий), Ш.Ишмуҳаммедова (Гертруда), О.Исоқов (Полоний), О.Абдубоев (Лаэрт), А.Аҳадов (Розенкранц), Ш.Жабборов (Озрик), О.Отабоев (Гўрков), Т.Турдимуродов (Волтиманд), Қ.Давлатов (Бернардо) каби актёрлар равон нутқи, гап-сўзларининг ифодавийлиги ва таъсирчанлиги, хатти-ҳаракатларини қалб кечинмаларидан ўтказиб ижро этганлари боис асар қаҳрамонлари томошабин кўз ўнгида ниҳоятда жонли гавдаланади. Улар ўз ижроларида буюк адиб асаридаги сўз қудрати ва тил бойлигини тўлалигича етказиб бера олган.

Маълумки, Шекспир қаҳрамонларини гавдалантириш, уларнинг мураккаб, дард ва ҳиссиётларга лиммо-лим қалбларини кўра олиш ва қўғирчоқлар воситасида томошабинга етказиб бериш ҳар қандай ижодкордан улкан машаққатли меҳнатни талаб этади. Шу маънода асарни саҳналаштиришда қатнашган барча ижодкорларнинг, биринчи навбатда, режиссёрнинг журъати ва меҳнатига тан бериш керак. Зеро, спектакль ҳар томонлама бадиий яхлитликка эга. Саҳна безаклари, чироқ, мусиқа, либослар ва шу каби турли ифода воситалари ўртасидаги мутаносиблик асар муҳити, воқеалар силсиласи ҳамда қаҳрамонлар характерини, ички оламини очишга хизмат қилган. Эътиборлиси шундаки, ижодкорлар тасвирий ва бадиий воситаларнинг янгича шакли орқали яна бир бор томошабинларни Шекспир қаҳрамонлари билан ошно бўлишга, унинг поэтикаси ва мушоҳадалар силсиласини англашга чорладилар. Зеро, “Саҳна санъатининг мақсади – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш, актёрлар эса замон тарихининг жарчиларидир”, деган эди буюк драматург Уильям Шекспир.

Малоҳат ТУРОБОВА,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Санъатшунослик институти таянч докторанти