December 15, 2023

ТАСОДИФ

Нур Табаров

Нур ТАБАРОВ

(ҳикоя)

Одамлар тасодифан учрашадилар, дўст­ла­ша­дилар ва тасодифан бир-бирларига бегона эканликларини тушуниб қоладилар.

Тасодифан…

Кечки пайт дарё бўйида тасодифан бир қизни учратиб қолдим, у оёқларини оқар сув ихтиёрига топшириб, китобхонликка берилган эди.

Унинг нозик жисмига, китоб устига тушиб жамолини тўсиб қўйган сунбул сочларига ва тўлқинлар бўса олишга интилаётган оёқларига зимдан қараб-қараб қўярдим.

Энди ҳар куни сайр учун шу ерга кела бош­ладим. Юрагимда бир яширин умид бор эди, қолаверса, бу – балоғатга етган йигитда рўй берадиган бир ҳодиса. Уни сувдан қутқариб ёки йўлтўсарлар қўлидан халос қилиб ўзимни кўрсатиш истаги ҳам бот-бот хаёлимни узоқларга олиб қочиб, мени ҳар оқшом соҳилга етаклаб келар, у ерда мендан бошқа китобхон талабалар ва аскиябозлик қилаётган майхўрлардан ўзга ёвуз ниятлиларга кўзим тушмасди.

Тасодиф мени бу қиз билан бугун яна юзма-юз қилди. Ногоҳ вужудимни ажиб бир ҳис қоплади. Қизни танидим. Қандай ажо­йиб тасодиф! Уни илк марта кутубхонада кўрганман, секингина бориб ёнига ўтирмоқчи бўлганимда, узр сўраб чиқиб кетганди. Катта-катта шаҳло кўзлари ёдимда қолган.

Наҳотки, бу ўша бўлса? Кошки, мен томонга бир назар ташласа эди.

Агар сезган бўлсангиз, шунақаси ҳам бўлади – кимдир сиз томон кўз ташлаганини ҳис этасиз. Ва ҳақиқатан ҳам, атрофга назар солсангиз шундай нигоҳ топилади.

Қиз ҳам хаёлида нигоҳимни ҳис қилган бўлса керак, мен томонга қараб қўйди. Мен ўғридек кўзимни олиб қочиб, қайсидир қўшиқни хиргойи қила бошладим.

Ўша, мен учратган қиз эди, лекин мени танимади. Бошқа қарамади ҳам, оёқларини бироз сувдан кўтарди-да, яна китоб ўқишга тушди.

Аммо мен ундан кўз уза олмасдим. Оёқларим у томонга тортарди.

“Майли, – дердим ўзимча, – дарёга итариб юбормас”.

У томон бир-икки қадам ташловдим ҳамки, тўсатдан қичқириқ эшитилди.

– Вой-дод, чўкяпман!

Қиздан нариёқда эркаклардан бири масхарабозлик қилиб ўзини сувга ташлаб додларди. Қарасам, қиз қирғоқ бўйлаб югурарди. У сувга тушган китобини олиш ниятида узанар, аммо қўли етмас эди, назаримда, сувдан қўрқарди.

Мен ўзимни сувга ташлаб, китобни олиб соҳилга чиқдим. “Лайли ва Мажнун”нинг ҳар бир варағидан ошиқларнинг кўз ёшлари томчи бўлиб тушарди. Китобни титраб турган қўлларим билан эгасига узатдим.

– Ахир, сиз буни ўқиб тургандингиз… Нима бўлди?

Қиз китобни олди-да:

– Раҳмат, – деди. – Шу одамнинг бақирганидан қўрқиб, сувга тушириб юборибман.

У бориб ўз ўрнига ўтирди.

– Мени деб, кийимларингизни ҳўл қилдингиз, ечинг, сиқиб бераман…

Мен уялганимдан нима дейишни билмасдим. Ёрдамига қарши ҳам эмасдим, унинг олдида ечинишни ҳам эп кўрмасдим.

– Йўқ, раҳмат, – дедим-да, харсанг орқасига ўтиб, кийимларимни сиқиб, қуритиш учун ёйиб қўйдим.

Бироздан сўнг, харсанг орқасидан қирғоққа қарадим, қиз йўқ эди. Қўрқоқлигим туфайли унинг ёрдамини рад этганим учун ўзимни қанча койимай, энди фойдаси йўқ эди.

Неча марта кутубхонага ҳам бордим, аммо натижасиз.

Энди менинг ҳар оқшомги сайрим мақсадсиз эмас, балки ўша қизнинг умидида бўлди. Мен қирғоққа яқинлашганимда, кўзларимни юмиб ўзимча тасаввур қилардим, унинг сувбалиққа ўхшаш икки оёғини осилтириб китобхонликка берилгани, ёйил­ган сочлари… аммо кўзимни очганимда кўришни хоҳлаган манзарани кўрмасдим. Аксинча, лаҳзалар олдин хаёлларим ойнасида бу манзара равшан намоён бўлса-да, энди тамомила қайтарилмас бўлди. Ҳар кунги бу машғулот оқибатида ҳаловатимни йўқотдим, уйда ҳам, ўқишда ҳам хаёлим унда эди. Қизни кўчада одамлар орасидан излардим, юрагимда эса, бир жаҳон айтолмаган гаплар ғунчадек очилиб борарди, аммо ғунчаларнинг соҳиби кўринмасди.

Тасодифан…

У сумкачасини тепадаги юкхонага жойлаб турганида, мен ғарибнинг кўзларим ўша оппоқ оёқларга тушди. Юзимни илюминатор томонга бурдим ва деразадан ташқарига қарадим, одамлар қўл силкишарди. Мен унинг ўтиришини кутардим, борди-ю менинг нигоҳимни сезган бўлса, жойини алмаштиришидан қўрқар эдим.

У ёнимга ўтирди.

Парвознинг ўн беш-йигирма дақиқасидан сўнг, қиз уйқуга кетди. Мен хато қилмаган эканман – у дунёнинг гўзали эди, аммо мен шундай ҳаяжонланардимки, гўё олов гирдобида эдим.

Қолаверса, уйқудаги қизга тикилиш одобдан эмас-да.

Балки у узоқ йўл босиб келгандир, ё парвоздан кўнгли беҳузур бўлгандир, ё боши оғригандир. Қандай ёрдам берсам экан? У кўзларини юмиб, жуда ширин ухларди. Сочлари орқага таралган. Кўкрак қафаси мунтазам ҳаракатда…

“Яхши эмас”, деб кўзимни ундан узиб, ташқарига қарадим, аммо деразада яна унинг аксини кўрдим.

“У мени танимадими? Унда нега бирор сўз айтмади?”.

Овқат олиб келишди. У бир стакан шарбат ичди, бошқа ҳеч нима емади. Мен унга бирор нарса ейишини айтдим. “Йўқ, раҳмат”, деди ва яна кўзларини юмди. Қизни самолёт қўниши пайтида уйғотдим.

– Кечирасиз, исмингиз нима?

У хумор кўзларини ярим очиб, деди:

– Рисола, сизники-чи? Кўзимга таниш кўриняпсиз.

– Собир… Бир куни сизнинг “Лайли ва Мажнун”ингизни дарёдан қутқарганман ва…

“Сизнинг муҳаббат дарёнгизга ўзим ғарқ бўлдим”, демоқчи эдим.

– Ҳа-а-а, – деди у. – Эсимга тушди… Ўшанда эркак кишининг баланд овози мени қўрқитиб юборганди.

– Ўринсиз қичқириқ эди, – дедим унга. – Лекин ўша кишидан чин дилдан миннатдорман, бизнинг танишишимизга сабабчи бўлди.

– Шунинг учун ҳам, мен ўша қирғоққа бошқа бормадим… Сал тепароқда сокин жой бор экан.

– Йўғ-э? Қаерда? Ахир, мен ҳар куни ўша ерга борардим, лекин сизни ҳечам учратмадим.

– Бироз тепароқда, ўша сиз яширинган харсанг орқасида.

– Йўқ, яширинган эмасдим… Мен тез чиққанман… Лекин сиз кетиб қолибсиз. Мен ойлар давомида ҳар куни ўша ерга борардим.

– Мен ҳам…

Тасодиф, яшасин тасодиф! Ҳамма бахтли онлар тасодифдан.

Айрилиқдан бир ҳафта ўтгач, унга мактуб ёзиб, юрагимдаги борини баён этдим. Йўқ-йўқ, ахир, бунинг ҳаммасини ёзиш мумкинми?!

Бу фақат юрак хазинамдан бир қатра эди, холос. Мен ундан малака оширишим тугаганидан сўнг, албатта, учрашиб, бирга қайтамиз, деб илтимос қилдим.

Мактубни жўнатганимдан сўнг, сабру қароримни қўлдан бериб, гўё иншо ёзиб, устозимдан баҳо олишни кутаётгандек эдим. Тўғри айтишган экан: “Очнинг тандирдан нон кутиши қийин” бўларкан. Унинг бошқа шаҳарда эканлигини билсам-да, лекин кўчаларда ўхшаш қизларни кўрганда, юрагим ўйноқлаб, ичимга сиғмай кетардим. Лекин у на кўчада бор эди, на бозорда. Мактубимга ҳам жавоб келмасди.

Ниҳоят, кунларнинг бирида почта қутисидан мактуб топдим. Нома ёзганнинг манзили йўқ эди. Очиб ўқидим.

“Меҳрибон дўстим! Ўзим ҳақимда анчадан бери хабар беролмаганим учун узр сўрайман. Бунинг аянчли сабаблари бор эди. Икки кун олдин, оғир машаққатларим туфайли, қўлим қалам ушлайдиган бўлди. Энди ёзишга имконим бор. Танангиз саломатлиги нақадар бахт эканини биласизми? Бизлар соғ-саломат юрганимизда парвойимизга келмас экан, нима иш қилсак, қилаверар эканмиз. Аммо беморлигингизда ҳар бир ҳаракатингиз гўё тоғ азобидек туюлади. Киши ҳамиша саломатлиги қадрига етиши керак, ўзини эҳтиёт қилиши зарур, азиз меҳрибоним…

Ўша куни мен таксига ўтириб манзилим томон кетаётган эдим. Йўл равон эди. Ҳайдовчи жуда хушчақчақ ва эҳтиёткор экан, бўлмасам, бу мактубни ёзишга имконим қолмасди. Чамаси ўн километрлар йўлни босиб ўтганимизда, ногаҳон, ўнг томондан, ўрмоннинг тор йўлидан лойга ботган юк машинаси катта йўлга чиқиб қолди. Таксининг тезлиги баланд эди, аммо ҳайдовчи “Уҳ, шайтон!” дея, тезда тормозни босди. Бошқа ҳеч нарса ёдимда йўқ. Бир кеча-кундуздан сўнг, ўзимни касалхона палатасида кўрдим. Қўл-оёқларим бинт билан ўралганди, ҳатто нозик ҳаракат ҳам жисмимга азоб берарди. Бошимга тушган бу тасодифий фалокатни сизга айтиш фикри тўсатдан туғилди…

Шунисини айтишим зарурки, билмадим, нима сабабдандир, ҳушимга келишим билан ойна сўрадим. Ҳамшира халатининг чўнтагидан ойначани олиб менга узатди. Ўнг қўлимни чўзмоқчи бўлдим, бўлмади, қўлим ҳаракатсиз эди, чап қўлим ҳам шу аҳволда.

Мени ваҳима босди. Ҳамшира ишидан пушаймон бўлиб, ойнани кўз олдимга яқинлаштирди, аммо ойнани хира парда тўсгандек эди, ҳеч нарсани кўрмасдим. “Ойнани артинг”, дедим. Шундай ҳам қилди. Яна рўмолча билан кўз ёшларимни ҳам артди.

Мен ўзимни зўрға танидим. Сочларим оқаргандек туюлди. Ундан гумоним тўғрими, деб сўрадим. У бош ирғаб “ҳа” жавобини берди…

Қаранг, тасодиф менинг бошимга не фалокатларни олиб келди…

Бир ярим ойдан кейин, менга жавоб беришди. Агар сиз мени кўрганингизда танимасдингиз, ҳақиқатан ҳам, сочларим оқарган, қўлимда ҳасса… Мени кўрмаганингиз яхши, кўрмайсиз ҳам. Энди сизнинг ёдингизда ўша пайтда қандай кўринган бўлсам, шундайлигимча қолай – дарё бўйи­да… самолётда…

Салом билан Рисола”.

Бу қоғоз парчасининг ҳар бир сатри ханжар каби юрагимни тилиб ўтарди, қўлларим гўё куярди. Фожиага тўла бу тасодиф, қандай даҳшат! Қани у нозанин қиз. Адолат қаерда? Нега у ўз жойини айтмаган? Уялдими? Уятнинг ўрними! Эҳ, Рисола, эҳ содда қизгина! Биласанми, дийдоринг учун жонимни беришга тайёрман! Қаердасан, дарак бер!

Лекин тасодиф ҳам сахий, ҳам бахил, сабаби: танишлигимиз, дўстлигимиз ва ниҳоят, бизнинг жудолигимиз эди, энди менинг додимга етмасди.

Ёшим бир жойга етганда ҳам, ҳамон умидворман, балки яна узоқдан бўлса ҳам, бир умр кўриш истагида бўлган инсонимни яна кўрарман.

– Токи томир сувда экан, умид самараси бор, – дея Собир амаки пиёладаги чойини ичди-да, ўрнидан туриб, уйи томон равона бўлди.

У борар экан, ўткир кўзлари халойиқ орасидан кимнидир изларди. Балки бугун Собир амаки ниятига етар. Ахир, тасодиф, нималарга қодир эмас!?.

Тожик тилидан

Абдужаббор МЎМИНОВ таржимаси.